"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДАВРНИНГ ДАРДИНИ ҲИС ЭТГАН ЮРАК

Ўқилди: 404

16 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили адабиёти ва фольклори институти, Маданият вазирлиги, Ғафур Ғулом уй музейи ҳамкорлигида Ғафур Ғулом таваллудининг 115 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом ижодининг мустақиллик давридаги аҳамияти ва ёш авлодни тарбиялашдаги роли” мавзуида илмий-назарий конференция ва фото, китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Наим Каримов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, Ғафур Ғуломнинг фарзанди Олмос Аҳмедова ҳамда бошқа кўплаб фан арбоблари сўзга чиқди.

Йиғилганлар адибнинг ҳаёти, хусусан уруш йилларида ўзбек адабиётига қўшган мардонавор ҳиссаси ҳақида сўз юритишди.

1903 йил 10 майда Тошкент шаҳрининг “Қўрғонтеги” маҳалласида таваллуд топган Ғафур Ғулом тўққиз ёшида отасидан, ўн беш ёшида онасидан етим қолди. У аввал эски мактабда, сўнгра рус-тузем мактабида таълим олди.

1923 йилдан болалар уйида мудир ва тарбиячи, сўнг “Камбағал деҳқон”, “Қизил Ўзбекистон”, “Шарқ ҳақиқати” газеталари таҳририятларида ишлади. Унинг “Динамо”, “Тирик қўшиқлар” номли дастлабки шеърий тўпламлари 1931-1932 йилларда чоп этилди. Шоир 1930-1935 йилларда “Кўкан” достонини, “Тўй”, “Икки васиқа” балладаларини, “Нетай”, “Ёдгор”, “Тирилган мурда” каби қиссаларини яратди.

Уруш йилларида шоир ўз ижодининг бутун ҳароратини фашист босқинчиларига қарши курашаётган халққа бағишлади. “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Вақт”, “Соғиниш” каби шеърлар, публицистик очерк ва мақолалар билан халқни меҳнатга, ғалабага отлантирди.

Ғафур Ғулом урушдан кейинги йилларда ҳам самарали қалам тебратди. Агар Ғафур Ғулом шу даврда шеърий асарлари билан файласуф шоир даражасига кўтарилган бўлса, “Шум бола” қиссаси, “Менинг ўғригина болам” сингари

ҳикоялари билан халқ турмуши ва руҳини яхши билувчи моҳир носир эканини ҳам намойиш этди.

“Ҳаётим давомида иккита чинакам истеъдодли инсонни кўрдим: бири Чўлпон, иккинчиси эса Ғафур Ғулом…” деб ёзганди Абдулла Қаҳҳор.

    “ХХ асрга келиб Ватан, миллат тушунчалари ҳам ёрга муҳаббат даражасида куйланди. Чунончи, Чўлпоннинг “Гўзал” шеъридаги гўзални нафақат гўзал қизнинг, айни дамда озод Ватаннинг, ҳур миллатнинг образи сифатида ҳам талқину таҳлил қилиш мумкин.

   Шеър шунга имкон беради. Яъни Ватан, ҳур ўлка, озодлик каби ижтимоий мавзулар шоирнинг эстетик идеалига айланмоқда. Худди шундай, Ғафур Ғулом шеърияти ҳам янги давр ижтимоий шеъриятининг энг баланд намуналаридан ҳисобланади. Унинг “Турксиб йўларида” номли шеъри мавзу ва шаклига кўра, булардан ҳам аввал эса, турланиб бораётган  дунёни бадиий-эстетик қабул қилиш ва акс эттириш усулига кўра ижтимоий шеъриятнинг гўзал намунасидир”, дейди тадбирда сўзга чиққан филология фанлари доктори, ёзувчи Улуғбек Ҳамдамов. 

Ғафур Ғулом ўзбек таржима мактабининг майдонга келишига ҳам улкан ҳисса қўшди. У Шекспирнинг “Отелло”, “Қирол Лир” сингари жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилига катта маҳорат билан ўгирди.

Бўлиб ўтган тадбирда Ғафур Ғулом фаолиятига оид видео намойиш этилгани йиғилганлар қалбида ижодкор ва у яшаб ўтган давр ҳақида тасаввур уйғота олди.

Йиғилиш сўнггида Ғафур Ғуломнинг фарзанди, таниқли адиба Олмос Аҳмедова сўзга чиқиб, отаси ҳақидаги хотираларини ёдга олди.

Абдулазиз Рустам ўғли

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Мен нечун севаман Ўзбекистонни? Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Самарқанд шеър оқшомлари Самарқанд шеър оқшомлари
Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ
Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур