"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЎЗБЕК ДРАМАТУРГИЯСИГА ПОЙДЕВОР ҚЎЙГАН ИЖОДКОР

Ўқилди: 201


Ўзбек мумтоз адабиёти билан ХХ аср янги адабиётини бир-бирига боғлаб турувчи кўприклардан бири Шамсиддин Шарафиддин ўғли Хуршиддир.

Хуршид 1892 йили 10 майда Тошкентнинг “Камолон” маҳалласида боғбон оиласида таваллуд топди. Эски мактаб ва мадрасада таҳсил олди. 1905-1906 йиллардан жадид адабиётининг навқирон намояндаларидан бири сифатида қалам тебрата бошлади.

У маърифатпарварлик руҳида “Эскилик ва янгилик” деган дастлабки пьесасини, кейинроқ “Ориф ва Маъруф”, “Қора хотун”, “Кичик аскар” каби пьесаларини, “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сиёвуш”, “Ойбону” сингари мусиқали драма ва қатор опера либреттоларини яратади.

Унинг, айниқса, Алишер Навоий достонлари асосида яратилган икки драмаси ўз даврида жуда машҳур бўлган.

Хуршид таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилди. Хусусан, Шиллернинг “Қароқчилар”, В.Шекспирнинг “Қора араб” (“Отелло”), У.Ҳожибековнинг “Аршин мол-олан” каби машҳур асарларини ўзбек тилига ўгирди.

Шунингдек, Шарқнинг буюк шоирларидан бири Ҳофиз Шерозийнинг юзга яқин ғазалини она тилимизга таржима қилди.

Бундан ташқари, у ўзбек мумтоз адабиётининг ёрқин намояндалари Мунис ва Огаҳий каби шоирлар девонларини нашрга тайёрлади.

Хуршид етук ғазалнавис шоирдир. Унинг “Чоргоҳ”, “Гиря”, “Баёт”, “Ушшоқ”, “Сегоҳ”, “Дугоҳ”, “Сувора” каби куйларга солинган оҳанграбо шеърлари машҳур ҳофизлар томонидан ҳамон ихлос билан айтиб келинади.

Хуршиднинг дастлабки шеърлари 1914 йилда «Туркистон вилоятининг газети», «Садои Туркистон» газеталари, «Таржимон», «Ойна» журналлари ва «Туҳфаи Хислат» баёзида (1914) «Хоиб» тахаллуси билан эълон қилинган. Ўз шеърларини жамлаб, «Девони Шоҳидий» номи билан девон ҳам тузган (1912).

Шоир кейинчалик «Муштум» журналида босилган ҳажвий шеърларида «Ўжар», «Тажанг», «Чаён» каби тахаллуслардан фойдаланган.

Моҳир ғазалнавис шоир, ўзбек драматургиясига пойдевор қўйган ижодкорлардан бири, таржимон Хуршиднинг ижодий мероси бой ва сермазмун бўлиб, ушбу мерос ҳозир Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейида сақланмоқда.

Кўп қиррали ва самарали ижодий фаолияти учун 1941 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” деган юксак унвон берилган.

Абдулазиз Рустам ўғли

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
Қалбларни туташтирган адабиёт Қалбларни туташтирган адабиёт
Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади
“ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига “ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига