"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АДАБИЁТ – БУЮК БИР ҚУДРАТ!

Ўқилди: 257

Асрлардан асрларга, насллардан наслларга етиб келадиган, завол билмас буюк бир қудрат бор, бу — сўзсиз, адабиётдир! Шу маънода, адабиётга, унинг яратувчиларига ғамхўрлик ҳамма вақт халқ тафаккурининг юксалишига пойдевор бўлган.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш учун ўзига хос йўл ҳозирлади.

Қарорда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 80 йилдан зиёд тарихга эга нуфузли ижодий ташкилот сифатида баҳолангани давлатимизнинг адабиёт аҳлининг машаққатли фаолиятига берган юксак баҳоси ҳамдир. Қарорнинг ҳар бир банди адабиётнинг ҳар жиҳатдан юксалишига йўл оча олиши билан аҳамиятлидир. Унда ижод аҳлини суюнтирган жиҳатлар бисёр.

Жумладан, ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини дунё тилларига таржима қилиш масаласи. Бизда дунё бадиий адабиёти етарлича таржима қилиб келинмоқда. Мазкур ташаббус янада ривож топса, бундан фақат манфаат кўрамиз. Аммо бу масалада маълум тизимнинг йўқлиги ҳам бор гап.

Мутаржим ижодкор ўзига маъқул асарни таржима қилади. Ҳолбуки, дунё адабиётининг қайси намунаси таржима қилинса, халқимизга маънавий-маърифий жиҳатдан фойдали бўлиши, таржима қилиниши муҳим бўлган асарлар ҳақида маълум ишлар олиб борилса, хуллас, бу ишда ҳам тизимлилик бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қолаверса, ўзбек адабиёти намуналари дунё тилларига етарлича таржима қилинмаган. Таржима қилинганлари ҳам қай ҳолатда эканидан тўла хабардор эмасмиз. Бу – адабиётимизда улуғ асарларнинг камлигидан эмас, шеъриятимизни ғарб тилларига таржима қилиш осон эмаслигидан бўлса, ажаб эмас. Назаримизда, ўзбек шеъриятини айнан ўзбек фарзанди инглиз, немис, рус каби тилларга ўгирса, аслият кўпроқ сақланади. Бунинг учун бизга ўзбек тилини, айни дамда, ўзга тилни ўз она тилидек яхши биладиган таржимонлар керак.

Мумтоз адабиёт, аввало, Навоий асарларини халққа яқинлаштириш масаласи қарорда ўртага қўйилган жуда муҳим масалалардан биридир. Фикримизча, бу ишни боғчадан бошлаган маъқул керак. Ўтмишда муқаддас китобимиз ва ҳадиси шариф намуналари болаларга ёшлигиданоқ ёдлатилган. Чунки хотираси тозалиги, ўткирлиги, айни дамда, муқаддас китобдаги оҳангнинг бола руҳига жойлаштирилиши муҳимлиги учун шундай йўл тутилган.

Навоий асарларини ҳар кун радиодан, телевидениедан ифодали ўқиб берсак, боғча боласига ҳар кун бир бор оҳангга солиб ўқиб эшиттирсак, аруз болалар руҳига сингишади ва бошланғич синфда бу жараён ёдлатиш билан тўлдирилса, бола 5-синфда Навоийни ўқиганда идрок этиб, мутолаа қилади.

Навоий асарларининг ҳар бири асосида ўнлаб мультфильмлар яратиш мумкин. Хуллас, фарзандларимизга Навоийни маънавиятини ўргатишнинг бу каби йўллари жуда-жуда кўп.

Қарорда қалам аҳлининг катта авлодига ҳам, ёш қаламкашларига ҳам ғамхўрлик масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ғамхўрлик тизимли ва адолатли тарзда амалга ошса, адабиётимизда янги юксалиш бўлиши шубҳасиз. Аввало, ўрганишга арзийдиган ҳар бир ижодкор асари қунт билан таҳлилга тортилса, ёш қаламкашларга сабоқ ва ижодкорларга руҳий мададдир. Бунинг учун адабиётшуносликка ҳам маънавий-моддий рағбат зарур.

Қарорда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимларига, вилоятдаги ижодкорларга эътибор масаласи борлиги ўта муҳимдир. Ҳудудий бўлимлардаги штат бирликларини кўпайтириш ёш ижодкорлар билан шуғулланишдаги кемтикликни тўлдиришда қўл келади. Адабий тўгараклар фаолиятини жонлантииш, “Зулфияхоним қизлари” клубини ташкил этиш, гонорор тизимини қатъий жорий этиш, бадиий жиҳатдан етук асарлар яратишга қодир ижодкорларни маънавий ҳамда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам адабиётимизнинг кейинги равнақини кўзлайди, сўз санъати ривожига оид янги уфқлар очилишига пойдевор бўлиб хизмат қилади.

 

Лайло ШАРИПОВА,

Бухоро Давлат университети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар