"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳарбий қисмда китобхонлик байрами

Ўқилди: 85

Бугун Ватан ҳимоясига, юрт сарҳадлари дахлсизлигига ҳисса қўшиш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсон сифатида эл-юрт корига елка тутиш ҳар бир ўзбек йигити учун муқаддас бурчга айланди.

Шу билан бирга, жойларда “Халқ билан армия – бир жону бир тан” шиори остида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар улар қалбида она Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат туйғуларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ана шундай тадбир Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтди. Ёшлар, хусусан, ҳарбий хизматчи ва аскарларнинг китобга, мутолаа маданиятига бўлган қизиқиш ва эҳтиёжларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими фаоллари, шоир Шодмон Сулаймон ҳамда ёзувчи ва журналист Баҳром Солиев иштирокида китобхонлик анжумани ҳамда мушоира кечаси уюштирилди.

Адабий кеча давомида Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо каби забардаст шоирларимизнинг Ватанга муҳаббат ва юрт ҳимоясига даъват этувчи шеърлари ўқилди, улар шеъри билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Ўзбек насрининг “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Дунёнинг ишлари” каби нодир намуналари ҳақида мулоҳаза юритилди.

Кеча якунида тадбирда фаол иштирок этган аскарларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари – янги китоблар тўплами тақдим қилинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

 

 

Сайт бўлими: Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди
Адабий анжуманга марҳамат! Адабий анжуманга марҳамат!
Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз! Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз!