"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КЎНГИЛ МАВЖЛАРИ

Ўқилди: 578

Муҳаммад Сиддиқ 1972 йили Андижон вилоятининг Бўз туманида туғилган. 2005 йили ЎзМУ ва Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Ишқ дарди”, “Юрт соғинчи”, “Ишқ бекати” китоблари нашр қилинган. “Ёшлар китоби-2008” тўпламига шеърлари киритилган.

 

КЎНГИЛ
Чил-чил синди ойнадек кўнглим,
Ер билан  бир бўлиб ётади,
Энди юрсам товонларимга,
Кўнглим синиқлари ботади.

АЖОЙИБ КУНЛАР

Энди бизга амрингиз вожиб,
Қайга чопай дўкон ё бозор.
Бир ишора ўзи кифоя,
Истагингиз лаҳзада тайёр.
Майли, саратонда қор сўранг,
Пойингизга поёндоз борим,
Фақат ёруғ бўлсин бошингиз,
Бошлари қоп-қоронғи ёрим.

ПАҲЛАВОН ОНАМ

Оловларни пуркаб комидан,
У кун бора ҳужум қиларди.
Онам уни енгарди ҳар гал,
Онам жангнинг сирин биларди.

Оҳ, онам-а, паҳлавон онам,
Аждарҳони енгган тикиб жон.
Кесовларни қиличдай тутган,
Узмоқ учун менга кулча нон.

 

БАХТИЁР ГУЛЛАР

Гулларингни бунча севмасанг,
Парвонасан, жонинг хўп халак,
Улар учун қуёшсан,ойсан,
Ўн бармоғинг ўнта капалак.
Даразангга боқаман нолон,
Дилда армон кўчкидай кўчар,
Кўксим ичра бир гул сўлмоқда,
Кафтларингдан қачон сув ичар.

 

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ

Қандай яхши одамсиз, дединг,
Яна такрор айтсанчи моҳтоб,
Ҳузурингда мумдек эридим,
Декабрда чиққандай офтоб.

Сўнг рад этдинг ишқимни аста,
Титраяпман, дилим қақшайди.
Энди қанча алқама мени,
Мартда ёққан қорга ўхшайди.

 

КЎЗЛАРИНГ ҲАҚИДА

Кўзларингга ошиқ ҳатто тун,
Даричангдан нари кетмайди,
Сен билмайсан туннинг севгисин,
Туннинг қўли сенга етмайди.

Даричангдан суқланиб боқар,
Сенсиз тун ҳам сиғмас ҳовлига,
Олганингда сочинг илгагин,
Бир боқсайдинг туннинг ҳолига.

 

ДЕНГИЗЛАР МАВЖИ

Елканг узра денгизлар мавжи,
Денгиз сенинг елкангда турар.
Денгиз ичра шўх еллар авжи,
Еллар денгиз ортидан юрар.
Олам ичра бир оламдирсан,
Борки борлиқ жамдир ўзингда,
Тун билан кун, қуёш билан ой,
Жой талашур мудом кўзингда.
Гоҳо ёмғир ёғар майдалаб,
Довул турар гоҳо қаҳрингдан.
Мен мадорсиз сузиб боряпман,
Ўтолмасдан сенинг баҳрингдан.

 * * *

Лаҳзаларга тенг  асли умри,
Чақмоқдайин ёниб ўчади,
Аммо қанча шамлар кўнглига,
Шуълалари зумда кўчади.
Йўллар узун, тутаб боряпман,
Дилларга ўт ёқмас баётим,
Оламга ўт қўйсаму кетсам,
Бир гугуртча бўлса ҳаётим.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ! САЙИЛГОҲДА КУТАМИЗ!
ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН