"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Гул тож кийиб яшнаган шаҳар

Ўқилди: 145

Наманган деганда ҳар қари ёшнинг,

Лабидан бол томар, тиллари ширин.

Азалдан файзи бор бунда қуёшнинг,

Юзлари қон қаймоқ ранги яширин.

Ҳа, буюк шоиримиз Ғафур Ғуломнинг бу сатрларидан орттириб Наманганни шундай таърифлаган эди:

Жаҳонни гирдо гирд кезган сайёҳ ҳам,

Охирги манзил деб сени танларди,

Иқлим бўла олур шунчалар кўркам,

Иқлимлар ичида шакарпайванди.

Ҳар бир наманганликман деган киши фахрланадиган шаҳримиз бор. Унинг кундан кунга очаётган чиройи, таровати, гулларга тўла кўча ва боғлари мадҳ этилиб келди, мадҳ этилмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов Наманган боғини таърифлаб ёзган эдилар:

Бунда ҳар гул ишққа пайванд, шул сабаб кўрмас хазон,

Айланар ўғлонга ҳатто чол, Наманган боғида.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг “Бобурномаси”да  юртимиз “Ғазнаи Намангон”, деб эркалаб тавсифланган, боғ-роғларга бой – “кўкаламзор” деб таърифланган.

Гуллар шаҳри Наманганда навбатдаги 58-гул байрами бўлиб ўтди. Ўтган йилдан буён бу байрам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифларига биноан халқаро мақом олди ва бир ҳафта давомида ўтказиладиган бўлди.  Бу йил байрам 27 майдан 3 июнгача ўтди. Байрам гуллар билан безанган 100 дан ортиқ картинг, автомобиллар, техник машиналарнинг  паради  билан бошланди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Марказий боғда кўплаб гул мозаикалари, паннолари, афсонавий қушлар, бинолар, шунингдек, Миср эҳромлари, Дубайдаги осмонўпар бинонинг гуллардан яратилган макетлари  намойиш этилди. Шунингдек 100 дан ортиқ гулчилар ўз коллекциялари ва ижодларини олиб чиқдилар. Байрам дастурларига мувофиқ  боғ саҳналарида таниқли санъаткорларимизнинг концертлари бўлиб ўтди. Байрамнинг биринчи куни ижодкорларнинг “Сени шарафлаймиз, гул диёрим Наманган”  шиори остида мушоираси ташкил қилинди. Мушоирада шоирлар Боқий Мирзо,  Дилором,  Маҳмуджон Дадабоев,  Дилбарбону,  Руқия Ғозиева, Абдуваҳоб Вафоий, Зулфия мукофотининг совриндори Гулчеҳра Беназир ва Фидойиларнинг Наманганни мадҳ этган ашъорлари танлов ғолиблари, деб эълон қилинди ва ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан шаҳарда гулчилар ассоциацияси, инновацион гулчилик илмий маркази ташкил топди. Бу дегани энди Наманган гул экспортёрига айланади.

Аслида Наманганимиз азалдан гулпараст диёр бўлиб келаган. Масалан, Х1Х аср ўртасидан ХХ асрнинг 20-йилларигача яшаб ижод қилган шоир ва жамоат арбоби, Муқимий ихлос қўйган  ижодкор мулла Йўлдош Хилватий бундан 120-130 йил аввал кўпгина мамлакатларда саёҳатларда бўлиб, чунончи, Эрон, Хуросон, Бадахшон, Рум, Туркистон, шунингдек Тошкент, Қўқон, Хўжанд, Марғилон, Шоҳимардонни таърифлаб, Андижон орқали Наманганга келади ва бу саёҳат тўғрисида каттагина “Кўрдум” шеърини ёзади:

Девоналар каби зору паришон,

Андижон шаҳрига қилдим шитобон.

Ахир андин чиқиб келдим Намангон,

Наманганнинг боғу бўстонин кўрдум.

 

Хушҳаво экан шаҳри Намангон,

Ҳар ерда очилган боғу гулистон.

Гуллар ичра булбул тўти ғазалхон,

Ул қушларнинг чеккан афғонин кўрдум.

 

Намангонни сўрсанг жаннатга монанди,

Дарахтлари барча Тўбийга пайванд.

Кимки кирса бўлар бунда дили банд,

Дема ушбу сўзнинг ёлғонин кўрдум.

Бу шеърда   шаҳар  дарахтлари барчаси  “Тўбийга  пайванд”, яъни дарахтлари жаннат дарахтларига пайванд қилинган, деб  таърифланишида ўзи ўша пайтларда ҳам Наманганнинг ўхшаши йўқ бўстон бўлганини кўрамиз.

Бизлар гул шаҳрига меҳримизни мақола муаллифларидан бирининг қуйидаги сатрлари билан якунлашни лозим топдик:

Гулга ошиқларга  сарбонсан ўзинг,

Гирд капалак мезбон, бўстонсан ўзинг,

Ёмонлардан нолон, яхшига қурбон,

Хушхонсан, эрам лол,  фаттонсан ўзинг,

Фидоийга дармон, элга  қалқоним –

Ерда, кўкда, якто – Наманганжоним.

 

 

      Жамолиддин МУСЛИМ,

Абдумуталлиб ҚОСИМОВ

Сайт бўлими: Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди Самарқанддан хабарлар: «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди
Қалбларни туташтирган адабиёт Қалбларни туташтирган адабиёт
Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади Ижодкори қадрланган миллатнинг қадди баланд бўлади
“ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига “ПАХТАКОР -79” футбол жамоаси хотирасига