"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҚАЛБЛАРДА МУҲРЛАНГАН ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛЬ

Ўқилди: 468

 БУХОРОДА САНЪАТ ВА МАДАНИЯТ БАЙРАМИ –  “ИПАК ВА ЗИРАВОРЛАР” ХАЛҚАРО ТУРИСТИК ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ.

Регистон майдонида фестивалнинг тантанали маросими бўлиб ўтди. Қарийб ўттиз асрлик давр гувоҳи бўлган майдон ўтмиш залворини бугунги кун нафаси билан уйғун этган муҳташам обида сифатида 10 мингдан зиёд томошабинни ўз бағрига олди.   

Тадбир давомида театрлаштирилган концерт дастурлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шодмон Сулаймон сценарийси асосида саҳналаштирувчи режиссёр Рауф Авезов, бош балетмейстер ­Саломат Раҳмонова ва бошқа ижодкорлар яратган томоша муқаддимаси “Кўҳна Бухоро” деб номланиб, унда шаҳарнинг қадимий тарихи, буюк алломаларининг хизматлари, дунё тамаддунига қўшган ҳиссалари образлар воситасида акс эттирилди.

 

Бухорои шарифнинг шуҳратини жаҳонга ёйган, тасаввуф дарғалари — Етти пир сиймолари драматик ва хореографик элементлар воситасида кўрсатилди. Бобо ва набиранинг кўҳна шаҳар бўйлаб сайр-зиёрати тимсолида она-Ватанга, туғилган заминга меҳр-муҳаббат туйғулари кекса авлодлардан навқирон қалбларга ўтиб, буюк қудрат касб этиши шоирона чизгилар орқали тараннум этилди.

Хуршид Аҳроров, Мадина Идиева, Эркин Исмоилов, Дилмурод Хўжаев, Жўрабек Қўшшаев каби бухоролик хушовоз хонандалар куйлаган қўшиқлар, “Бухоро мавжлари”, “Бухорча”, “Бухоро гўзаллари” ансамбллари раққосалари ижросидаги хореографик чиқишлар концерт дастурининг янада сермазмун ва гўзал бўлишига хизмат қилди.

Тадбир иштирокчилари фестивалга меҳмон бўлиб ­келган Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Россия Федерацияси Челябинск шаҳри маданият институти фольклор дасталарининг чиқишларидан баҳраманд бўлишди.

Республикамиз таниқли санъаткорлари Ҳосила Раҳимова, Ақилбек Пиязов, Зиёда Қобилова, Алишер Турдиев, шунингдек, тожикистонлик хонанда Нигина Амонқулова куйлаган қўшиқлар бадиий дастурнинг ўзига хос безаги бўлди.

Тантанали концерт дастури санъатимиз юлдузи ­Зулайҳо Бойхонова ижросидаги “Она юрт” қўшиғи билан якунланди.

Тадбирдан ўрин олган дастурлар бухороликлар ва шаҳар меҳмонлари қалбини ҳаяжонга тўлдирди. Бу йилги “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали ҳақиқий маънода умумхалқ шодиёнасига айланди.

 Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ижод бўстони Ижод бўстони
Устоз адиблар ватанпарвар ёшлар ҳузурида Устоз адиблар ватанпарвар ёшлар ҳузурида
Боғинг Ватан деган ном олсин Боғинг Ватан деган ном олсин
Шеъриятга ошуфта диллар Шеъриятга ошуфта диллар