"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҚОРАҚАЛПОҚ ХАЛҚИНИНГ ТОНГ ЮЛДУЗИ

Ўқилди: 61

    18 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов таваллудига бағишланган фото ва китоблар кўргазмаси ҳамда ижодий кеча ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очиб, адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, ижодий кечада Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмедов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбай Абдураҳмонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Рустам Мусурмон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек, адибнинг ўғли Одил Қайипбергенов ва бошқалар Тўлепберген Қайипбергеновнинг қорақалпоқ ҳамда ўзбек адабиётида тутган ўрни хусусида сўз юритди.

Адибнинг ўчмас меъросини ёд этиб йиғилганлар тадбирда Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Рудакий Алламбаев ҳамда Қорақалпоқ халқ бахшиси Гулбаҳор Ахимбетова томонидан қорақалпоқ миллий қўшиқларини жонли ижрода тинглашди.

1929 йил 7 май куни Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида таваллуд топган адиб Тўлепберген Қайипбергенов илк фаолиятини 1955-57 йилларда «Амударё» журналидан бошлаб,  Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари (1980 йилдан) лавозимларигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов «Қорақалпоқ достони» мақоласида шундай деб ёзади: «А.Қодирий — ўзбек халқининг, М.Авезов — қозоқ халқининг, Ч.Айтматов — қирғиз халқининг манглайига Худо ёрлақаб берган ёзувчилари… Ўзининг узоқ тарихига эга бўлган қадимий қорақалпоқ халқининг кенг пешонасига бугунги кунда тонг юлдузи каби ярашиб турган ёзувчи Тўлепберген Қайипбергеновдир».

Адибнинг номи ўзбек китобхонлари орасида кенг танилишида атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг хизмати катта.

Эндигина адабиёт майдонига кириб келаётган ёш ёзувчининг «Совуқ бир томчи» қиссасини устоз Абдулла Қаҳҳор 1962 йили таржимон Ғойиб Ёқубов билан бирга ўзбек тилига ўгирган эди. Бундан руҳланган Тўлепберген Қайипбергенов Абдулла Қаҳҳор билан устоз-шогирд тутинди.

Шу тариқа адибнинг кўплаб асарлари ўзбек, қорақалпоқ ва турли хорижий тилларда нашр этилган. Адиб «Қорақалпоқ қизи» романи учун Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофотига, «Раҳмат, ўқитувчим!» қиссаси учун Ўзбекистон давлат мукофотига сазовор бўлди.

Ёзувчига 1974 йили «Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси», 1994 йили «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонларининг берилиши ҳам истеъдодининг эътироф этилишидир.

2004 йили адиб «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонига сазовор бўлди.
Ўша йили адибнинг «У дунёдаги бобомга хатлар» асари Н.Красильников таржимасида чоп этилди ва Москва шаҳрида унинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тўлепберген Қайипбергенов 2010 йили оламдан ўтди.

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!       ИЖОД АҲЛИ ВА САНЪАТ САҲНИ. БАҲРА ОЛИНГ!      
ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ ЯНГИ КИТОБ МУҲОКАМАСИ
“МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН “МЕН ЁШ ИСТЕЪМОЛЧИМАН” — БИЛИМ ВА ТАЖРИБАЛАР ҲАЁТ УЧУН
НАВБАТДАГИ НАШР НАВБАТДАГИ НАШР