"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

  ҚОДИРИЙДАН ЎТГАН КУНЛАР УНУТИЛМАС!

Ўқилди: 122

  30 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ХХ аср ўзбек миллий адабиётининг йирик намояндаси, буюк романнавис Абдулла Қодирий таваллудига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид очиб берди. Академик Наим Каримов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, филология фанлари доктори Баҳодир Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихон, Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодиров ва бошқалар буюк романнавис ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Маданият ва санъат институти талабалари Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида суратга олинган фильмда ижро этилган ашула билан чиқиши тадбирга янада шукуҳ бағишлади.

1894 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳрининг “Эшонгузар” маҳалласида таваллуд топган адиб Абдулла Қодирийнинг илк ижоди 1913-1914 йилларда бошланган. Унинг дастлабки “Аҳволимиз”, “Миллатимга”, “Тўй”, “Фикр айлағил” каби шеърлари “Садои Туркистон” газетасида, “Оина” журналида (1914-1915) босилган.

А.Қодирий мазкур шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиққан. Шунингдек, у ўша йилларда “Бахтсиз куёв”, “Ҳеч ким билмасин” (1915) каби саҳна асарлари, “Жувонбоз”, “Улоқда” (1916) каби ҳикоялар ҳам яратиб, саводсизлик, жоҳилликнинг аянчли оқибатларини кўрсатиб берган. Адибнинг дастлабки асарлари турли тахаллуслар остида эълон қилинган. Айниқса, Жулқунбой тахаллуси халқ ўртасида машҳур бўлиб кетган.

1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб Журналистлар институтида таҳсил олади. Москвадан қайтгач, “Муштум” журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг “Тошпўлат тажанг нима дейди?” ва “Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан” туркумларидаги ҳажвий ҳикоялари мазкур журналда сонма-сон босилиб боради..

Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб “Ўтган кунлар” романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари “Инқилоб” журналида чоп этила бошлади. 1925-1926 йилларда “Ўтган кунлар” уч қисмга ажратилиб, китоб ҳолида нашр этилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

1928 йили ёзувчининг иккинчи тарихий романи – “Меҳробдан чаён” нашрдан чиқади. Ҳар икки романда ҳам халқимизнинг мустамлака зулмидан озод бўлиш ҳақидаги орзу-умидлари ўз бадиий ифодасини топади.

1934 йилда Абдулла Қодирий қишлоқ ҳаёти мавзуига бағишланган “Обид кетмон” қиссасини эълон қилади. Шунингдек, у Гоголнинг “Уйланиш” комедиясини ҳамда бир қатор Ғарб ёзувчиларининг ҳажвий ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилади.

Абдулла Қодирий Амир Умархон даври ва Намоз ўғри ҳақида романлар яратиш орзусида бўлган. Аммо мустабид тузум мафкураси бу орзуларнинг рўёбга чиқишига имкон бермайди.

Абдулла Қодирий 1926 йилда “Муштум”да босилган “Йиғинди гаплар” мақоласи туфайли қисқа муддат қамалади. 1937 йилнинг 31 декабрида эса “халқ душмани” сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отиб ташланади.

Истиқлол даврига келиб Абдулла Қодирий номи ва ижоди чин маънода ҳурмат ва қадр кўрди. 1990 йилда Республика Президентининг Фармони билан Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йили Абдулла Қодирий Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти, 1994 йили эса “Мустақиллик” ордени билан тақдирланди.

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ! САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ!
ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН