"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабиёт мухлислари учун муносиб туҳфа

Ўқилди: 305

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мажлислар залида 2018 йил 22 июнь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг танланган асарлари китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.

Янги китоб 704 саҳифадан иборат бўлиб, унга ёзувчининг “Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романлари ҳамда “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Момо ер қўшиғи” қиссалари киритилган.

Тадбирда халқимизнинг атоқли ва ардоқли адиби Тоғай Мурод ўзига хос ижодий услуби, ўлмас асарлари билан адабиёт хазинасига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

Тоғай Мурод 1948 йил 3 февраль куни Сурхондарё вилояти Денов туманидаги, ҳозирда Олтинсой туманига қарашли  Хўжасоат қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида (1967­1971), Москвадаги Адабиёт институтида (1985–1987) таҳсил олди. Республика радиосида (1972–1975), “Ўзбекистон физкультурачиси” газетаси (1976–1978), “Фан ва турмуш” журналида (1982–1984) хизмат қилди.

1976 йили “Юлдузлар мангу ёнади” деган илк қиссаси “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилиши билан ёзувчиси сифатида танилди. Шундан сўнг бирин-кетин “От кишнаган оқшом” (1979), “Ойдинда юрган одамлар”(1980), “Момо Ер қўшиғи” (1985) каби ўзбек миллий қиссачилигининг дурдоналари дунёга келди. Адиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги йиллик мукофотига сазовор бўлган (1986).

“Отамдан қолган далалар” романи учун ёзувчига Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти берилди (1994). Асар асосида икки қисмли бадиий фильм суратга олинди. Адибнинг иккинчи романи – “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” ҳам адабиётимизда катта воқеа бўлди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг йиллик мукофотига муносиб топилди (2001). Тоғай Мурод 1999 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони билан тақдирланди.

Тоғай Мурод моҳир таржимон сифатида  Жек Лондоннинг “Бойнинг қизи” драмаси ва бир нечта ҳикояларини (1974–1975), Эрнест Сетон-Томпсоннинг машҳур “Ёввойи йўрға” китобини ўзбек тилига ўгирган (1989). Адибнинг асарлари ҳам, жумладан, ҳикоялари бир неча тилларга таржима қилинган. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи 2016 йили Францияда француз тилида китоб ҳолида чоп этилди. “От кишнаган оқшом” ва “Ойдинда юрган одамлар” қиссалари 2018 йил январь ойида Москвада рус тилида “Тарлан” номи билан китоб бўлиб чиқди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат драма театри режиссёри Ғиёсбек Мирзамаҳмудов саҳналаштирган “От кишнаган томонларда” спектаклидан парча ЎзДЖТУнинг “Олтин давр илҳомлари” театр студияси актёрлари ижросида намойиш этилди.

Тақдимот сўнгида “Facebook”  ижтимоий тармоғидаги “Китобхонлар давраси” гуруҳида Тоғай Мурод ижодига бағишлаб ташкил этилган онлайн викторина ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Туркийтилли ёшлар мушоираси Туркийтилли ёшлар мушоираси
Аъзолик гувоҳномалари топширилди Аъзолик гувоҳномалари топширилди
Мен нечун севаман Ўзбекистонни? Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
«Маънавият соати» – ҳаёт дарси «Маънавият соати» – ҳаёт дарси