"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

 ЭЗГУ МАҚСАД БИРЛАШТИРАДИ

Ўқилди: 328

 27 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ўртасида ҳамкорлик Ме морандуми имзоланишига бағишланган “Ўзбекистон Ватаним” номли адабий тадбир бўлиб ўтди.

Унда таниқли ёзувчи, шоирлар Анвар Обиджон, шоира Шарифа Салимова, Зулфия Мўминова ҳамда давлат ва жамоат арбоблари, пойтахтимиздаги Миллий маданий марказ фаоллари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид  сўзга чиқиб, уюшманинг муҳташам биносига ташриф буюрган Миллий маданий марказ фаоллари ҳамда иштирокчиларни қутлади.

  Ҳамкорлик Меморандумига кўра, томонлар қонун ҳужжатлари ва ушбу Меморандум қоидаларига амал қилиб, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат рўҳида тарбиялаш йўлида самарали дастурлар ишлаб чиқади.

Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириб, халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, юртимиздаги туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган бадиий асарларни ўрганиш йўлида ҳамкор бўлади.

Шунингдек, мумтоз адабиётимиз намуналарини, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириб, хорижий тилларга таржима қилиш борасида, бундан ташқари, янги китоблар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш каби масалаларда ҳамкорликни янада ривожлантиради.

Уйғур маданият маркази ходими, шоир Нажот Ниёзов: — Ушбу меморандум юртимизда яшаётган ҳар бир миллат ижодкори учун айни муддао бўлди. Хусусан, Ўзбекистонда яшаётган уйғур миллатдошларимиз орасида ҳам ижодкорлар кўп. Улар болалар адабиёти бўйича уйғур ва ўзбек болалари учун китоблар ёзишяпти. Бугунги ҳамкорлик келишуви бу каби савобли ишларни янада кенг тус олишига имконият яратади, десам адашмайман.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бир неча йиллардан бери Қозоқ адабиёти кенгаши ҳамда Русийзабон адабиёти кенгаши фаолият юритиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов сўзга чиқиб, юртимиз адабиёти келажаги ва ривожи учун энг аввало мамнуният билан Меморандумни имзолашга ошиқаётганини билдирди ва эзгу мақсадлар пойдевори бўлган ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Самимий руҳда давом этган тадбирда ташриф буюрган иштирокчиларга совға сифатида китоблар тақдим этилди ва йиғилганларнинг ушбу ҳамкорлик борасидаги фикрлари тингланди.

 

Ахборот хизмати       

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Зулфия – мен севган шоира» «Зулфия – мен севган шоира»
“Ҳар бир инсон — бир китоб” “Ҳар бир инсон — бир китоб”
Умр асли бир кун – ўша кун бугун! Умр асли бир кун – ўша кун бугун!
Эл ардоқлаган шоира Эл ардоқлаган шоира