"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси

Ўқилди: 204

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 2018 йил 18 июнь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубова таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан шоиранинг “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган уч жилдлик “Сайланма асарлар тўплами” тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчилари, халқ шоирлари, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси К.Каримов, филология фанлари доктори К.Қурамбоев, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоев ва бошқалар сўзга чиқиб, Гулистон Аннақиличева (Матёқубова) ижоди, унинг асарлари хусусида тўхталиб ўтди.

Г.Аннақиличева (Матёқубова)1948 йилда туғилган. Олий маълумотли, 1973 йилда Тошкент Давлат университетини тамомлаган. Г.Аннақиличева (Матёқубова) республикада таниқли ижодкор, журналист ва ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида танилган. Унинг 26 та наср ва назмдаги тўпламлари Тошкент ва Нукусшаҳридаги нашриётларда ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида чоп этилган.

«Бахт келтирган баҳор» (1979 й), «Ҳаяжоннинг етти ранги» (1982 й), «Ойдин остона» (1983 й), «Севиб қолсин» (1985 й), «Земля отцов» (1986), «Жүрек пенен жүзбе жүз» (1987 й), «Нурли кунлар» (1988 й), «Прекрасное чувство» (1989 й), «Айтгин менга Тўрткўл ҳақида» (1993 й), «Мен сен учун яшаяпман» (1993 й), «Әмиў жағасында өскен байтерек» (1994 й), «Интизарлық» (1995 й), «Йўлларингга чиқдим» (1997 й), «Дарёга ботаётган қуёш» (1998 й), «Излаганларим» (2000 й), «Ойбалдоқ» (2001 й), «Муҳаббат юрти» (2002 й),«Қалб зураати» (2004 й), «Қайтмоқ учун кетмоқдаман» (2007 й) «Ватан руҳи» (2011 й), «Ота уйим» (2014 й), «Избранное» 2-томлик (2015 й), «Уйғониш нашидаси», (2016 й) «Гулойим» ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида, (2017 й) «Қарақалпақ саз әлеминиң сәрдары» (2017 й) китоблари шулар жумласидандир.

Шунингдек, шоиранинг шеърлари Туркия шеърий алманахларида турк тилида, Туркманистон журналларида туркман тилида, Германияда 2002 йилда нашр қилинган «Шарқ шеърияти» китобида немис тилида босиб чиқарилган. Бу асарларда замон руҳи, мустақиллик ғоялари, юртимиз тарихи, халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик меҳнатлари, айниқса, Қорақалпоғистон равнақи садоқат ва фидоийлик, меҳр-муҳаббат билан қаламга олинган.

Шоиранинг бир неча асарлари рус тилига ўгирилиб, китоб бўлиб босилди. «Земля отцов» (1986), «Прекрасное чувство» (1989) номли китоблари турли йилларда ёзилган шеърий ва насрий асарлари мажмуасидан иборат. Муаллифнинг  «Избранное» икки томлик китоби (2015) русийзабон ўқувчилар учун муносиб туҳфадир. Ушбу китоблар ва интернетдаги «Стихи РУ», «Проза РУ» сайтларида эълон қилинган 300 дан ортиқ насрий ва назм асарлари учун Г.А.Аннақиличева (Матёқубова) Москвадаги «Искусство народов мира» Халқаро Ассоциациясининг лауреати унвонини олган.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) ижоди юзасидан фикр юритганда, у яратган достонлар ҳақида алоҳида тўхталиш лозим.

1982 — 2017 йиллар давомида яратилган «Келин», «Ота», «Қўбиздаги юрак», «Қуёш учун ёки само садолари», «Айтгин менга Тўрткўл ҳақида», «Мен нечун севаман боғларни кузда», «Пахта вақти», «Қаторда норинг бўлса», «Ойболдоқ», «Дарёга ботаётган қуёш», «Зиёга ботаётган дарё», «Қисмат қиссалари», «Тафаккур томчилари» сингари достонларда Ватан меҳри, юрт тарихи, инсон сир-синоатлари, баркамоллик руҳи, аждодлар ҳикматлари, фидоийлик, садоқат, юртпарварлик туйғулари, қорақалпоқ қир адирлари, Қоратоғ этаклари нафаси, Амударё тўлқинларининг ҳаёт зарби маҳорат билан қаламга олинган.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) ижодида қорақалпоқ адабиётидан таржималар алоҳида ўринни эгаллайди. Жумладан, Бердах, Ажиниёз, И.Юсупов, Т.Матмуродов, Т.Қобулов, К.Каримов, Г. Шомуродова каби қатор қорақалпоқ ижодкорларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Шунингдек, жаҳон адабиётида тан олинган, қалбига, руҳиятига яқин, ўзини ҳам,ўқувчиларни ҳам эзгулик нурларига чулғайдиган, фикр дунёсини бойитиб, эстетик завқ берадиган ноёб асарларни танлаб ўзбек, қорақалпоқ тилларига таржима қилган. Шоиранинг «Ота уйим» китобида Махтумқули, Александр Блок, Афанасий Фет, Анна Ахматова каби дунёга машҳур шоирлар ижодидан қилган таржималари ҳам ўрин олган. У сўнгги йилларда ўзбек адабиётининг бадиий нодир намуналарини қорақалпоқ тилига таржима қилиш бобида ҳам кучини синаб кўрди. Масалан, устози Зулфия қаламига мансуб «Хотирам синиқлари» поэмаси унинг таржимасида эълон қилинди. Таржима мухлисларда ҳам, мутахассисларда ҳам ижобий таассурот қолдирди.

Шунингдек Г.Аннақиличева (Матёқубова) киносценарист сифатида ҳам муваффақиятларга эришиб келмоқда. У «Меҳрли дунё», «Тақдир йўллари», «Гулойим ва Арслон», «Устюртга йўл» киносценарийларининг муаллифидир.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) 2011 йилда ўзининг мустақиллик йилларида яратган она Ватан, халқимизнинг озод ва обод ҳаёти ҳақидаги қатор публицистик асарлари ва шеърлари киритилган «Ватан руҳи» китоби билан Мустақилликнинг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» республика танловида ғолиб бўлди.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) 2006 йил Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг «Гулойим» газетасига, 2011 йил январь ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмасининг «Қорақалпоқ адабиёти» газеталарига асос солди. Ҳозирда бу газеталар ўз ўқувчиларига эга.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) ижод билан бирга, давлат ва жамоат ишларида, турли масъулиятли лавозимларда фаол меҳнат қилмоқда. У 1984 — 2015 йилларда, 6 чақириқда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, 2005 — 2010 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик Палатасига депутат бўлиб сайланди. 2015 йилдан эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосидир.

Шу билан бирга у кўплаб ёшларнинг талабчан ва меҳрибон устози. Ўзининг 50 йилдан ортиқ журналистик фаолияти давомида кўплаб ёш қаламкашларга устозлик қилган. Уларнинг аксарияти мамлакатимизнинг ОАВларида, адабиёт, маданият, маънавият соҳаларида хизмат қилиб юксак натижаларни қўлга киритмоқдалар. Унинг шогирдларидан 4 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари бўлишди.

Г.Аннақиличева (Матёқубова) меҳнат фаолияти ва ижоди чин маънодаги ватанпарварлик ғояларига йўғрилган ва юрт тараққиёти йўлидаги эзгу ишларга ҳамоҳангдир.

Шоиранинг уч жилдлик “Сайланма асарлар тўплами”да ҳам унинг Ватанга, халқига, бутун инсоният ва табиатга бўлган самимий меҳр-муҳаббатини ифодаловчи шеърий ва насрий асарлари, достонлари ва публицистик мақолалари жой олган.

Шоира ва жамоат арбоби Гулистон Аннақиличева (Матёқубова) Бердах номидаги давлат мукофоти совриндори, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», «Қорақалпоғистон халқ шоири» фахрий унвонлари, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Тадбирда ёш ижодкорлар томонидан шоиранинг шеърлари ўқилди. Санъат усталарининг куй-қўшиқлари тингланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият

Қўшимча:

Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди
Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида
Китоб тақдимоти Китоб тақдимоти