"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ШАРҚ АДАБИЁТИ ОШИҒИ

Ўқилди: 219

    Ойбекнинг рус тилига таржима қилиб чоп этилган “Навоий” романи титул варағида таржимон ҳақида камтаргина: “перевод с узбекского М.Салье” деган ёзув битилган. Аслида ким у – М.Салье?
Михаил Александрович Салье – шарқшунос олим, “Минг бир кеча” эртакларини бевосита араб тилидан, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини, “Бобурнома”ни аслиятдан таржима қилган заҳматкаш таржимон.
Салье 1899 йил Петербургда туғилган. Унинг бобоси профессор Владимир Штанге келиб чиқиши немислардан бўлиб, Санкт-Петербург медицина жамияти раиси, Императорлик клиник институти кафедра мудири, қатор тиббий рисолалар муаллифи, хуллас, жамиятда обрў қозонган олимлардан эди. Сальенинг болалиги бобосининг оиласида кечган. Ўша давр тиббиётида учраган кулфат таниқли профессорнинг оиласини ҳам четлаб ўтмаганди. Михаил туғилаётганда бошидан жароҳат олади-ю, оқибатда яхши юролмайдиган бўлиб қолади. Набирасининг келажаги учун қайғурган бобо уни ақлий меҳнат билан яшашга тайёрлаш керак, деган қарорга келади. Шундай қилиб, болалигидан инглиз, француз ва немис тилларини юксак даражада ўзлаштиришга киришади.

Ўсмир ёшида эса унда Шарқ тилларини ўрганиш ҳаваси туғилади. Лекин бу вақт Биринчи жаҳон уруши бутун Европанинг тинкасини қуритган, мамлакатда октябрь давлат тўнтариши рўй берган, ҳаммаёқ алғов-далғов бўлган бир давр эди. Шунинг учун унинг орзуси нисбатан кечроқ амалга ошади.

У 1926 йилда Ленинград университетининг шарқшунослик факультетини тамомлайди. Орадан уч йил ўтиб, “Минг бир кеча” эртаклари таржимасининг 1-томини нашрдан чиқаради. Бу заҳматли иш ўн йилдан кейин ниҳоясига етади: 1939 йилда “Минг бир кеча”нинг охирги томи чоп этилади. Бу “Минг бир кеча”нинг тўғридан-тўғри араб тилидан рус тилига ўгирилган биринчи таржимаси эди. Бу вақтга келиб, М.Салье СССР Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинганди.
Михаил Александрович Тошкентга 1939 йилда келган. Унинг кейинги бутун фаолияти Ўзбекистон Фанлар академияси билан боғлиқ. Салье Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг рус тилига таржима қилиниш жараёнида фаол иштирок этган (бу асарни бутун бир таржимонлар жамоаси рус тилига ўгирган).

Шунингдек, Бобурнинг “Бобурнома”сини, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарини аслиятдан рус тилига таржима қилди, номзодлик диссертациясини ёқлади, Андерсен, ака-ука Гриммларнинг қатор эртакларини, Жюль Верн, Шарль Нодье, Вильгельм Гауф асарларини аслиятдан таржима қилди.
Унинг таржималари қаторида Ойбекнинг ўлмас “Навоий” романи ҳам бор.– Шарқшунос олим, Михаил Александрович Салье 1961 йилда Тошкентда вафот этган.

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб
Навоий сиймосига эҳтиром Навоий сиймосига эҳтиром
Адабий дўстлик  –  абадий дўстлик Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув