"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“МИНГТЕПАНИНГ МИНГ БИРИНЧИ ТЕПАСИ”         

Ўқилди: 1 458

 Ҳар гал Андижонга бориб, гулларга бурканган йўлларидан ўтганимда,  туғилиб ўсган юртини жонидан ортиқ кўрадиган юртпарвар шоир Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида, кўрган одам яна бир кўрсам дея хавас қиладиган “Ўзбекистон” кўчаси, унда бунёд этилган қадди баланд саройдек иморатларни кўрганида, гул-райҳонлар очилган жаннатдай кўчаларда қадам босиб юрганида, элнинг яхши кунидан шодланиб бўйлари осмон бўлармиди, қувониб юз ёшга кирармиди деб хотирлайман.    

Бугун Муҳаммад Юсуф орамизда йўқ. Тўлганида тўкилди, деб қайғурдик, етганида  йиқилди, деб оҳ урдик. Тўлиб-тўлиб юрагидан тўкилгани  минглаб сатрларга жо бўлди. Етгани Ҳақ, айтгани Ватан, суянгани халқ, суйгани  дилбандлари бўлди. Кўкламойдан бир чимдим кўк тилаб ёлворган, қизғалдоқни қизчасидек суйиб эркалаган хокисор шоирнинг энди баҳорлар йўқлайверади, қабри  устини безатиб турган майсалар қушларга ундан салом йўллайверади,  бизнинг қулоқларимиз илғамас, аммо у бош қўйган тупроқдан “Ватан”,”Ватан” деган садо янграйверади… борлиқ уни тинглайверади… тинглайверади…

Марҳамат  тумани  марказига киришда  унинг суврати туширилган катта  панно ўрнатилган. Тўрт тарафидан қарасангиз ҳам сиз томонга қараб жилмайиб турганга ўхшайди. Нигоҳидан меҳр қуйилади, шеърлар тўкилади.

Муҳаммад Юсуф эл суйган шоир эди. Айниқса Марҳаматликларнинг фахрига айланганди. Юртдан сал четга чиқсак “қаердансиз?”, деб сўраган одамга, “Марҳаматдан, Муҳаммад Юсуф туғилиб ўсган жойданмиз”,– деймиз тўлқинланиб. Улуғ тоғнинг ҳавоси бошқачада, яратганни назари тушган юрт экан,  дея, кўпчилик бизга хавас қилади.

Дадам раҳматлининг такрор айтадиган гапи бор эди. “Асл инсон камтар, танти, мард бўлиши керак. Бир дона кулча нонни ўнга бўлиб ейиш мумкин, бир ҳовуч ундан  ардоб атала пиширса маҳаллага етади, бир этак буғдойни тупроққа сепиб парвариш қилсанг, хирмон тўлиб, дастурхонингга қут-барака киради. Аммо эксанг тупроқда унмайдиган, сепсанг чиримайдиган, бировга бўлиб бериб ёки бировникини омонатга олиб бўлмайдиган тўрт нарса бор. Булар виждон, ғурур, мардлик, ор-номусдир. Бешик ҳам, тобут ҳам бир хил дарахтдан, толдан  ясалади. Бирида кўз мунчоқни ўйнаб, эркалаб она  меҳри билан улғайиб, алла тинглаб ҳаётга қадам ташлайсан, бирида нолаю фарёд билан сени сўнгги йўлга солиб  элтадилар. Ортингдан бир инсон “мард одам эди, ор-номуси, ғурури, виждони бор эди” деб таъриф бергани,  икки дунё саодатини топганинг бўлади”, – дердилар.

Шоир Муҳаммад Юсуф ҳам чин маънодаги виждони уйғоқ, ғурури баланд, ор-номусли инсон эди.  Хотира сандиғимда асраганларим орасида бу танти инсон номи билан боғлиқ бўлган бисотим анчагина…

Ўша пайтларда мен Марҳамат тумани ҳокимлигида фаолият юритардим. Ҳали китобим нашр этилмаган, тумандаги “Оқ олтин” газетасида ора-сирада шеърларим чоп этиларди. Вилоят театрида ўтказиладиган таниқли санъаткор (раҳматли) Охунжон Мадалиевнинг  концертига таклиф этилганим боис шаҳарга йўл олдим. Театрга кириш йўлагида гавжум одамлар  даврасида дастхат  қўйиш билан овора бўлиб турган Муҳаммад акага кўзим тушиб қувониб кетдим. Шеърларини ёд олиб, китобини жон ичида асраб юрганим билан биринчи марта ўзини кўриб туришим эди. Дасхат қўйдириб олишга ҳеч нарса тополмай бир четга бориб ўтирдим. Концерт чиройли ўтди. Айниқса саҳнага Муҳаммад Юсуф чиққанида зал олқишлардан ларзага келди. Ўша куни “Назм ва наво” кечасига айланган дастур ҳамон кўпчиликнинг ёдидан  чиқмаса керак. Концерт тугагач, қайтмоқчи бўлиб эшик  ёнига келсам, ҳофизнинг созандаларидан бири мени тўхтатди. Охунжон Мадалиев билан Муҳаммад Юсуф мен томонга келаётган эди.

–  Шеърингиз зўр қўшиқ бўлибди, – деди устоз  самиймилик билан саломлашиб.

–  Ҳа энди, хом-хаталагина шеър эди, яхши мусиқа, чиройли овоз билан сайқал топгани учун  яхши чиққан, дедим ийманиб.

–  Кўрдизми, ҳофиз, қишлоқнинг шоиралари шундай бўлади. Опага олди қатордан жой бергандик, келмабди деб хавотир олдингиз. Келиб ўтирганини сездирмабди ҳам. Сизларда қандай билмадиму, бизнинг  қишлоқларга қатнайдиган автобусларга чиқиш-тушишниям ички қонуни бор. Аёллар автобуснинг олди эшигидан, эркаклар орқа эшикдан чиқиши керак. Агар шошиб, адашиб аёллар салтанатига қадам  ранжида қилиб  қўйсангиз…  нақ балога қоласиз. Момоларимиз чолларининг яктакларини бошларига  ёпиниб олиб, бегона кўзлардан ўзини пана қилиб юради. Қаранг, исми шарифини айтсангиз ҳам шоира синглимиз сахнага чиқмади. Келмаган деб ўйладик. Яхшиям, созанда укамиз таниб қолди. Кейин менга юзланиб:

–  Синглим, нега кўзга кўринган газетларда чиқишлар қилмайсиз? Яхшигина  ижодингиз бор экану, сизни ҳеч ким танимайди. Шеърларингиз  бўлса менга беринг, Тошкентга олиб кетаман. Ватан хақида ёзганларингизни алоҳида ажратиб қўйинг.

–   Ватан ҳақида кўп ёзмаганман!

– Ватанни ёзмайдиган, ёзишни билмайдиган қаламкаш шоирликка даъво қилмаслиги  керак,– дея ташқарига  қараб йўналди. Ҳофиз  Муҳаммад Юсуфнинг кайфияти ўзгарганини сезиб ўртага тушди;

–  Ака, шошманг, энди суҳбатга шира кираётган пайтда қўл силтаб кетманг-да! Сизга ўхшаб туғилиб ўсган жойидан йироқда юрган бўлса эди…  ёзиш қочмас, оила, бола-чақа ишидан ортиб ижод қилганига раҳмат айтиш керак Ота-онаси, жигарлари бир кўча нарида яшаса, ёнида юриб нима деб ёзсин яна?

–  Эл-юрт, ватанни севиш, соғиниш учун ундан йироқ кетиш шарт эмас. Айниқса, қиз бола бошини эгиб туғилган уйидан бошқа хонадонга остона хатлаб чиқиб кетиши, ёт одамлар орасига салом бериб кириб бориши, бошқа оила қозонида қайнашининг ўзи минг сатрга арзирли образ-ку! Келинчаклар тўй куни эгнига кийган оқ кўйлакни кўз олдингизга келтиринг-да, ота-онасига, туғишган жигарларига, қалдирғочлар ин солган, болалиги  қувнаб ўтган айвонига қараб, этаклари хилпираб, титраб-қақшаб хайр дегандай кўринади. Ҳар бир қизнинг қисматида мусофирлик тўнини кийиш битилган. Мингтепа тўғрисида ёзинг синглим, ҳар бири асқартоғ, ҳар биттаси мурод тепа-ку! Қанча сир-асрорни қорнида сақлаб ётибди бу боботепалар. Мансаб, бойлик шодлигу андуҳ ҳаммаси ўткинчи. Ортингиздан из қолдирай десангиз, бисот қилиб сўз қолдирай десангиз, шеъриятингизга содиқ бўлинг. Андишали бўлганингиз яхши, бироқ ўзингизга панд бериб  қўядиган ҳолатда эмас,- деди самимийлик билан.

Ижодимга камол тилагач  менга “Эрка кийик”  китобини тақдим этди. Икки кун ичида шеърларимни албатта етказишим кераклигини тайинлаб хайрлашди.

Орадан кўп ўтмай республикада кўзга кўринган ёшлар газетасида туркум шеърларим чоп этилди. “Шарқ юлдузи” журналида  чоп этилган шеърларим хусусида  яхши фикрлар билдириб устоз адиб Ўткир Ҳошимовдан  менга мактуб борган кундаги қувончим, яқинларимни айниқса дадам раҳматли кўзига  ёш олиб севингани ҳеч қачон ёдимдан кетмайди. Ўша ширин хотираларни ёд этсам юрагимда адабиётга, шеъриятга бўлган муҳаббатим  янада аланга олади.

Андижоннинг Шаҳрихон туманида Муҳаммад Юсуф ижоди ва  фаолиятига  бағишланган катта ижодий анжуман бўлди. Вилоятдаги барча туман ҳокими ўринбосарлари, таълим муассаса раҳбарлари орасида момолар, соқоли кўксига тушган боболар, болалар ҳам бор эди. Кеча давомида бир ёши улуғ отахон  сўзга чиқиб, “Дўппи киймай қўйди одамлар” шеърини ёддан ўқиб бўлгач шундай деди: –Бизнинг маҳалла қўли гул ҳунармандлар маҳалласи, қизим, келинларим, маҳалладаги кўпчилик хотин-қизлар дўппи, сўзана, чойшаб тикиш билан шуғулланади. Сиз мана шу шеърни телевизорда ўқиб чиққанингиздан кейин бозоримиз қизиб кетди, шоир ўғлим. Шундай “заказимиз” кўпки, қозон қайнатиш мен билан кампиримнинг зиммасига тушган. Манави дўппи янги нусха, сизни исмингизга аталди, қани,  биринчи тикилган дўппини ўзингиз кийиб олинг…

Шеъриятга, шоирга бўлган эътибордан ҳаммамиз қувондик. Тадбир  якунига етиб, кетар пайтимиз бошига оқ қалпоқ, яктак кийиб олган ўрта ёшлардаги бир одам шоирнинг йўлига чиқди:– Келган азиз меҳмонларга таом тайёрлаймиз деб шеърларингизни эшитмай қолдик-да. Асабийлашганимдан бармоғимни кесиб олганимни ҳам сезмабман,–деди ним табассум билан.

Ҳалиги одам жилмайиб гапиргани билан кўзлари тўла ёш эди. Қўлига ўраб олган  рўмолчаси қон…

–  Эй, акажон, шуям гап бўптими, шуям ишми? Мен ёнингизда турибман-ку! “Вой-дод, тўйдим”, дегунизча шеър ўқийман, чарчаб қолсам ана Марҳаматдан шоиралар ҳам келган, – деди мен томонга ишора қилиб. Ўша паллада – ўндан ортиқ шеърини ёддан ўқиди. Шинаванда ошпазлар ёнига яна тумонат одамлар келиб қўшилди. Кекса толнинг соясидаги суҳбат анчагача давом этди. Охирида ошпаз амаки шоирнинг бағрига босиб: “Раҳмат, укажоним, сизга жоним садқа бўлсин, сиздай шоирнинг туққан онангизга раҳмат, минг қуллуқ”, — деди вужуди титраб.

Умр йўлдошимнинг ишлари боис Тошкентга келиб яшай бошлаганимизда, дадам раҳматли “Катта шоирлар яшайдиган манзилга боришлик  пешонангизда бор экан, қизим. Қисматни қилмишига шукрона айтиб, қадам ва қаламингизга, нон ва номингизга доғ туширмай, дадиллик билан ижод қилинг, аввали яратганим қўлласин, Андижонликларнинг  байроғига айланиб бораётган шоир Муҳаммад Юсуфдек ватанпарвар, элпарвар бўлинг”, – дея дуо қилдилар.

Муҳаммад Юсуф оламдан ўтди деган сўзни эшитган лаҳзада олам қорайиб кетгандек, кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритган пайтларида Муҳаммад Юсуфнинг ҳузурига киришни орзулаган кунларимиз қанча бўлган. Умр йўлдошим билан бир неча марта келиб учрашолмай қайтганмиз. Қанча-қанча устоз адиблардан мерос бу маконда хизмат қилиш тақдиримда борлигига мамнунман.  Фаолиятимни бошлаган хона бурчагида униқиб кетган ёзув  столини ташқарига чиқармоқчи бўлдим. Кўзи тушиб қолган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Мунаввара, бу  “журналний” Муҳаммад аканинг хонасида турарди, шуни устида ёзиб ўтиришни яхши кўрарди. Уюшманинг барча жиҳозлари янгиланган пайтда биттагина мана шу сақланиб қолган эканда, асранг!”– деди. Қайтариб хонага олиб кирдим.

Минг уринсам ҳам устоз айтганидек, Мингтепа тўғрисида шеър ёзолмадим. Мингтепанинг минг биринчи тепаси ҳақида ёзганимни сиз азизларга илиндим.

    

                        ЮРТИМ                                  (Муҳаммад Юсуф  хотирасига)

Кун қорайди айни ёзнинг чилласи…

Чирт узилди Ватаннинг бир парчаси,

Кўзин юмди  шоирларнинг эркаси.

У бош қўйган тупроқ энди муаззам –

Мингтепанинг минг биринчи тепаси.

 

Бу макондан таралар  ялпиз иси,

Чечаклар барг тўкмай турар кузгача.

Қумри сайрар, борлиқда булбул саси,

Хазоннинг ҳам туси бунда ўзгача.

Умрин тикди сўздан битта сўзгача…

 

Булут райҳон  экиб кетар сўқмоққа,

Буғдой сепар Улуғ тоғнинг лоласи.

Билмам не деб таъриф айтай тупроққа,

Жони қақшаб, тинмас кўзда жоласи,

Қучоғига келиб ётди боласи…

 

Мингтепанинг минг биринчи тепаси,

Тегиб кетманг, тўкилмасин нолалар.

Тупроқ она,  Ватан эди отаси,

Шоир бунда янги шеърин қоралар,

Бир қўшиқки, юракларни поралар…

 

Болангдирман, ташна тоғу сойингга,

Билмам қайда  қўним топар ҳалак жон.

Бир кун тиниб, бош урганда пойингга,

Қучоғинга оласанми, Андижон…

Сен мен билан қоласанми, Андижон…

           

                            Мунаввара Усмонова

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Дўстлигимиз абадий бўлсин! Дўстлигимиз абадий бўлсин!
Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси… Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси…
Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови… Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови…
Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида