"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МЕҲР ҚОЛУР…

Ўқилди: 554

  Эзгулик ва меҳр-оқибат туйғуларини қадрлаб яшаш халқимизга хос фазилат ва анъанага айланган. 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари адабиётимизга улкан ҳисса қўшган кўплаб устоз ижодкорлар ҳамда уларнинг оилалари ҳолидан хабар олишга чоғланди.

     Атоқли адиб ва шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Шукрулло, Ҳожиакбар Шайхов, Омон Мухтор, Нажмиддин Комилов, Матёқуб Қўшжонов ва бошқа кўплаб ижодкорлар хонадонига ташриф буюрган Уюшма вакиллари уларнинг оила аъзолари ва ҳаёт бўлган адибларимиз билан бир дастурхон атрофида самимий суҳбатлар қурди.

Хусусан 8 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бошчилигида Уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ, шоир Ботир Эргашев ҳамда бошқа вакиллар атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев хонадонига ташриф буюришди.

“Меҳр — кўзда” дейишганидек, кутилмаган меҳмонлар ва уларнинг эътиборидан адибимизнинг кўзларида мамнуният ёшлари қалқиди. Ташриф буюрганлар қалбида эса ушбу мамнуният туйғулари илиқ таассуротлар билан муҳрланди.

Адиб атрофида жам бўлган шогирдлар болалар, ўсмирлар дунёсини шарҳ этиб, уларнинг маънавий оламини бойитишга хизмат қиладиган асарлар яратиб, бутун ижодий салоҳиятини бахш этган инсоннинг дуо ва ўгитларига қулоқ тутишди.

Худойберди Тўхтабоев ёшлар нашриёти, “Гулхан”, “Ёш куч” журналлари, “Истеъдод” жамғармаси бошқарувида раҳбар лавозимларида ишлаб, бола ва ўсмир руҳиятидаги гўзалликни ҳимоялашга ва бойитишга ҳамиша эътибор қаратган.

Унинг асарлари тожик, қирғиз, туркман, озарбайжон, арман, рус, украин, белорус, молдован, эстон, латиш, литва, фин, болгар, венгер, немис, чех, итальян каби жами 24 тилга таржима бўлган.

Хусусан “Сариқни девни миниб” асари жаҳон мамлакатларида энг севиб ўқиладиган асарлардан бири бўлиб қолди.

Қалби ҳамон яшариб, болаларча самимият уфуриб турган адибнинг кўзлари ижод аҳли ва шогирдларининг йўқловидан янада порлади.

Юртимизда юз бераётган эзгу ишларнинг шиддатини кузатган адибимиз “Шундай замонлар келар экан, қани эди мен ҳам ёш бўлганимда”, дея шогирдларини шукроналик ва самарали ишларга рағбатли бўлишга ундади.

Худойберди Тўхтабоевнинг сўзларига қулоқ тутар эканмиз, адабиётга, ижодга ва касбга фидойиликни ҳамон улуғлаб яшаётган инсон эканига амин бўлдик. Чунки адибимиз суҳбат давомида “Адабиётни юксалтириш йўлида толманглар ва шижоатли бўлинглар”, дея кўп бора таъкидлади.

Абдулазиз Рустам ўғли

 

  

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб
Навоий сиймосига эҳтиром Навоий сиймосига эҳтиром
Адабий дўстлик  –  абадий дўстлик Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув