"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ ЗАБАРДАСТ ВАКИЛИ

Ўқилди: 111

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо 1967 йил 1 майда Фарғона вилояти, Бағдод туманига қарашли Қўштегирмон қишлоғида зиёли оилада туғилди.

1984 йил 19-ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди.

1980 йилдан республика матбуотида шоирнинг “Юракнинг шакли” (1993), “Кўнгил” (1994), “Сени соғинаман” (1994), “Мени эслайсанми?” (2000), “Танланган шеърлар” (2002), “Қўшиқларим” (2004), “Сени бугун кўрмасам бўлмас” (2007), “Сизни куйлайман” (2007), “Агар жаннат кўкда бўлса…” (2010), “Ватан ҳақида қўшиқ” (2013), “Айтгил, дўстим, нима қилдик ватан учун?” (2014) каби бир қатор мажмуалари нашр этилди.

Иқбол Мирзо меҳнат фаолиятини “Ўзбекистон табиати” газетаси мухбири сифатида бошлаб, кейин “Ватан” ҳафтаномасида бўлим бошлиғи, масъул котиб вазифаларида ишлади.

1996 йилдан Ўзбекистон телерадиокомпаниясида турли лавозимларда, 2004 йилдан “Ассалом, Ўзбекистон!” студиясида бош муҳаррир вазифасида фаолият юритди.

2006 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келди.

2010-2014-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси. 2008 йилдан Миллий эстрадани ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Жамоатчилик Кенгаши раиси, 2012 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши раиси ҳамда Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти Васийлик Кенгаши раиси (2014), Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий коллегия аъзоси (2014) сифатида 2018 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ёшлар масаласи бўйича масъул вазифасида самарали фаолият олиб бормоқда.

Иқбол Мирзонинг шеърлари ўзига хос нозик туйғу, миллий бўёқ, ўзбекона оҳанглар ва фалсафа билан йўғрилган. Ёшлар тарбиясида, уларнинг қалбида Ватанга, миллатга садоқат туйғуларини қарор топтиришда бундай шеъриятнинг алоҳида ўрни бор.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг меҳнатлари юқори баҳоланиб, 1999 йили “Шуҳрат” медали, 2014 йили “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

 

Иқбол Мирзо

ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ

Фузулий лутф этиб кетган бир замон,

Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.

Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,

Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.

 

Негадир истардим қийналишингни,

Юрагингга каманд солмоқчи эдим.

Онангга айтолмай қолсанг тушингни…

Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.

 

Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,

Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.

Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,

Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.

 

Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,

Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.

Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,

Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.

 

Кўзингни кўзимга бермадинг сира,

Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.

Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,

Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.

 

МЕНИ ДЕСА…

Осмонимни обод қилган қамар эдинг,

Балолардан сақлагучи тумор эдинг.

Кўзларимга мудом кўзи хумор эдинг,

Йўлларимни ёшинг билан ювар эдинг,

Мени деса жонингни ҳам берар эдинг.

 

Жон чекардинг озор етса гар жонимга,

Минг алдасам, ишонардинг ёлғонимга.

Ногоҳ тикан ботар бўлса товонимга

Тиканларни кипригингда терар эдинг,

Мени деса жонингни ҳам берар эдинг.

 

Гулми эдинг, боғдан ўзим юлганмидим,

Қулми эдинг, сени сотиб олганмидим.

Бир кун ёлғиз қолишимни билганмидим…

Нечун менга ҳайрат ила қарар эдинг,

Мени деса жонингни ҳам берар эдинг.

 

Япроқларга шодон-шодон сўйлардим мен,

Гулбоғларга пинҳон-пинҳон бўйлардим мен,

Сени ўпиб, бегонани ўйлардим мен,

Асли менга сен ҳаммадан керак эдинг,

Мени деса жонингни ҳам берар эдинг.

 

Йўқсан, сени йўқлаб йўллар қарагим йўқ,

Юрак ютиб борай десам, юрагим йўқ.

Ўзимга ҳам энди мени керагим йўқ,

Мени ҳатто мендан зиёд севар эдинг,

Мени деса жонингни ҳам берар эдинг.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ! САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ!
ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН