"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЯХШИ СЎЗ БЕЗАШНИ ҚИЛМАЙДИ ТАЛАБ…

Ўқилди: 123

Ўзбек шеърияти ва насрининг кўзга кўринган вакилларидан бири, сермаҳсул ижодкор Мирмуҳсин (Мирсаидов) 1921 йил 3 майда Тошкентнинг қадимий “Сақичмон” маҳалласида кулол оиласида дунёга келди.

Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олиб, меҳнат фаолиятини Тошкент трамвай трестида чиқадиган кўп тиражли газета муҳаррирлигидан бошлади. Сўнг Ўзбекистон радиокомитетига ишга ўтиб, Тошкент Давлат педагогика институти аспирантурасида ҳам ўқиди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи сифатида иш бошлади, кейин масъул котиб этиб сайланди.

“Шарқ юлдузи”, “Муштум”, “Гулистон” журналларида бош муҳаррир, ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасида бўлим мудири вазифаларида ишлади.

Адибнинг ижодий фаолияти 30-йилларда бошланиб, “Испан йигитига” деган биринчи шеъри “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналида, “Шералининг мардлиги”, “Овчи болалари” номли ҳикоялари эса “Ёш куч” журналида (1936) босилиб чиқди.

Биринчи йирик асари — “Қамар” достони “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналида (1939) эълон қилинди.

Шундан сўнг “Эр юрак” номли ҳикоялар тўплами (1942), “Вафо” номли шеърий мажмуаси  (1945) чоп этилди.

Мирмуҳсин бирин-кетин “Уста Ғиёс”, “Дўнан” (1947), “Яшил қишлоқ”, “Қадрдонлар” (1954), “Абдулла Набиев”, “Широқ” ва “Невара” (1970) каби достонлар, “Зиёд ва Адиба” номли шеърий роман (1958), “Дорбозлар” (1956), “Жамила” (1957), “Оқ мармар” (1958), “Ҳикоялар” “Чўри” (1959), “Қизил дурралар”, “Тунги чақмоқлар” (1961), “Созанда” (1963) каби шеърий, насрий китобларини нашр эттирди.

Мирмуҳсин романнавис сифатида ҳам самарали ижод қилди. “Меъмор” (1974), “Темур Малик”, “Турон маликаси” (1997) каби тарихий, “Умид” (1969), “Чиниқиш” (1970), “Дегрез ўғли” (1972), “Чотқол йўлбарси”, “Илдизлар ва япроқлар”, “Илон ўчи” (1995) номли замонавий мавзудаги романлари адабий жамоатчилик ҳамда китобхонлар эътиборини қозонди.

Айниқса, “Умид” романи ўз даврида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. Адибга мазкур асари учун Республика давлат мукофоти берилди.

Ёзувчининг бир қанча асарлари рус, украин, қозоқ, инглиз, қирғиз, араб тилларига таржима қилинди.

  Мирмуҳсин ижодида фикрни, мақсадни содда ва равшан ифодалаш, жонли халқ тили бойликларидан кенг фойдаланиш тамойили асосий ўрин эгаллайди.

Жумладан у бир шеърида ўзининг эстетик мезонларини, қарашларини шундай таърифлаб берган:

Яхши сўз безашни қилмайди талаб,

Содда гап аълодир, бу сенга аён.

Қанча жимжимадор сўзларни қалаб,

Чулдираб тилимни қилмайман баён.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими Мирмуҳсин Мустақиллик йилларида “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ! САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ!
ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН