"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЭЗГУЛИККА ЭЛТУВЧИ КУЧ

Ўқилди: 274

   Олий таълим муассасалари талабалари, академик лицейлар ўқувчиларининг маънавият дарслари ва маданий тадбирларини Адиблар хиёбонида ўтказиш бўйича режага мувофиқ 26 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Эзгуликка элтувчи куч” мавзусида Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ҳамда уларнинг академик лицейи ўқувчилари учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёшлар билан ишлаш бўйича раис ўринбосари Нодир Жонузоқ олиб борди. Учрашув савол-жавоб тарзида янада қизғин тус олди.

Шоир Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида таваллуд топди. У мактабда ўқиб юрган кезлариданоқ шеъриятга ихлос қўйди.

1981 йили Тошкентга келиб, ҳозирги “Янги аср авлоди”, “Чўлпон” нашриётларида, “Муштум”, “Ёш куч” журналларида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида фаолият юритди. Болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қатор қиссалар, шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар яратди.

Анвар Обиджон 1997 йилда “Шуҳрат” медали, 2011 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Ижодкор билан бўлган учрашувда шунингдек, шоир Муҳаммад Юсуф таваллуди муносабати билан унинг хотираси ёд этилди. Шу ўринда шоир Анвар Обиджон Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфга бағишлаб ёзган ижод намунасини талабаларга ўқиб эшиттирди.

            МУҲАММАД ЮСУФГА

Сендек ширин шоир яралади кам,

Чарх ноёб дурни мўл қалаштирмаган.

Қиёфамиз кимдир адаштирса ҳам,

Шеъримизни ҳеч ким адаштирмаган.

 

Сен ижод буржида ўзга бир дунё,

Дунёки, жилоси, ранги бетакрор.

Сирли ташбеҳларинг зебодан-зебо,

Шеър қаср, сен эса афсунгар меъмор.

 

Инондинг, юрт ҳам бир суюкли аёл,

Инондинг, жондан-да азиз эрк васли.

Зиндондаги ишрат беролмас иқбол,

Ҳурликдан бошланур одамлик асли.

 

Кимлардир оғизда эл дардин сўзлар,

Ичида йўқ аммо заррача йиринг,

Чин эди сендаги қайғули кўзлар,

Нолакор тилинг-ла бир эди дилинг.

 

Долғали шу ўйлар берди-ю туртки,

Топгандайин бўлдим нозик сирингни.

Энг нодир, энг кучли томонинг шу-ки,

Алдамай яшадинг шеърхонларингни.

 

Болангга изладинг ҳалол ошу нон,

Ризқинг қидирмадинг ёлғон дўстликдан,

Ва яна бир бора этдинг намоён,

Улуғлик туғилар тўғрисўзликдан.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Зулфия – мен севган шоира» «Зулфия – мен севган шоира»
“Ҳар бир инсон — бир китоб” “Ҳар бир инсон — бир китоб”
Умр асли бир кун – ўша кун бугун! Умр асли бир кун – ўша кун бугун!
Эл ардоқлаган шоира Эл ардоқлаган шоира