"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МАТОНАТ ВА ЭЗГУЛИККА БАХШИДА УМР

Ўқилди: 226

 25 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида университет биносида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

 Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, шоир Рустам Мусурмон, адиб Шуҳратнинг фарзанди Бобур Алимов, университетнинг домла ва талабалари ва Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактаблари раҳбар ўқитувчилари иштирок этишди ҳамда серқирра ижодкор Шуҳратнинг ҳаёт ҳикматларини ёдга олишди.

“Менга узоқ умр бахш этган, бу — она ерга бўлган меҳримдир”, дея ўз қайдларида таъкидлаб ўтган Шуҳрат ижоди она юртнинг ҳар қандай фарзандига ғурур бағишласа, ажабмас.

Тадбирда сўзга чиққанлардан адабиётшунос, доцент Абдулла Улуғов “Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, носир ва драматург Шуҳрат айнан мана шу олий даргоҳда таълим олгани бугун бу даргоҳдан илм талабида бўлган ёшларга яна бир ифтихор”, дея адиб ижодига ҳурматини билдирди.

Шуҳратнинг танланган насрий асарлари тўплами, “Шуҳрат замондошлари хотирасида” китоби ҳамда шеърий асарларининг 3 томлиги жорий йил қайта нашр этилган бўлиб, адибнинг ушбу сайланма роман ва қиссалари жамланган китоблар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Бобур Алимов томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети кутубхонасига совға сифатида топширилди.

Филология фанлари доктори Баҳодир Каримов Шуҳратнинг ҳаёти нақадар оғир синовлар билан ўтган бўлса-да, уни ҳеч ким омадсиз ёки бахтсиз ижодкор, дея олмаслигига ишонч билдирди. Боиси маълум — ундан ўлмас адабий мерос қолди.

Дарҳақиқат, умр тўзонларидан қанча кечмасин, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг ҳаёти ва ижоди матонат, умид ва эзгуликка йўғрилганини мана шу тўртликлардан ҳам англаш қийин эмас:

 

Кечқурун шафақни ўғирлаб кеча,

Эрталаб уфққа қайтадан сочди.

Кечқурун ўкинчдан хўрсинган ғунча,

Эрталаб шод-хандон лабини очди.

*  *  *

Инсофдан либос кий, ҳамиятдан тож,

Эзгулик қўлингда бўлсин байроғинг.

Поклик денгизида дадил оч қулоч,

Ҳақиқат бўлғуси суянган тоғинг.

 

Матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб… Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб…
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради
Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди