"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УНИ АСРАШ ҲАР БИРИМИЗ УЧУН МУҲИМ!

Ўқилди: 252

10 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунос олим Омонулла Мадаев ва Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети талабалари ўртасида “Тилга эътибор” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.  

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ёшлар билан ишлаш бўйича адабий маслаҳатчиси, шоира Фароғат Худойқулова олиб борди.

“Тилга эътибор” — бу мавзуда сўз кетганда, барчамиз куюнчаклик билан гапиришимиз мумкиндир, аммо соҳанинг жонкуяр мутахассис олимларидек аниқ далиллар асосида она тилимизнинг бугуни ва эртасига назар ташлай олмаймиз.

Айнан мана шундай фидойиликни ўзида жам этган олим Омонулла Мадаев ўз услуби билан учрашувга йиғилган талабаларга сўз сеҳри ва унинг масъулиятини англата олди, десак муболаға бўлмайди.

Адабиётшунос олим Омонулла Мадаев 1942 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1964 йилда Тошкент Давлат университети филология факультетини тугатган.

1958 йилдан Тошкент шаҳар 1-мактаб-интернатида ўқитувчи, 1964 йилдан Тошкент шаҳар 82-ўрта мактабда ўқитувчи, 1966 йилда ТошДУ Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида катта лаборант, 1982 йилдан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент лавозимида фаолият кўрсатган.

1973 йилда Хоразм халқ достонларининг ўзига хос хусусиятлари мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кўплаб илмий ишлар, «Иншо қандай ёзилади?» (1989) қўлланмаси, 7, 9-синфлар учун «Ватан адабиёти» дарслиги, академик лицейлар учун «Халқ оғзаки поэтик ижоди” дарслиги каби ва бошқа кўплаб услубий қўлланмалар муаллифидир.

Олим 1987 йилда университет илмий кенгаши қарори билан «Моҳир педагог» унвонига сазовор бўлди. 1990 йилда халқ маорифи аълочиси, 2004 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.

Бўлиб ўтган бугунги тадбирда олим тилидан тасаввур ва тафаккур тушунчалари, унинг бир-бирига боғлиқ ва айро жиҳатларининг нақадар муҳимлигини эшитган ва англаган талабалар ўз ҳайратларини яшира олмади.

Ушбу учрашувдан икки эзгу мақсад рўёбга чиққанини йиғилганлар дилдан тасдиқлашди: аввало она тилимиз чин маънода ажиб ва уни асраш ҳар биримиз учун муҳим саналса, иккинчидан бу каби “Маънавият соатлари” доирасида ўтказиладиган учрашувлар ҳақиқий маънода маънавият булоғидир.

Абдулазиз Рустам ўғли   

 

 

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар