"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҒАФУР ҒУЛОМ — ФАЙЛАСУФ ШОИР ВА МОҲИР НОСИР

Ўқилди: 283

Ўзбек адабиётининг машҳур намояндаларидан бири улуғ адиб Ғафур Ғулом таваллудининг 115 йиллиги муносабати билан адибнинг уй музейида  Ғафур Ғуломнинг қадрдонлари, шогирдлари ва адабиёт мухлислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Ҳилол Насимов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров ва бошқалар иштирок этиб, Ғафур Ғуломнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни ва самарали ижоди ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом ҳикоя, очерк, фелъетонлар қатори “Нетай”, “Ёдгор”, “Тирилган мурда” каби қиссалари билан 30-йиллардаёқ ўзбек адабиётида кўзга кўринган ижодкорга айланди.

Уруш йилларида адиб ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа бағишлади, унинг муқаррар ғалабасига ишонч руҳи билан суғорилган шеърлар яратди. “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Вақт”, “Соғиниш” каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар ёзиб, халқни жанг ва меҳнат ғалабасига отлантирди.

Адибнинг ижоди урушдан кейинги йилларда ҳам халқ ҳаётининг шу даврдаги ўзига хос йилномаси ўлароқ намоён бўлди.

 Агар Ғафур Ғулом шу даврда шеърий асарлари билан файласуф шоир даражасига кўтарилган бўлса, “Шум бола” қиссаси, “Менинг ўғригина болам” сингари ҳикоялари билан халқ турмуши ва руҳини яхши билувчи моҳир носир эканини ҳам намойиш этди.

Бўлиб ўтган тадбирда Ғафур Ғулом шеърлари ва шоир ижоди билан айтилган қўшиқлар ҳофизлар томонидан куйланганида иштирокчилар қалбан адибнинг юрагини ҳис этди, десак муболаға бўлмайди.

Йиғилиш сўнггида Ғафур Ғуломнинг фарзанди, таниқли адиба Олмос Аҳмедова сўзга чиқиб, отаси ҳақидаги хотираларини ёдга олди.

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб
Навоий сиймосига эҳтиром Навоий сиймосига эҳтиром
Адабий дўстлик  –  абадий дўстлик Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув