"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“ЕВРОПА САЁҲАТИ”ГА САЁҲАТ

Ўқилди: 317

Устоз Абдулла Орипов бир вақтлар Ҳалима Худойбердиева ҳақида “Таъбир жоиз бўлса,  мен Ҳалима Худойбердиева ижодини, унинг юрагини даврнинг доимий таранг торларига  ўхшатган бўлардим. Чунки бўлиб ўтган, ўтаётган ҳар бир ҳаётий жараёнлар бу юракдан ўз акс-садосини топиб бормоқда…” дегандилар. Бу таърифни бежиз эсламадик. Чунки яна бир “даврнинг таранг торларига ўхшаган юрак” ҳақида гаплашмоқчимиз.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоирнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйидан “Европа саёҳати: ҳайрат ва шукроналик” ҳамда “Янги шеърлар” китоблари чоп этилди. Пойтахтимизда ўтган Китоб байрамида ушбу икки китобнинг тақдимоти ўтказилди.

Маҳмуд Тоирнинг сафарномаси ҳақида тўхталсак. Устоз бир гуруҳ ватандошларимиз билан Европанинг ривожланган мамлакатларига тажриба алмашиш мақсадида йўлга чиқади. Сафарнома ҳайрат ва шукроналик туйғуларининг кетма-кет, баъзи ўринларда қоришиб келишига қурилган.

Рауф Парфи  бир шеърида: “Йўқ, Гуржистон, сени сева олмасдим, Кўксимда бўлмаса Ўзбекистоним…”, дейди. Ҳа! Ўз юртини севмай туриб, ўзга юртдан ҳайрат олиш мумкин эмас. Шоир ўзга юртнинг боғлари, тоғлари, тупроғи, одамларидан ҳайрат топади. Ўз юртининг жамоли кўксига жойланмаганда бу ҳайратлар қаерда, дейсиз!? Шоир кўрганларини бир вақтнинг ўзида ҳам сайёҳга, ҳам ҳозиржавоб журналистга, ҳам

тарихчига айланиб мушоҳада этади.

Мана римликлар ҳақидаги хулосаси: “Римликлар қадимий осори атиқалар, тарихий биноларнинг ҳар бир ғиштини кўз қорачиғидек асрайди. Мабодо эски иморатлар ўрнига янгисини қуришга тўғри келиб қолса, жуда бўлмаганда ўша бинонинг бир устуни ёки пойдеворини, жиллақурса бир дона тошини қолдириб, унинг бир четига қайси даврга мансублигини ёзиб қўяр экан”.

Устоз ушбу тажрибани кўриб, жаннатмакон юртимиздаги қадимий қадамжолар, тарихий биноларни эслаган бўлса, не тонг?!

Сафарномада бозорлар, нарх-наволар, ноз-неъматларнинг таъми, қонун-қоидалар,  инсонларнинг муносабати, чеҳраси, хуллас, кўз билан илғаш мумкин бўлган барча нарсалар солиштирилади, таққосланади. Ҳатто ўзга юртнинг қуёши ҳам ўзимизникига (гарчи қуёш ягона бўлса ҳам) ўхшамайди.

“Европа вақти билан соат 7:30 да Польша осмонида қуёш кўринди. Аммо нечундир бизнинг Ўзбекистонимиз қуёшига ўхшамас эди у. Бироз бўзрайганроқми-ей…

Хуллас, биздагидек очиқ чеҳра билан боқиш қайда, денг”.

Ҳайрат ва шукроналикни топмоқчи бўлсангиз, китобни, албатта, ўқиб чиқинг! Европага саёҳат қилгандек бўласиз!

Кумуш Абдусаломова

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Оқ тоғлар, оппоқ тоғлар… Оқ тоғлар, оппоқ тоғлар…
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади