"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АЖДОДЛАР ЁДИ МУҚАДДАС

Ўқилди: 311

3 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан “Инсон қадри улуғ, ўтганлар хотираси муқаддас” шиори остида Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти иштирокчилари бўлган ёзувчилар билан учрашув ва ўша даврда ўзбек адиблари яратган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Анжуманни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очди. Тадбирда филология фанлари номзоди Абдулла Улуғов, филология фанлари номзоди Ислом Ёқубов “Иккинчи жаҳон уруши даври, урушнинг оғир оқибатлари ва тинчлик мавзусидаги насрий ва шеърий асарлар” мавзусида маъруза қилди. Фахрий ҳарбий, ижодкор Искандар Раҳмон ҳам сўзга чиқиб, “Оловли йиллар ёди” номли китобида айнан уруш азобларини ҳис этган инсонлар ҳаётидан мисоллар келтирди.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари сафида қанча-қанча ёзувчилар, шоирлар, журналистлар фашизмга қарши курашди. Ижодкор зиёлилар ўз асарларида қиличдан ҳам ўткир, ўқдан ҳам кучли қалами билан дунё аҳлининг тинчини бузганларни маҳв этишга қаратди.

Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шуҳрат, Султон Жўра, Назармат, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов… Урушдан кейин ҳам тинчликни асраш ва қадрига етиш, инсониятга талафот келтирган машъум уришни лаънатлаш мавзусида юксак бадиий асарлар яратишди.

Шунингдек, ёш ижодкорлар томонидан Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф каби адабиётимизга катта ҳисса қўшган марҳум устозлар шеърлари ўқилди.

Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг “Она шаҳрим — Тошкентим” насрий асарида уруш даврида Тошкент шаҳридаги воқеалар ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Уруш. Аскарларнинг учбурчак хатлари. Қорахатлар. Одамларнинг кўзига тик боқа олмайдиган почтачилар. Нон карточкалари. Буларнинг ҳаммаси менинг Тошкентимнинг ҳам – менинг Ватанимнинг ҳам бошига тушган. Маданият клублари ва мактаблар бинолари касалхоналар ва госпиталлар учун бўшатиб берилган. Уларда турли миллатга мансуб бўлган аскар йигитларнинг қанчаси ҳаёт билан видолашган. Қанчадан-қанча одамлар очлик, терлама, ўлим офатларидан қутқариб қолинган”.

        Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид уруш мавзусидаги “Салом, қурол! Алвидо, қурол!” эссесида шундай сўзларни келтиради:

         “Ҳар йили 9 май арафаси, 9 май куни Ер юзини 40 миллион лола қоплайди, 40 миллион қирмиз лола. Осмону фалаклар узра жангларда ҳалок бўлган аскарларнинг бедор-безовта руҳларию ўчмас, мунгли-маҳзун номлари янглиғ сокин-сокин, оғир-оғир қанотлар қоқиб турналар учади. 40 миллион оқ, оппоқ турна.

40 миллион турнанинг 500 мингги ўзбек боласидир, ўзбек болалари.

40 миллион турнанинг 500 минги ўзбек боласидир, ўзбекнинг болалари.

Менга туюлар гоҳ: ботир ўғлонлар  –

Жангларда жонини фидолар этган,

Асло ўлган эмас  – жанг майдонидан

Оппоқ турналарга айланиб кетган”.

 

Ғафур Ғуломнинг қуйидаги сатрлари ўша йилларда ёзилган.

Зўр карвон йўлида етим бўтадек,

Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш.

Энг кичик заррадан Юпитергача

Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш!

 

Кечқурун ош сузсак, бир насиба кам,

Қўмсайман бировни, аллакимимни,

Доимо умидим бардам бўлса ҳам,

Баъзан васвасалар босар дилимни.

 

Сизларни келди, деб эшитган куни

Ўзинг тўқиб кетган катта саватда

Тўлатиб шафтоли узиб чиқаман,

Ғалаба кунлари яқин, албатта.

      

Зулфияхонимдек шоиралар оталарнинг кўнглидаги сабр-матонатни, оналарнинг кўнглидаги урушга ғазабни, тинчликка ишончни куйлаган:

Бас, бас, эзгу оналар қалби

Яшай олсин бехавф, бахт билан.

Меҳнатимиз, ғазаб севгимиз

Тинчлик дейди бутун халқ билан.

 

Кўкрак сути ва меҳнат билан

Биз жаҳонга берганмиз турмуш,

Она қалби оёққа турса,

Ўғлим, сира бўлмайди уруш!

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Аёл” сарлавҳали шеърини ўқиганингизда бугун ҳам кўзингизга ёш қуйилиб келаверади.

 Йигитлар мактубин битганда қондан,

Келинлар фироқдан чекканда ёҳу,

Унинг ҳам паноҳи қайтмади жангдан,

Ўн тўққиз ёшида бева қолди у.

 

Наҳот ишқ қисмати бунча бераҳм,

Бунчалар буюксан вафо шеваси.

Сенгадир ҳурматим, сенга шарафим

Қаҳрамон жангчининг содиқ беваси.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони устоз Эркин Воҳидовнинг Хотира ва қадрлаш мавзусидаги қуйидаги шеърини доимо такрорлаймиз.

Юр, болам, Майдонга борайлик бугун,

Қўлингда дон гул яноғингдек ол.

Бу гул сенинг бахтинг, шод кулгинг учун

Фидо бўлган бобонг қалбига тимсол.

 

Йўқ, сен ўзинг гулсан, ватанинг – чаман,

Улғай, асл зотинг унутма сира.

Билки, қадр билмак аслида – ватан,

Ватаннинг маъноси боқий хотира.

Хотира нафақат ўтмишни унутмаслик, бугунги кунни тўғри тасаввур этиш демакдир. Муқаддас саналган тушунчаларнинг ҳаммаси хотира билан тирик.

 

Абдулазиз Рустам ўғли

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Зулфия – мен севган шоира» «Зулфия – мен севган шоира»
“Ҳар бир инсон — бир китоб” “Ҳар бир инсон — бир китоб”
Умр асли бир кун – ўша кун бугун! Умр асли бир кун – ўша кун бугун!
Эл ардоқлаган шоира Эл ардоқлаган шоира