"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сайҳун дарё соҳилларида

Ўқилди: 259

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ёзувчилар уюшмаси, Республика Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда “Обод қишлоқ” дастури ижросида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш ҳамда у ерда яшовчи аҳоли билан учрашиб, маънавий-маърифий тадбир ўтказиш доирасидаги бу галги сафаримиз Сирдарё вилоятининг Ховос туманига бўлди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобида Сирдарё ва сирдарёликлар ҳақида:  “Сирдарё деганда, сирдарёлик деганда, азиз Сайҳун  дарёси соҳилларидаги сўлим бир воҳа, қадим Мирзачўл бағрида боғу бўстонлар, шаҳар ва қишлоқлар бунёд этиб келаётган мард ва матонатли инсонлар кўз ўнгимизда намоён бўлади”- деб ёзилган.

Биз тарғибот гуруҳи раҳбари Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Зикрилло Маҳмудов ҳамда бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ва спортчилар билан вилоятнинг Ховос туманидаги қўшни Тожикистон билан чегарадош “Ховособод” қишлоғида бўларканмиз, бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, сирдарёликлар Юртбошимиз таъкидлаганларидек  мард ва меҳнаткаш, ватанпарвар ва фидойи инсонлар эканликларининг гувоҳи бўлдик.

– “Ховособод” қишлоғи энг қадимий аҳоли қўналғаларидан бири ҳисобланади, – дейди бизни кутиб олган туман ҳокимининг ўринбосари Отабек Данабаев. –  Узоқ тарихимизга дахлдор Ховостепа ёдгорлиги, еттинчи асрларга оид Сайду Сайид ота зиёратгоҳи ҳам шу ҳудуддда жойлашган.  Бир вақтлар вазият тақазоси билан қўшни Тожикистон билан чегаралар ёпилгач, қишлоғимиз эътибордан четда қолиб, қаровсиз ҳолга келиб қолган эди.

Аслида икки халқ – ўзбегу тожик азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик ришталари билан боғланган,  икки тилда гаплашадиган бир халқмиз. Азалий қўшничилик  ва ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда ўзаро алоқаларда улкан ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.  2016 йилнинг сентябридан ҳозирги кунга қадар Президентимиз ва Тожикистон раҳбари ўртасида ўтказилган қатор дўстона учрашувлар, самимий ва муҳим телефон мулоқотларида ўзаро алоқаларни икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга эътибор қаратилди. Қадимдан ўзбегу тожик бир-бири билан қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб кетган. Чегараларимиз очилгач, бу икки қардош халқ  бир-бириникига бемалол келиб кетадиган бўлди.

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилаётган саъйи ҳаракатлар туфайли, бизнинг туман аҳолисининг ҳам “елкасига офтоб тегди”. Қисқа муддат ичида туманда дастур асосида кўплаб бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, кўримсиз ҳолга келиб қолган “Ховособод” қишлоғи қайтадан кўрк очиб ҳақиқий обод қишлоққа айланди. Қишлоқдаги мактаб қайта таъмирланди, замонавий спорт мажмуаси ва янги болалар боғчаси бунёд этилмоқда. Бугун халқимиз ўз меҳнатининг гаштини суриб, байраму тўй-томошалар қилишмоқда. Тинч кунларга тўйлар ярашади, деб шуни айтишса керак-да.

Дарҳақиқат, “Ховособод” маҳалласида катта тантананинг устидан чиқдик. Халқ ўз она маконини, жонажон қишлоғини обод қилиш борасидаги меҳнатининг ғалабасини байрам қилаётган эди. Ҳаммаёқ турли баннер ва шиорлар билан безатилган, маҳалланинг каттагина аҳоли дам олиш маскани одам билан лиқ тўла, дилрабо куй-қўшиқлар янграйди. Ҳар ер, ҳар ерда стол-стуллар қўйиб олган турли давлат хизмати вакиллари аҳолига шу жойнинг ўзида давлат хизматлари кўрсатиш билан банд. Кимдир ўзига муносиб иш топиш учун туман бандликка кўмаклашиш  маркази вакилларига мурожаат этаётган бўлса, кимдир ўзининг коммунал тўловлардан қарзи бор-йўқлиги масаласида туман прокуратураси мажбурий ижро бюроси ходимларининг компьютерларидаги маълумотлар базасини текширтирмоқда, яна кимдир банк ходимларидан тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида кредит олиш тартибини суриштирмоқда. Кимлардир эса рўзғор ташвишида, арзон эҳтиёж моллари сотилаётган кўчма дўконлар атрофида куйланишади. Бир гуруҳ ёшлар эса, автомашинага тиркалган ва поезд вагонини эслатувчи “Кўчма кутубхона” дан ўзларини қизиқтирган китобларни олишга ошиқишмоқда.

– Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”и бор экан,– шеригини чақиради мўйлови эндигина сабза ураётган йигитча.

– Худойберди Тўхтабоевнинг “Ширин қовунлар мамлакати”ни олдим,- дейди кўчма кутубхонадан чиқаётган қормағиз талаба қиз пастдаги дугонасига.

– Қараб кўр-чи, Чингиз Айтматовнинг “Жамила”сиям бормикан? – дейди, қўл телефонида аллаким билан гаплашаётган дугонаси.

Ям-яшил майса билан қопланган ўйингоҳда эса футбол, волейбол ва бошқа спорт мусобақалари авж олган. Атроф тумонат одам. Ҳар ким ўзига тегишли жамоага мухлислик қилмоқда.

Бизни гувиллаб мусиқа садолари янграётган аҳоли маданий дам олиш маркази томон бошлашди. Ичкари тўла одам, нина ташласангиз ерга тушмайди.  Атрофда ички ишлар ходимлари жамоат тартибини сақлаш билан банд.  Тирбанд эшикдан зўрға ичкарига кирдик.

– Меҳмонларга қачон навбат берасизлар, тасвирга олишимиз керак?! — дейди Сирдарё вилоят телевидениеси муҳаррири Анорбой Қаҳҳоров, тадбир ташкилотчиларидан бирига юзланиб.

– Ҳозир-ҳозир, аввал исму фамилияларини ёзиб олайлик, — дейди даврани бошқараётган, туман маданият бўлими сухандони Санжар Андеров шошилиб.

Ёзиб олишди ва илк сўзни менга беришди. Саҳнага чиқиб,  сирдарёликларни, хусусан Ховосликларни “Обод қишлоқ” дастури ижроси бўйича амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари ва эришган ютуқлари билан табриклагач,  ватан тўғрисидаги шеърларимдан бирини ёд айтиб бердим. Сўзим якунида ховосликларнинг ўзларига бағишлаб йўл-йўлакай, машинада  хаёлимда туғилган:

                 Сирдарёмиз фахр айлагай Ховос билан,

                 Бутун дунё боқар  унга  ҳавас билан.      

                 Тўйлар бўлиб, санъаткорлар келаверсин                             

                “Орландо”-ю “Каптива”-ю “Дамас билан, –

деган мисраларни ўқганимда ховосликлар хурсандчилигидан қийқириб, қарсак чалишди.  Шундан сўнг маҳалла кутубхонаси учун бир нечта китобларимни таҳфа этиб, саҳнадан тушдим.

Шундан сўнг тарғибот гуруҳимиз аъзолари – таниқли эстрада юлдузлари Гули Асалхўжаева,  Абдували Ражабов ва Алижон Исоқовнинг ижро этган ажойиб куй ва қўшиқлари йиғилганларга олам-олам завқ бағишлади. Одамлар уларга қўшилиб бирга куйлашди, шўх мусиқа садолари остида рақсга тушишди.

Сўнг навбат гуруҳимиз спортчиларига берилди. Халқаро комбат айкидо ассоциацияси спортчилари Алибек Хидиров ҳамда ака-ука Муҳаммад ва Нурислом Йўлдошевларнинг кўргазмали чиқишлари  зални жонлантириб юборди. Айниқса, спортчиларимизнинг машқларни эпчиллик ва моҳирлик билан бажаришлари ҳаммани қойил қолдирди.

– Шогирдларингиз зўр-ку, халқаро ютуқлариям борми? – сўрайман уларнинг тренери Фахриддин Усмоновдан.

— Алибек ҳарбий хизматчи, уч карра жаҳон чемпиони, ака-укалар эса ҳали ёш, талаба. Юридик коллежда ўқишади. Лекин  Республика мусобақалар совриндорлари, жаҳонга энди чиқишади-да, – дейди спортчилар сардори кулиб.

Шу пайт, Ховос туман адлия бўлим бошлиғи Ҳакимжон Бўрибоев саҳнага чиқиб, сухандон йигитнинг қулоғига нималардир деб шивирлаб,  қўлида қоғозни унга узатди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ўтказилган спорт мусобақалари якунланиб, натижалар маълум бўлган экан. Сухандон натижаларни эълон қилди. Ғолибларга фахрий ёрлиқлар ва туман ҳокимлиги ва Маҳалла кенгаши раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.  Натижаларни кўриб “Ховособод”дан ҳам келгусида жаҳон майдонларида ватанимиз байроғини баланд кўтарадиган машҳур спортчилар етишиб чиқишига ишонч ҳосил қилдик.

– Опажон, тадбир қандай ўтяпти? – сўраймиз бир гуруҳ болажонлар қуршовида тадбирни завқ билан томоша қилаётган бир онахондан.

– Аввало, биз учун шунчалик жон куйдираётган Президентимизга катта раҳмат! Тадбир жуда яхши ўтяпти. 5 нафар фарзанднинг онаси, 15 набиранинг меҳрибон бувижони Тўйгулой Эгамбердиева бўламан, —  дейди онахон завқланиб,  – Халқимизда “Ватан маҳалладан бошланади”, деган мақол бор, қишлоғимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида барча оилаларнинг бошини бирлаштириб, сафарбар этишда фуқаролар йиғини раиси Ҳомиджон аканинг хизматлари жуда катта.  Бу киши йигирма йилга яқин давр мобайнида халқнинг яхши-ёмон кунларида бирга бўлиб, тўю маъракаларида бошу қош бўлиб келяптилар. Қишлоғимиз аҳолиси бир-бири билан жуда иноқ-аҳил яшашади. Биз  бу ғамхўрликларга жавобан, бундан кейин ҳам юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз бахтли келажаги учун бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қиламиз.

Шундан сўнг бизда, “Ховособод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Ҳомиджон Ҳамроевнинг ўзи билан суҳбатлашиш истаги туғилди. У кишини “Энг яхши китобхон” танлови ғолибларига совғалар топширилаётган гавжум жойдан топдик.

– Бугунги кунда қишлоғимиздаги  480 хонадон,  567 оилада 2600 нафардан ортиқ  аҳоли  истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси, – очиғини айтиш керак, вилоят ва туман ҳокимлиги раҳбарлигида, туман адлия вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, туман Хотин-қизлар ташкилоти, “Ёшлар иттифоқи” туман бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида қишлоғимиз чин маънода обод гўшага, таъбир жоиз бўлса, эртаклардаги “Боғи Эрам”га айланди. 12 та 2 қаватли уйлар ён-атрофига ноқонуний равишда қурилган ва қишлоғимиз ҳуснига доғ бўлиб турган қўшимча бинолар бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига қисқа муддат ичида аҳоли кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган ошхона, тандирхоналар ва бошқа маиший бинолар бунёд этилди. Икки қаватли уйларнинг том қисми замонавий томёпмалар билан янгиланиб, фасадларига ранг берилди. Уларга замонавий эшик ва ромлар ўрнатилди. Уйлар олдида болалар учун ўйин майдончалари ташкил этилди.

Бу ишларни  амалга оширишда маҳалла аҳли ҳам “Ўз қишлоғимизни ўзимиз обод этайлик!” шиори остида  камарбаста бўлиб, кўчалар ва ариқларни тозалаш, эски кўримсиз иморатларни бузиб ташлаш, йўл чеккаларида гуллар экиш ва парваришлаш ишларига яқиндан ёрдам бердилар. Айни пайтда эса янги замонавий спорт мажмуаси ва болалар боғчаси қурилиши ниҳоясига етказилаётганидан аҳолимиз жуда мамнун.

– “Дунё иморатлари ичида энг муқаддаси мактабдир”, деган  экан  улуғ алломаларимиздан бири.  Биз ҳам “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган ишлардан ғоят мамнунмиз. Маҳалламизда 305 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 4-сонли умумий ўрта таълим мактаби биноси, синф хоналари тўлиқ таъмирланиб, ўқитишнинг жаҳон андозаларига хос воситлари билан жиҳозланди, — дейди мазкур мактаб директорининг маънавий маърифий  ишлар   бўйича ўринбосари С.Худойбердиева. – Бир неча йиллардан буён таъмирга  муҳтож бўлиб ётган мактаб ошхонаси замонавий усулда таъмирланди. Бундан ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналарининг қувончлари чексиз. Қишлоғимиздаги Саъду Сайид зиёратгоҳи ва унинг олдидаги жомеъ масжиди таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилди. Ёзги маданият саройи, спорт ўйингоҳи ҳам назардан четда қолмади. Қишлоғимиз кўчаларида янги ёритгичлар ўрнатилди, маназарали дарахтлар, хусусан, арчалар, атиргуллар ва анвойи гуллар экилди. Мухтасар қилиб айтганда, қисқа муддат ичида жуда катта ҳажмда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошрилдики, натижада қишлоғимиз таниб бўлмас даражада ўзгариб, гўзаллашиб кетди. Ана шундай файзиёб кунларда вилоятимиз ҳокими Ғофиржон Мирзаев бизга қишлоғимиз ҳудудидаги қадимий Ховостепа ёдгорлиги ЮНЕСКО рўйхатига қиритилганлиги ҳақидаги қалбимизни тўлқинлантириб юборадиган янги хушхабарни етказганларида хурсандчилигимизни бир кўрсангиз эди. Бу ўзгаришларни кўриб қувонмай бўладими, ахир?! Бунинг устига Наврўз байрами арафасида “Ховособод” чегара пости очилиб, тодикистонлик биродарларимиз билан борди-келди қилишимиз учун қулайликлар яратилганлиги нур устига аъло нур бўлди. Бугун нафақат, ховосободликлар, балки бутун сирдарёликлар  юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори бўлган муҳтарам Юртбошимиздан беҳад миннатдорлар.

Кечга яқин олам-олам таассуротлар билан пойтахтга қайтар эканмиз, қишлоқ аҳлининг “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” деб чорлашлари бежиз эмаслигига, улар ўз меҳнатларининг гаштини суриб, бугунги кунларга шукрона  туйғуси билан  шоду хуррам яшаётганликларига яна бир бор амин бўлдик.

 

                                                                            Зикрилла Неъматов,

                                        Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Оқ тоғлар, оппоқ тоғлар… Оқ тоғлар, оппоқ тоғлар…
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади