"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИЖОД МАКТАБЛАРИ ИСТЕЪДОДЛАРНИ ТАНЛАЙДИ

Ўқилди: 112

  Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида таниқли ижодкорларимиз Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари фаолият юритмоқда.

29 май — куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул ходимлари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, ҳудудлардаги ижод мактаблари директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ олиб борди.

Ҳозирда ижод мактаблари энг сўнгги русумдаги компьютерлар, замонавий спорт зали, кўп ўринга мўлжалланган фаоллар зали, ўқувчилар учун ётоқхона, ошхона билан таъминланган.

Ўз ихтисослигидан келиб чиққан ҳолда она тили ва адабиёт фанлари, хорижий тиллар чуқурлаштирилган тарзда ўргатилади.

Мисол учун, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабида инглиз, немис, француз, рус, араб, корейс, хитой тиллари ўқитилмоқда.

Шунингдек, бу мактабларда она тили ва адабиёт дарслари алоҳида гуруҳларга ажратилган ҳолда олиб борилади. Бунда битта синфда ўн-ўн икки ўқувчи дарс олади. Демак, ҳар бир ўқувчи билан индивидуал шуғулланиш имкони ошади.

Мазкур мактабларда шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, ўқувчилар учун “Маҳорат дарслари” белгиланган режа-жадвал асосида ташкил этилган.

Ўқувчиларнинг ҳар 10 нафари жанрлар кесимида ҳудуддаги шоир ва ёзувчи-адибларга бириктирилган. “Ифодали ўқиш”, “Нутқ маданияти”, “Нотиқлик санъати” бўйича қўшимча дарслар йўлга қўйилган.

Ижод мактаблари билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш бўйича қўшма қарор ва чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда келтирилган асосий вазифалардан яна бири ижод мактабларида ўқув дастурларини такомиллаштириш ва мазкур мактабларга бадиий-ижодий қобилиятга эга ўқувчиларни танлаб олиш тизимини шакллантиришдир.

Бўлиб ўтган йиғилишда айни масалалар юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, профессор Баҳодир Каримов, филология фанлари номзоди, доцент Каромат Муллахўжаева, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби директори Нигора Маннопова, филология фанлар номзоди  Шаҳноза Эргашева ҳамда бошқалар ўз фикр ва мулоҳазаларини ўртага ташлаб, атрофлича муҳокамага киришди.

Энг муҳими, ижод мактабларига танловни амалга оширишда  ҳаққонийлик тамойилини таъминлаш, ҳақиқий истеъдодлар асосида шакллантириш каби масалалар юзасидан қатъий талаблар қўйилди.

Абдулазиз Рустам ўғли

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди
Адабий анжуманга марҳамат! Адабий анжуманга марҳамат!
Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз! Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз!