"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИБРОЙИМ ЮСУПОВ: “Менинг йигит вақтим…”

Ўқилди: 79

  11 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар кўргазмаси ва ижодий кеча ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбай Ҳайдаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон сўзга чиқиб, Ибройим Юсупов ҳаёти ва ижодини хотирлади.

Тадбирда Ўзбекистон санъат ва маданият институти талабаси Соҳибжон Ҳатамов, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Рудакий Алламбаев Ибройим Юсуповнинг “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” шеър ва қўшиғи билан ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ўқитувчиси Бибиайша Худойбергенова Ибройим Юсупов ижодидан жонли ижролари билан иштирок этди.

ХХ асрнинг иккинчи ярми XXI аср бошларидаги қорақалпоқ адабиёти тарихида Ибройим Юсупов ижоди ёрқин саҳифани ташкил қилади.

Шоир 1929 йили Чимбой туманидаги Озод қишлоғида таваллуд топди.

Унинг шеърлари 40-йилларда матбуотда эълон қилина бошланди.

 

МЕНИНГ ЙИГИТ ВАҚТИМ, СЕНИНГ ҚИЗ ВАҚТИНГ

ТошДУ десам, дарҳол тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.
Тўғри самолётдан тушдим-да, кечда,
Ётоқ жойингизнинг эшигин қоқдим.

Нукусда эканда сен мени кунда,
Ҳатто соат сайин соғинар эдинг.
Бу гал сен кўрдингу мени Тошкентда,
Маъюс мийиқ тортиб “сенмисан” дединг.

Гулшанда очилган бир тоза гулдай,
Чиройингга чирой қўшган экансан.
Қувончимни қай тарз айтишни билмай,
Ютиниб, термулиб боқар эдим ман.

Кетдик қўл ушлашиб кўчани бўйлаб,
Унсиз келаяпмиз. Эснаб қўясан.
“Жоним, айтгил, келаяпсан не ўйлаб?
Эрта учрашамиз қаерда, қачон?!”

“Эрта қўлим тегмас… Имтиҳоним бор…”,
Дединг ўйнаб йўғон бураминг билан.
Навоий театри халқ билан бисёр,
Сен киргач у буткул яшнаб кетди шаън.

Зар кўйлак чўғ сочиб ёнар устингда,
Сен айтдинг “Авф эт, тобим йўқ”, дединг.
Ва мармар зинадан эпчил тушдинг-да,
Кетдинг… Мен сен учун бегона эдим.

Сўнгги “Казбегим”ни тутатиб олиб,
Узоқ тентирадим анҳор бўйида.
Мажнунтол шохларин сувларга солиб,
Сенинг сочларингни солар ўйимга…

ТошДУ десам, ҳамон тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…
Сенга яна қайтиб озор бермасга,
Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.

Очиқ деразалар имларди “кел” деб,
Боғлар дерди “қайғу чекма, йигитим”.
Юракни тирнарди “Тановар” йиғлаб,
Шамоллар изғирди хазонни титиб…

(Ҳалима Худойбердиева таржимаси)

 

Шоир ўзининг илк асари “Ватаним” шеърини (1946), “Бахт лирикаси” (1955), “Кунчиқар йўловчисига” (1959), “Ўйлар” (1960), “Етти наво” (1962), “Дала орзулари” (1966), “Кўнгил кўнгилдан сув ичар” (1971), “Тўмарис” (1974), “Илҳом”, “Ташвишларга бой дунё” (1987), “Тузли шамоллар” (1988), “Кўнгилдаги кенг дунё” (1989), “Беклигингни бузма сен…” (1995), “Ҳар кимнинг ўз замони бор” (2004) каби шеърий тўпламларини нашр эттирди.

Унинг икки жилдли “Танланган асарлар” тўпламлари икки маротаба — 1978-79 ва 1992 йилларда нашр қилинган.

 

         БИР ОДАМНИ БИР ОДАМ

 

       Қандай яхши, биродар,

Одамзотнинг юраги.

Бир одамни бир одам

Жондай яхши кўради.

 

Бир одамни бир одам

Севиб қолар танишса.

Бир одамни бир одам

Соғинади олисда.

 

Биров ўтса, бир одам

Аъза тутиб, йиғлайди.

Бир одамдан бир одам

Кўнгил сўраб йўқлайди.

 

Ўқ отилса бировга,

Жонин тикиб гаровга,

Етиб борар суявга

Бир одамни бир одам.

 

Нафсин тийиб, нон берар,

Томиридан қон берар,

Керак бўлса, жон берар

Бир одамга бир одам.

 

Яхшилик ўсиб-унарма,

Милённи милён суярма,

Суймаганда агарда

Бир одамни бир одам.

 

(Рустам МУСУРМОН таржимаси)       

 

Ибройим Юсупов наср ва драматургия соҳасида ҳам қалам тебратди.

1963 йилда унинг “Қари тутнинг кузи” номли ҳикоялар, очерк ва публицистик мақолалар тўплами босмадан чиқди.

Шоир “Қирқ қиз” пьесасини, (Амет Шомуратов билан биргаликда), 1966 йилда “Ўмирбек лаққи” комедиясини, 1986 йили “Искандар подшонинг туши” драмасини, 1973 йили “Ажиниёз” операси либреттосини яратди.

Шоирнинг ўзбек тилида “Булоқлар қайнайди” (1960), “Олтин қирғоқ” (1962), “Саҳро орзулари” (1967), “Чўл тўрғайи” (1972), “Раҳмат сенга, замоним” (1979), “Қоратол” (1988), “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” (2009) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.

Ибройим Юсупов Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби”, Бердақ номидаги давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган. 2004 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” олий унвонига сазовор бўлди.

Ахборот хизмати

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ! САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ!
ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН