"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АДИБГА ЭҲТИРОМ

Ўқилди: 326

  Бухоро давлат университетида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан таниқли ёзувчи ва журналист Муҳаммад Салом таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман ўтказилди.

Унда адиб билан бирга вилоятга ташриф буюрган ёзувчи ва олимлар, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари Жамол Носиров адиб Муҳаммад Саломга замондошларимиз ҳақида янгидан-янги асарлар ёзишини тилаб, вилоят ҳокимининг йўллаган табрикномасини топширди.

Анжуманни бошқариб борган Ёзувчилар уюшмаси вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, шоир Шодмон Сулаймон ҳамда адибнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида маъруза қилган филология фанлари доктори, профессор Нусратилло Жумахўжаев ёзувчининг “Юракдаги излар”, “Севги тори”, “Довул” сингари қиссалари, “Амал ҳавоси”, “Катта хонадон” романларининг бугунги ўзбек насрида тутган ўрни, бадиий жиҳатлари хусусида тўхталдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти номидан сўзга чиққан адиб ва публицист Орзиқул Эргаш, таниқли ёзувчи Нурали Қобул, бухоролик шоирлар Тошпўлат Аҳмад, Абдунаби Ҳамро ва бошқалар адибни табаррук ёши билан қутлади.

Муҳаммад Салом билан бирга Самарқанд давлат университетида ўқиган профессорлар Эргаш Қиличев ва Усмон Саноқуловларнинг талабалик йиллари, ёзувчининг илк ижодий изланишлари ҳақидаги хотиралари устозлар ўгити сифатида ёш китобхонларда илиқ таассурот уйғотди.

Анжуман доирасида Муҳаммад Саломнинг “Катта хонадон” романи тақдимоти ўтказилиб, унда БухДУ ўзбек филологияси талабалари китобдан олган таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Адиб Муҳаммад Салом таваллудининг 80 йиллигига бағишланган  ижодий мулоқотлар адиб дунёга келган Ғиждувон туманидаги Ғишти қишлоғида ҳамда адиб таҳсил олган 2-сон умумтаълим мактабида давом этди.

Абдужалил ХАЛИЛОВ,

журналист

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар