"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«КИТОБИМ — ОФТОБИМ» БАЙРАМ ТАДБИРИ

Ўқилди: 281

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ҳамкорлигида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Юнусобод туманидаги 304-сонли мактабгача таълим муассасида «Китобим — офтобим» мавзусида байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий маслаҳатчиси, шоир Рустам Мирвоҳид ҳамда Мактабгача таълим бош бошқарманинг раҳбар, педагог ходимлар билан ишлаш ва уларни танлаб олиш бўлими бош мутахассиси Муқаддас Омонова иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан шоир Рустам Мирвоҳид болажонларнинг ширинлик ва музқаймоқ ёқтиришларини сўзлаб, аслида ҳақиқий «ширинлик» бу — буюк адиблар яратган бадиий асарлар қаъридаги маънавият деган ғояни илгари сурувчи «Шеърият — қандолат дўкони» номли шеърини ўқиб берди.

Сўнгра болалар ўзлари ёд олган шеърларни ёддан айтиб, инглиз ва рус тилида қўшиқлар куйлашди, машҳур  “Шарқ” гуруҳининг «Бухоро»  таронасига рақсга тушишди. Мактабгача таълим муассаси ҳовлисида эса болаларнинг спортга ва тасвирий санъатга бўлган ижодий истеъдоди  намойиш этилди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ҳар болага бир китоб” акцияси доирасида “Ўзбек болалар адабиёти Анталогияси” I-том (назм), II-том (наср) ҳамда Салим Ашурнинг “Машиналар карвони” номли китоблари совға сифатида тарқатилди.

Мухтасар айтганда, болаларнинг қалбида китобга муҳаббат туйғусини сингдиришга қаратилган навбатдаги тадбир ҳам юқори савияда ташкил этилди, десак айни муддао бўлади.

      Мунира РАМАЗОНОВА

 

ШЕЪРИЯТ – ҚАНДОЛАТ ДЎКОНИ

Шеърият қандолат дўкони эса,

Шоирларнинг байти ширинликлардир.

Қай мухлис бу ажиб дўконга кирса,

Унда бор ҳар нени кузатар бир-бир…

 

Масалан: Навоий шоколадлари

Дўконнинг ярмини эгаллаб борган.

Ёнроғида Бобур мармиладлари

Қанча шеърхонларнинг тилини ёрган.

 

Ўнг томонда қанддек Машраб ғазали,

Не бахтки, ким уни татиб кўрибди.

Чап ёнда Муқимий берган асали,

Фурқат ҳалвоси-ла бирга турибди.

 

Огаҳийнинг лазиз ижодиёти

Дўконда ҳар куни талаш бўлади.

Парвардада кўрса ким Завқий отин,

Иши фақат лабни ялаш бўлади.

 

“Гўзал” деган Чўлпон хўрозқандлари

Қарасанг, кўзингни оламан, дейди.

Ҳамид Олимжоннинг “Ўрик гуллари”н

Ҳар киши чўнтакка соламан, дейди.

 

Ҳабибий ва Чархий рулетларига

Кун сайин талаблар бормоқда ортиб.

Ғазалхон Чустийнинг конфетларига

Ҳофизлар тирбанддир саҳардан тортиб.

 

Ойбек домланинг-ку “Бир ўлка…” деган

Новвотларин ҳамон бозори чаққон.

Устоз Ғофур Ғулом тортини еган

Мухлислар то ҳануз боқади ҳайрон.

 

Сал нари юрсангиз… Эркин Воҳиднинг

Мураббоси турар “Камтарлик” билан.

Абдулла Орипов бизесин кўринг,

“Тилла балиқча”ни эслайсиз бирдан.

 

Рўйхат тугамади. Муҳаммад Юсуф

“Қизғалдоғ”ин сизга ҳавола этар.

Сирожиддин Саййид музқаймоғи хўб

Оғизга солмасдан эриблар кетар…

 

Шу хилда қанча ширинликлару

Қандолатлар сони жуда ҳам бисёр.

Айтчи, ҳар биридан егин келмасми

Ҳеч бўлмаса тотгинг келмасми бир бор?!

 

Хуллас, ким мен каби харидор эса

Боладек қандларга ўч бўлса, билсин:

Ҳақиқий лаззатни туяман деса,

Фақат шу дўконга марҳамат қилсин!!!

Рустам Мирвоҳид

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
Қалбларни туташтирган адабиёт Қалбларни туташтирган адабиёт
Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади
“ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига “ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига