"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

   ҚАРДОШ ХАЛҚНИНГ ҚАДИМ КЎПРИГИ

Ўқилди: 484

12 май куни Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдаулет бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюришди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари вакиллари, шоир ва ёзувчилар, тарихчи ва педагог олимлар, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази вакиллари иштирокида дўстона ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Маълумки, жорий йил 15 мартда Остана шаҳрида Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” тантанали равишда очилди. Сўнгги бир ярим йил ичида Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги даражага кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорига кўра, юртимизда ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳридаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш, улуғ шоирнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш,  Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозицияни ташкил этиш каби самарали ишлар амалга оширилаётгани икки қардош халқ ва адабиёти учун айни муддао бўлди.

Шарқ шеъриятидан таъсирланган ҳолда шеърлар битиш фақат Абайдагина эмас, балки ХIХ асарда яшаб ижод этган Шангерей, Шуртонбой, Оқон Сери, Шаади тўра Жангиров, Базор Жиров, Қорасоқол Эримбет, Қулинчоқ, Мали хўжа, Кенже хўжа каби қозоқ шоирларида ҳам кузатилган. Бироқ Абай Қўнонбоев улардан анча илгари кетди. Низомий, Навоий, Фузулий, Бобур асарларини чуқур ўрганиб, бадиий бақувват асарлар, ажойиб достонлар яратди.

Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази вакиллари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Уюшманинг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Адҳамбек Алимбеков, таниқли шоир Азим Суюн, бошқа кўплаб адиблар сўзга чиқиб, шоир Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва бу йўлда амалга оширилаётган эзгу ишларга ўзларининг самимий муносабатларини билдиришди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг халқларимиз адабиёти бугуни ва келажаги йўлидаги амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ
Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди