"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳурматли Анор муаллим

Ўқилди: 296

7-8 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияга келиши кутилаётган меҳмонлардан бири Озарбайжон халқ ёзувчиси, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор (озарбайжон тилида Анар деб талаффуз қилинади) бу йил 80 ёшга тўлди.

Анор – таниқли озарбайжон шоири Расул Рза ва шоира Нигор Рафибейлининг ўғли бўлиб, ота-онасининг ажойиб кутубхонаси, оилада ҳукм сурган адабий муҳит ичида улғайган.

Отаси ўғлининг ўз йўли бўлишини истагани учун Анорга юридик, тиббий ёки муҳандислик йўналишида таълим олишни маслаҳат беради, ёзувчилик эса мана шу обрўли касблардан бирини эгаллагандан кейин шуғулланса бўладиган бир машғулот бўлиб қолгани маъқул, дея таъкидлаган. Лекин Анор ўз йўлини Озарбайжон давлат университетининг филология факультетида ўқишдан бошлашга қарор қилди.

Кейин эса Моксвадаги Олий сценарий ва Олий режиссёрлик курсларида таълим олади (1964). Москвада ўқиш даврида Алесь Адамович, Иван Драч, Иосиф Бродский каби ижодкорлар билан танишди.

Анорнинг адабиётдаги йўли 1960 йилда, турли ҳикоялар, эссе ва публицистикалар эълон қилишдан, Александр Блок, Сергей Есенин, Владимир Маяковский шеърларини озарбайжон тилига таржима қилишдан бошланган, биринчи қиссаси “Мулоқот” эса 1976 йилда эълон қилинган.

Анор сценарийлари бўйича Озарбайжонда ўн иккита фильм суратга олинган. У Федерико Феллини фильмларини томоша қилишни яхши кўради, Марсель Пруст асарларини мутолаа қилишдан чарчамайди, уни XX асрнинг энг катта ёзувчиси, деб билади. Ёшлик даврида Эрнест Хемингуэй ижоди билан қизиққан, Фёдор Достоевский, Лев Толстой, Антон Чехов, Михаил Зошченко, Василий Шукшин асарларини берилиб ўқиган…

Интервьюларидан бирида Анор Зошченко ва озарбайжон сатирик ёзувчиси Жалил Мамедқулизода унинг ижодига катта таъсир кўрсатганини айтиб ўтган. Ёзувчининг фикрича, “ҳаётдаги энг аччиқ, энг қийин дамларни кулги билан енгиб ўтиш мумкин”.

Анорнинг энг севимли адабий жанри қиссадир. Унинг “Дантенинг юбилейи”, “Мен, Сен, У ва телефон”, “Отелдаги хона” қиссалари, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” номли романи, айниқса, машҳур. Ўзбек китобхонлари унинг “Мен, Сен, У ва телефон” қиссасини, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романини яхши билишади. Анор, шунингдек, “Қўрқут бобомнинг китоби” номли ўғуз қаҳрамонлик эпосини насрий қисса шаклида чоп қилдирган.

Озарбайжон адабиёти ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Анор 2011 йилда Ҳайдар Алиев номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Яқинда эса Озарбайжон Республикаси президентининг Фахрий дипломи билан тақдирланди.

Озарбайжонда зиёли кишиларнинг исмига ҳурмат юзасидан муаллим деган унвонни қўшиб айтишади. Унга мурожаат қилиш зарур бўлганда эса “ҳурматли муаллим” дейишади. Шу боис биз Анорни конференцияга таклиф қиларканмиз, уни “Ҳурматли Анор муаллим”, дея атаймиз.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция

Қўшимча:

Туркийтилли ёшлар мушоираси Туркийтилли ёшлар мушоираси
Аъзолик гувоҳномалари топширилди Аъзолик гувоҳномалари топширилди
Мен нечун севаман Ўзбекистонни? Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
«Маънавият соати» – ҳаёт дарси «Маънавият соати» – ҳаёт дарси