"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

САРАТОНДА СОЯБОНИНГ БЎЛАДИ ШОИР

Ўқилди: 319

 Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Миртемир ижодига бағишланган фото ва китоблар кўргазмаси ижодий кеча ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди.

Унда Ўзбекистон фанлар Академияси академиги Наим Каримов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, шоир Барот Исроил, шоира Гулчеҳра Жўраева, таниқли шоир, драматург Муҳаммад Ҳайдар, таниқли шоир Абдулла Шер сўзга чиқиб, Миртемир ҳаёти ва ижодига оид хотираларини ёдга олди.

Фото ва китоблар кўргазмасида Миртемирнинг болалик ва ёшлик фотолавҳалари, отаси-онасининг, дўстлари ва оила даврасидаги суратлари, шунингдек, “Сурат”, “Мен сени…”, “Чағалай”, “Қирғизистон”, “Махтумқули тўйида”, “Онагинам”, “Қозоғим”, “Қайдадир булоқ”, “Тоғдай таянчим” каби китоблари намойиш этилди.

Ўзбекистон халқ шоири Миртемир 1910 йилда ҳозирда Қозоғистон Республикасига қарашли Туркистон шаҳрининг Иқон қишлоғида туғилган. 1925-1929 йиллари Ўзбек эрлар билим юртида ўқиб, шу йили Самарқанддаги Педагогика академиясига ўқишга киради.

Шоир 30-йилларнинг бошларида номаълум сабабларга кўра қатағон этилиб, Москва – Волга канали қурилишига юборилади.

Аммо кўп ўтмай, Ўзбекистонга қайтиб, турли ўқув юртларида дарс беради, таҳририятларда адабий ходим, театрларда адабий эмакдош, Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлади.

Миртемирнинг “Қорақалпоқ дафтари” шеърлар туркуми ўзбек шеъриятининг 60-йиллардаги ютуқларидандир.

Шоирнинг “Сурат” достони ўзбек достончилигининг энг нодир намуналаридан бири ҳисобланади.

« Миртемир домла… Бу номни эшитганда беихтиёр қалбимизга бир илиқлик югуради. Бу илиқлик, энг аввало камтар ва жозибали бир инсонга ҳурматимиздандир. Бу илиқлик каттакон бир шоирга муҳаббатимиздандир.

Ҳа, домла Миртемир ҳақиқатан ҳам улкан инсон ва катта санъаткор…

Миртемир домланинг биргина таржима соҳасидаги хизматларини баралла дунёга довруқ қилса бўлади.

Домла маҳорат билан 

ўзбек тилига ағдарган асарлар ҳали бир неча авлод китобхонларига завқ-шавқ бериши шубҳасиздир.

Хўш, у кишининг ўз шеърияти-чи? Ўзбек миллий адабиётида Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Шайхзода шеърияти каби Миртемир шеърияти, деб аталган ибора ҳам бор.

Маълумки, бундай ибора адабиётда ўзига хос мактаб яратган, ўз замини ва ўз осмони бўлган санъаткорларга нисбатан қўлланилади», деган эди ўз хотираларида Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов.

1979 йил Миртемирга “Тоғдай таянчим” шеърий тўплами учун Республика Давлат мукофоти берилган. Шоир Бердақ номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мукофоти соҳиби ҳамдир.

2001 йили ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Миртемир “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Миртемир ҳаёти ва ижодига бағишлаб ўтказилган ушбу кунги тадбирда шоирнинг фарзандлари Мирза Турсунов, Юлдуз ва Гулнора Турсуновалар иштирок этишди.

Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов, ҳофиз Дилмурод Отажоновлар Миртемир шеърлари билан куйланган қўшиқлари орқали кечага янада завқ бағишлади.

МИРТЕМИР ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

САРАТОНДА

Саратонда соябонинг болайин,
Тоққа ошсанг, кўк довонинг бўлайин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Ярим кеча каҳкашонинг бўлайин.

Кетар бўлсанг, хазон ёғар боғимга,
Санчиқ ботар дилимдаги доғимга,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Оғу сочма менинг хушвақт чоғимга.

Керак эмас сенсиз гул ҳам, чаман ҳам,
Керак эмас Қандаҳор ҳам, Яманҳам.
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Керак эмас бўз тарлон ҳам, саман ҳам.

Пок оламим булғанмасдан жилмайгин,
Олам ғамга чулғанмасдан жилмайгин,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,
Юрак дир-дир тўлғанмасдан жилмайгин.

То тирикман, ўша қайсар боламан,
На тиним бор, на излашдан толаман,
Кетма, жоним, айрилиқдан жон безор,

Барибир мен сени топиб оламан.

 

   *  *  *

Тупроқ остида ҳам зар – ҳамиша зардир,

Кумушни занг босса – кумушдир ҳамон.

Денгиз тубларида гавҳардир – гавҳар,

Чиқар тоғ тагидан кон ҳам бир замон…

Ойни этак билан тўсиб бўлурми?

Тутатқи бўлурми юлдуз чўғида?

Айтинг-чи, мард одам асло ўлурми?

Номи қолар юрт қўшиғида.

 

ЮРТ ҚЎШИҒИ

Қанча йироқ чопса чарчамас тулпор,

Қанча йироқ оқса қуримас булоқ.

Майса қулф урганда маст бўлади нор,

Нафси ёмон киши бўлур қурғулоқ.

Тупроқ остида ҳам зар – ҳамиша зар,

Кумушни занг босса – кумушдир ҳамон.

Денгиз тубларида гавҳардир – гавҳар,

Чиқар тоғ тагидан кон ҳам бир замон…

Ойни этак билан тўсиб бўлурми?

Тутатқи бўлурми юлдуз чўғида?

Айтинг-чи, мард одам асло ўлурми?

Номи қолар юрт қўшиғида.

 

БЕТОБЛИГИМДА

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Қоврилмай ғашлик алангасида,

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Нафасимни ростлай кўланкасида.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Қушлар овозига қулоқ солайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Хаёл оғушида ором олайин.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Шу кунгача ўзни мен чеклаб бўлдим.

Мажнунтол тагига ўтқазинг мени,

Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.

*  *  *

Қўшиқларим, сиз учун хижолатлик эмасман,

Сиз ўтган йўлларимсиз, кечган дарёларимсиз.

Сизни мен олтинга ҳам, кумушга ҳам бермасман,

Сиз менинг тансиқ ғазнам, эзгу дунёларимсиз.

 

Менинг дардим-дардошим, илинжим, кўнгил тинчим,

Сиз билан тирикман-да, менинг қалб чўғим сиз-ку!

Менинг олтмиш беш ёшим – ғуссаларим, севинчим,

Энг ёруғ хаёлларим, менинг бор-йўғим сиз-ку!

 

Сиз менинг қалқонимсиз. Таянчим, тоғ бардошим,

Сиз борсиз – чўчитолгай на дўзах ва на аёз.

Фақат, фақат халқимга эгилур мағрур бошим,

Халқимнинг ўзи бермиш соз ахир, бу жаранг соз…

 

*  *  *

Кўзингни ўйнатма, кулма, қарама,

Нозли нигоҳларинг керакмас сенинг.

Боғлаб оларман, деб энди ўйлама…

Тортган у “оҳ”ларинг чин эмас сенинг.

Кўп кунлар судрадинг тусмол йўлларда,

Мен-да тилсизларча эргашдим-кетдим.

Адашган эканман, билсам, чўлларда,

Мана эндиликда тушуниб етдим…

Тушундим: у тотли хаёллар – хаёл,

Алданмас бу юрак ширин сўзингга.

Йўқол, эй алдамчи, ёндашма, йўқол,

Термилиш йўқ энди орсиз юзингга!

Жилмайма, қарама, сўзлама менга,

Эски афсонани куйлама менга…

Абдулазиз Рустам ўғли

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
Қалбларни туташтирган адабиёт Қалбларни туташтирган адабиёт
Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади
“ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига “ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига