"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДЎСТЛИК ДАРАХТИ

Ўқилди: 222

Дўстлик — муқаддас ва бардавом туйғу. Оға-иниликдан ўсиб чиқадиган, ишонса, суянса бўладиган, меваси тотли кўнгил дарахти у.

Биргина Самарқанд вилоятининг ўзида юздан ортиқ миллат ва элатлар ҳамда турли диний конфессиялар вакиллари азал-азалдан аҳил-иноқ истиқомат қилиб келаётгани фикримиз исботидир.

Вилоятда ушбу халқларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш ва давом эттириш мақсадида 10 та миллий-маданий марказ, 285 та исломий ҳамда 20 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритиб келмоқда. Шу ва бошқа шартлар боис 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” дея эътироф этилиб, бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатидан жой олган.

Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз даврида Самарқандни таърифлаб, қалбидаги қиблаи муборакка қиёслаган:

Самарқанд сайқали рўи заминдур,

У меҳрим қибласи – жонга яқиндур.

 

Абдураҳмон Жомий эса бу шаҳар таърифида шундай деган:

Агар бойликни кўрмоқчи бўлсанг, Ҳиндистонга бор,

Агар покизаликни кўрмоқчи бўлсанг, Маккага бор,

Агар иккаласини ҳам топмоқчи бўлсанг, Самарқадда қол.

 

Самарқанддаги Алишер Навоий номи билан аталадиган истироҳат боғи ҳудудида ўзбек ва тожик адабиётининг буюк намояндалари Навоий ва Жомийнинг ҳайкали ўрнатилиб, атрофи обод этилди ва бу маскан, аҳолининг энг севимли жойига айланди.

Самарқанд аҳолисининг 8 фоизи тожик миллатига мансуб бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда елкама-елка туриб меҳнат қилмоқдалар. 2018 йилнинг 1 мартидан Ургутнинг “Жартепа” маҳалласидаги чегара пости қайта тикланди. Маълумотларга қараганда, бугун ушбу ўтказиш пункти орқали икки томондан кунига 2 минг киши ота-онаси, қариндош-уруғи, қуда-андасиникига бориб келмоқда.

Самарқанд вилояти Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан нафақат чегарадош, қўшни балки, аҳолиси биродарлашиб кетган вилоятлар сирасига киради. Самарқандда бу икки халқнинг ўзаро дийдорлашуви вилоятлар футбол жамоалари “Динамо” ва “Хўжанд” командалари учрашувидан бошланди. Бу тарихий ўйини 12 минг нафардан зиёд киши мароқ билан томоша қилди. Шу куни кечқурун вилоят театри майдонида ўзбек ва тожик санъаткорлари, хушовоз хонандалари иштирокида ўтказилган маданий дастурлар ҳаяжонли воқеаларга ниҳоятда бой бўлди.

20-21 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон давлати ишбилармон доира вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумнинг очилишида Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев ва Тожикистоннинг Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшид Ўроқов иштирок этди.

Бизнес-форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Унда Тожикистоннинг 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда 100 га яқин маҳаллий йирик корхона ва компания вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида, шунингдек, Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилоятида ишлаб чиқарувчи корхоналар, тадбиркорлар ва ҳунармандлар маҳсулотларининг кўргазмаси ташкил этилди.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунларига бағишланган тадбирлар ҳам кўпчиликнинг ёдида қолди.  Тожикистон халқ шоири Аҳмаджони Раҳматзод бошчилигида Сўғд вилоятидан келган ижодкорлар, журналистлар Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими, вилоят “Матбуот уйи”да бўлишиб, ҳамкасблари ижоди ва иш фаолияти билан яқиндан танишишди. Мушоиралар ташкил этилди.

Тожикистон халқ шоири Фарзона ва Толиб Каримийнинг Самарқанд ҳақидаги шеър ва қасидалари олқишларга сабаб бўлди. Фотокўргазмалар ва китоблар тақдимоти ташкил қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва “Самарқанд китоб олами” томонидан ижодкорлар ўртасида янги чоп этилган китоблар алмашинуви ташкил қилинди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоятдаги аъзолари шеърларидан иборат тожик тилига таржима қилинган “Дарахти дўстй” — “Дўстлик дарахти” китоби туҳфа этилди.

Тожик муаллифлари асарларини Самарқанд ва Бухорода, ўзбекча бадиий асарларни эса Душанбеда сотуви ҳамда ўзаро адабий алоқаларни ҳам йўлга қўйиш борасида таклифлар билдирилди.

Тадбирлар давомида Самарқанд аҳли Суғд вилоятининг олими, форс шеърияти асосчиларидан бири ҳисобланган Абу Абдулло Рўдакий таваллуд топган Панжакент шаҳрига, туркий ва форсийда бирдай қалам тебратган, Камол Хўжандийнинг она тупроғига албатта, пойтахт Душанбега бориш истагини билдиришди.

Меҳмонлар вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ҳамда Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигида қадим кент оғушидаги табаррук қадамжоларда бўлишди ҳамда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий, Регистон майдонидаги биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкаллари пойига гулчамбарлар қўйишди.

 

Тошпўлат Тугалов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд

вилоят бўлими масъул котиби

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Дўстлигимиз абадий бўлсин! Дўстлигимиз абадий бўлсин!
Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси… Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси…
Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови… Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови…
Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида