"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Улуғбек Есдаулетнинг конференцияга келиши кутилмоқда

Ўқилди: 168

Шу йил 7-8 август кунлари Тошкентда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилишидан хабардорсиз.

Тошкент конференциясида иштирок этиши кутилаётган меҳмонлардан яна бири қозоғистонлик шоир Улуғбек Есдаулетдир.

Улуғбек Есдаулет (Ұлықбек Оразбайұлы Есдәулет) 1954 йил 29 апрелда Жанубий Қозоғистондаги Улкан қоратол қишлоғида туғилган. Қозоғистон давлат университетининг журналистика факультетини, Москвадаги М.Горький номли Олий адабиёт курсини тамомлаган. Қозоғистон Журналистика академияси ҳақиқий аъзоси, Гуманитар фанлар академияси фахрий академиги, Халқаро турк дунёси шеърияти академияси аъзоси. 2018 йил март ойида Қозоғистион Ёзувчилар уюшмаси раиси этиб сайланган. «Қанат қақты» (1974), «Жұлдыз жарығы» (1977), «Алтайдың алтын тамыры» (1979), «Ұлыстың ұлы күні» (1982), «Ақ керуен» (1985), «Жаратылыс» (1989), «Жүректегі жарылыстар» (1995) каби шеърий тўпламлар муаллифи, шунингдек, унинг «Әбілхаят» (2011) номли эсселар тўплами нашр этилган, икки томлик танланган асарлар тўплами, олти томлик асарлар тўпламлари чоп этилган. Рус тилида унинг «Перевалы Алтая» (1988), «Ахиллесова пята» (2002) номли шеърий тўпламлари, хитой тилида «Заман-ай» (2005), қирғиз тилида «Жүрегім — махаббаттың астанасы» (2011) номли китоблари чоп этилган. Абай номли Қозоғистон давлат мукофоти лауреати (2002), «Құрмет» (2001) ордени билан тақдирланган, «Алаш» халқаро адабий мукофоти совриндори (2000). Россиянинг Олтин Есенин медалига сазовор бўлган (2007). 1984 йилда монгол шоирларининг шеърларини қозоқ тилига таржима қилиб, “Дос журеги” номи билан чоп эттирган. Улуғбек Есдаулет Алишер Навоий ғазалларини қозоқ тилига таржима қилган.

Қуйида унинг Мирпўлат Мирзо таржимасидаги шеърларидан бирини ўқийсиз.

 

ОЛТОЙ АЁЗИ

Қизил ой ўй босқонини босганда,

Қоялар нақ тунукадай қизарар.

Бамисли ўқ илондайин осмонда

Думли юлдуз оғиб борар!

Чакмонини кийган чолдай индамай

Юлдузларга термилади тун карахт.

Қизилқанот изғиринга чидамай,

Чақмоқдайин қарсиллайди дов-дарахт.

Кенгликларда, қадам етмас жойларда

Яхлаган қор узра шуъла жим инар.

Қават-қават муз боғлаган сойларда

Қасир-қусур муз синар.

Тунд тоғларнинг тинч авзойи бузилди,

Улиб қолди оч қашқирлар бағрида.

Ва бу улиш титраб-титраб узилди,

Сингиб йитди қир-адирлар қаърига.

Изғиринда тўнган итлар ушбу он

Ғингшиганча эшикларни қучарди.

Чўпонларнинг болалари хуш-хандон,

Ой нурида яхмалаклар учарди.

Дастурхонда ҳамма нарса бор, тайин…

Бироқ кампир юрагини дам сайин —

Хавотирлар босар, кўнглин қилар ғаш

Меҳмонларнинг бирортаси келмайин.

Туғилган кун.

Бирортаси келмади…

Кекса дилга изтироблар томади.

Бир ўтириб, бир турганча аланглаб,

Тор кулбага ўз-ўзини қамади.

Бу ёлғизлик етса-да ёшга талай,

Бу кун ёлғиз ўлтиролсин у қалай?!

“Кел-май-ди!” деб соат чиқ-чиқ қиларди,

Турар эди телефон тошбақадай.

Ташга чиқди…

Ой берар кўкка пардоз.

Гир айланиб ифор еллар айтар роз.

Бирам майин эди кўклам оқшоми —

Қушлар сайрар, ҳаво илиқ, бирам соз!

Изҳорини дуркун шохда этиб жам,

Олма гулин тутар унга ушбу дам.

“Қутлуғ бўлсин, бувижон!..” деб бамисли,

Бир томонда бидирларди чашма ҳам.

Юлдузлар ҳам ушбу дам жим турмайин,

Ўпаверди кампирнинг нур манглайин.

Кекса она қучоғин очди аста,

Меҳмонларин қаршилаб олгандайин.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар