"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ХАЛҚ ШОИРИГА ЭҲТИРОМ

Ўқилди: 755

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд куни Андижонда кенг нишонланди. Шу муносабат билан шоир юртига қўшни Қирғизистондан, Қорақалпоғистондан ҳамда пойтахтимиздан меҳмонлар, адабиёт мухлислари ташриф буюришди.

Марҳамат туманида эрта тонгда эҳсон оши берилди. Муҳаммад Юсуфнинг қабри зиёрат қилиниб, ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Шоир ўқиган 25-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган анжуманда адабиётшунос олим Норқул Бекмирзаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова, ижодкорлар Хуршида, Дилшод Ражаб, Абдураҳим Бозорбоев журналист Назиржон Саидов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Президентимиз ташаббуси билан Андижон шаҳрида ташкил этилган Муҳаммад Юсуф хиёбонида вилоят кенг жамоатчилиги, адиблар, меҳмонлар иштирокида катта адабиёт байрами ўтказилди. Анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова очди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов ўз сўзида Президентимиз томонидан адабиётга, китобхонликка, ижод аҳлига қаратилаётган юксак эътибор ва шоир Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш борасида амалга оширилган қатор эзгу ишларга тўхталди.

Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Қирғизистон Республикаси, Ўш вилояти, Қорасув тумани ўринбосари Меҳринса Жўраева, таниқли ижодкор Умида Абдуазимова, шоирнинг рафиқаси Назира Ассалом, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Эъзоза Обиджонова, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси Хуршида Султоновалар Муҳаммад Юсуфнинг бетакрор, халқчил ижоди, юксак инсоний фазилатлари, адабиёт ва санъат ривожига қўшга ҳиссаси ҳақида сўз юритдилар.

Ушбу анжуман Муҳаммад Юсуф номидаги ўзбек тили ва адабиётига ихтисослаштирилган мактабдаги “Улуғумсан, Ватаним!” номли ёш ижодкорлар мушоирасига уланиб кетди.

Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театрида Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган “Соғинч” номли театрлаштирилган адабиёт кечаси бўлиб ўтди. Анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов очди.

Драматург Маннон Ҳамиднинг “Меҳр қолур” асари асосида саҳна кўринишлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиев, таниқли хонандалар Муродил Ҳакимов, Ғанишер Абдуллаев, Умида Абдурасулова, Баҳринисо Ҳамроқулова ва бошқа санъаткорларнинг шоир шеърлари билан куйлаган қўшиқлари барчага манзур бўлди. Анжуман сўнггида шоира Назира Ассалом сўзга чиқиб, барчага миннатдорчилик билдирди.  

Андижон давлат университетида, Андижон давлат тиббиёт институтида, Андижон машинасозлик институтида, Андижон Қишлоқ хўжалик институтида бўлиб ўтган учрашувларда ижодкорлар Маъсума Аҳмедова, Зуҳра Алиева, Жамолиддин Муслим, Дилбар Ҳайдарова, Санобар Фахриддинова, Омина Тожибоева, Баҳодир Исроилов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ўзаро “Дўстлар клуби” ташкил этган Республика Халқ банкининг вилоят филиалида ҳам шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий анжуман ўтказилди. Тадбирда таниқли адиблар, ёш ижодкорлар  иштирок этдилар. Вилоятнинг барча ўқув муассасаларида, меҳнат жамоаларига шеърият кечалари давом этмоқда.

 

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Зулфия – мен севган шоира» «Зулфия – мен севган шоира»
“Ҳар бир инсон — бир китоб” “Ҳар бир инсон — бир китоб”
Умр асли бир кун – ўша кун бугун! Умр асли бир кун – ўша кун бугун!
Эл ардоқлаган шоира Эл ардоқлаган шоира