"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Зомин таассуротлари

Ўқилди: 339

Сўз семинар иштирокчиларига

Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги сўлим Ўриклисой дам олиш масканида ўтказилган Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари кўплаб ёш истеъдодларни ўз бағрига жамлади, янги-янги номларни кашф этди, адабиётимизнинг эртанги куни ёруғ бўлишига умид берди.

Ана шу семинарда иштирок этган ёшларнинг айримлари билан суҳбатлашиб, уларнинг таассуротлари, ҳаяжонга тўла дил сўзлари, юрак изҳорлари билан ўртоқлашишни лозим топдик.

Дилноза КАМОЛ, (Қашқадарё вилояти):

– Тоғ ён-бағирларида жойлашган ям-яшил ёввойи арчалар табиатга янада кўрк беради. Бу арчаларнинг Тахти қорача тоғида ўсадиган тандир кабобларга тот ва зеб бергувчи арчалардан деярли фарқи йўқ.

Тошдан тошга сакраб, тоғ кўксини ёриб чиққан буталарга тирмашиб, тепаларга чиқар экансиз, қуёш билан юзланмасликнинг иложи йўқ…

Кўзни қамаштиргувчи кўкдаги мис танга яноқларимни ол рангга бўяб турган маҳали шаррос ёмғир қўйворса денг… Бу заррин нурларини сочаётган қуёш ва ёмғир томчилари уйғунлигининг не чоғлик даражада гўзал ва ёқимлилигини бир сўз билан таърифлаш қийин… Баланд чўққи… яқин осмон…

Зомин тоғининг қия тепалигидан тошдан тошга эниб, оқиб тушаётган шаршаранинг тошларни тарошлаб қўйгани диққатимни тортади, ажойиб санъат асари!

Илондек судралиб бораётган йўл узра қурилган катта одамларнинг катта уйлари ҳам майди бўлиб кўринади.

Тунни бу ерда ўтказсангиз Парвардигор бошингиз узра юлдузларни сочаётгандек туюлади…Ўзни янада поклаб оласан киши…

Осмонда осиғлиқ турган балдоғимга ўхшаш тўлин ой шўъласи сочларимни тараб, ҳар бир толасидан сиза бошлайди. Ой шу қадар яқин кўринганидан қўлни узатиб, парёстиқдек ёнбошлаб олгим келганини айтмайсизми..! Хуллас, мазза қиласиз! Ватанимнинг энг фусункор тоғларидан бири бўлмиш Зомин тоғлари бир умр ёдимда қолди.

Айдос МУҲАММАДИЯРОВ, (Қорақалпоғистон Республикаси): 

– Биз бу гўзал масканга энг дастлаб қадам босиб келар эканмиз, жонимизга туташ бўлган Жайҳуннинг шиддатли оқимининг сивизғасидай Зомин сувларининг баланд-баланд тоғлар пойида айтган қўшиқлари  юракларни тебрантириб юборди. Яшил табиат, қушлар сайраши, тоғлар нафасини сездириб турган қўнғир ҳаво – барча-барчаси ўзгача, завқли. Бу табиат сўзсиз ҳар қандай ижодкорнинг юрагига ҳаяжон солади, гўзал ҳикматларга етаклайди.

Бизлар шу гўзал табиат қўйнида адабиётимизнинг улуғ намяндаларидан сабоқ олдик. Атрофимизга адабиётнинг ҳақиқий фидойилари, мухлислари жам бўлди. Ҳар бир ҳудуддан келган ижодкор ёшлар ўзининг ижоди билан бошқаларни таништирди. Бу орқали биз кўплаб дўстлар, ҳамфикрлар орттирдик, шеъриятнинг юкини теранроқ англадик.    Бир сўз билан айтганда, Зомин таассуротлари юрагимизни ҳеч қачон тарк этмайди.

Зулфизар МАВЛОНОВА, (Бухоро вилояти):

– Жиззахнинг кўркли масканларидан саналган Ўриклисойда ташкил этилган семинарда қатнашиш имкони туғилганини эшитгач, қалбимизда қувончни туйиш билан бирга, масъулиятимиз ортганини ҳам ич-ичдан ҳис қилдик. Таниқли шоирлар, ёзувчи ва публицистлар билан бирга уч кун давомида ижод оламида қилган саёҳатимиз – фақат ва фақат ҳақиқатни айтишга, сўз юкини ҳис этишга ўргатди.

Биз каби семинарда иштирок этиш учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган тенгдошларимиз – ёш қаламкашлар билан аввалига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Дўрмон” ижод уйида бир кунимизни ўтказдик. Бу сўлим масканнинг булутларга бўй чўзган тераклари, мусаффо ҳавоси, атрофни тўлдириб турган ранго-ранг гуллари кўнглимизга илиқлик, тафаккуримизга теранлик бахш этди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари забардаст ёзувчи, шоирлар қадами теккан манзилларда кезишнинг гашти шу қадар ёқимли бўлдики…

Уларнинг руҳи бизга мададкор бўлишини ният қилдик, бетакрор мушоираларга, дилкаш суҳбатларга ошиқдик. Барча иштирокчилар либосларимиз ҳам кўнглимиздек оппоқ бўлсин, дея бир хил кийимда йўлга отланганимиз ҳам қалбларимизга завқ улашди.

Бизни бағрига олган Зоминда кечган самимий суҳбат ва сабоқларда устоз шоир-ёзувчилар ижодий ишларимизга чизгилар беришди. Камчилик ва нуқсонларимиз, ижодда нималарга эътибор қаратишимиз лозимлиги ғоятда мунис муносабатлар ила тушунтирилди, керакли маслаҳатлар берилди. Устозларнинг айтган ҳар бир сўзи, ҳар бир фикри биз учун сабоқ, биз учун дарс бўлди. Олган билимларимиз, адабиётнинг бетакрор сирларидан бохабар бўлганимиз энди ёзажак сатрларимизда ўз аксини топишига ишонамиз.

Бундан ташқари, турли вилоятлардан келган ижодкор ёшлар билан турли мавзуларда фикр алмашдик, бир-биримизнинг ижодимиздан баҳраманд бўлдик. Қизғин мушоиралар давомида ўз-ўзимизни қайта кашф этдик. Бу, албатта, бизга яна ва яна ўз устимизда ишлаш, кўпроқ мутолаа қилиш лозимлигини англатди.

«Ҳозирги ёшлар жуда салоҳиятли-да! Агар мен компьютер ёнида ўтирадиган бўлсам, уни тушунолмай, компьютер билан анчагача қолиб кетаман. Лекин сизлар, уйингиздаги жовонни тўлдириб турган китобларни ўқимасангиз, худди менинг ҳолимга тушиб қоласиз!». Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг учрашувлар давомида биз, ёшларга қарата айтган ушбу сўзлари қулоқларимиз остида такрор-такрор жаранглайверади.

Ҳақиқатан ҳам, китобга меҳрсиз, ардоқсиз муносабатда бўлган ижодкор ижодкор саналмайди. Чунки мукаммал асар ўнлаб китоблар мутолаасадан сўнг дунёга келади.

Гўзал, дилкаш давраларда қизиган учрашувлардан қайтар эканмиз, дунё-дунё таассуротлар, янги-янги билимлар, яқин-яқин дўстлар билан қайтдик. Бир сўз билан айтганда, Зоминнинг мафтункор табиати бизга илҳом, нурли манзиллари катта имкон берди. Бу имкониятдан фойдаланган, ижод майдонига қадам қўйган биз ёш шоир, носир ва публицистларни устозлар берган дуоси ҳамиша қўлласин!

Маъмура ТЎРАЕВА, (Қашқадарё вилояти):

– Ижод аҳлининг барча-барчаси адабиёт олдида ожиз. Улар СЎЗ деб аталмиш улуғ қудратга бўйсунади. Зомин семинарига йўл олганимизда жуда бахтли эдик. Семинарга қатнашаётганимиз учун эмас, адабиёт уйига кириб бораётганимиздан тўлқинланардик. Бу уй ёнидаги сўз билан таърифлаб бўлмайдиган манзаралар, атрофдан келаётган ижод ва табиат ҳавоси қалбимизга нур олиб келди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Муносабат

Қўшимча:

Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув
Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди