"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Орол денгиз соҳилин излаб…

Ўқилди: 254

“Ватан учун яшайлик”  танловига

 

Юртимизда  Ватанимиз тақдири билан чамбарчас боғлиқ Орол  фожиаси ҳақида бирор сатр бўлса-да ёзмаган шоир ёки ёзувчи  бўлмаса керак. Мен ҳам бундан тўққиз-ўн йиллар муқаддам “Орол денгизи”га деган бир шеър бошлагандим.  Лекин бориб, кўриб эмас,  Орол фожиаси ҳақида ўқиганларим ва эшитганларим асосида, Орол тақдирига азбаройи ачинганимдан ёзилган эди бу шеър. У шундай сатрлар билан бошланарди:

 Салқин-салқин шабадамас, туз аралаш —

Чангу тўзон бош ургайдир қирғоқларга.

Руҳи толғин, ранги сўлғин, юраги ғаш —

Орол ҳорғин кетиб борар йироқларга...

Лекин, бу шеърни матбуотда чоп этиш у ёқда турсин, ҳатто бировга кўрсатганим йўқ. Кўрсатсам, “Орол ҳақида ёзибсиз, уни бориб кўрганмисиз ўзи?!” деган савол туғилса,  ўзим кўрмаган-билмаган нарсам ҳақида ёзган бўлиб қоламан-ку , деган андиша бор эди.  Зеро, машҳур қорақалпоқ шоири Бердақ ҳар бир қалам соҳиби “Кўзи билан кўрганини, юрагида туйганини” ёзиши кераклигини бундан неча юз йиллар илгари таъкидлаб ўтган.

Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июл кунги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги  фармони ижросини таъминлаш ҳамда 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан,  Мустақиллик байрами арафасида ижодкорларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика Ёшлар Иттифоқи йўлланмаси билан вилоятларга юборишаётганда мени Қороқалпоғистонгаи юборишларини сўрадим.

Жавзои саратоннинг  жазирама кунларида ҳамма салқинроқ ҳудудни танлаганда, мени Қорақалпоғистонга юборишларини сўраганим, очиғи уюшма  масъул ходимини ҳайрон қолдирди. Мен айнан у ерга нима мақсадда бормоқчи эканимни эшитиб, хурсанд бўлишди, чоғи, “Сиз билан яна бир шоир бориши керак, уни кимлигини ўзингиз танланг” дейишди.  Истеъдодли шоир Дилшод Ражабни ҳамроҳ қилиб юборишларни сўрадим,  “Уни Бухорога ёзгандик, ўзингиз кўндириб беринг” дейишди. Дилшодга мақсадимни тушунтиргандим, шинаванда йигит эмасми, дарҳол  рози бўлди..  Шундай қилиб таниқли болалар шоири –  Дилшод Ражаб билан  бепоён ва саховатли қорақалпоқ юрти томон  парвоз қилдик.

“Аэробус  З20 А”  ҳаво лайнерида чексиз чўлу даштликлар, қумликлар узра учиб борарканмиз, беихтиёр мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли китобида Қорақалпоғистон ҳақида айтган қуйидаги пурмаъно сўзлари ёдимга тушди: “Агар Қорақалпоғистоннинг харитасига қарасангиз, унинг улкан саҳро – Қорақум ва Қизилқум ўртасида жойлашганини,  ён-атрофидаги жойлар Борса келмас, Қумбаскан, Қўйқирилган, Қанликўл деган номлар билан аталганини кўрамиз. Табиийки, бу номлар ўтмишдаги оғир фожиалардан далолат беради…

Бугунги кунда ўзингиз кўриб турганингиздек, бу ердаги ҳаёт манзаралари бутунлай ўзгармоқда. Яъни барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овуллар янгича чирой очиб бораётганини, замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, коммуникация тармоқлари барпо этилаётганини кўриб, кўзимиз қувонади.”

Юртбошимиз ўз китобларида барчамизнинг қалбимизни оғритиб турган Орол фожиаси ва унинг асоратлари ҳақида ҳам тўхталиб, жумладан шундай ёзгандилар: “2010 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби жаноб Пан Ги Мун Ўзбекистонга ташриф буюрганида, мен муҳтарам Юртбошимизнинг топшириғига биноан юксак мартабали меҳмоннинг Қорақалпоғистонга сафари давомида унга ҳамроҳлик қилдим. Биз вертолётда пароз қилиб, бутун Қорақалпоғистон ҳудудини, қуриб бораётган Орол денгизини тепадан туриб яққол кузатиш имкониятига эга бўлдик.

Ўшанда мен меҳмонимизга Орол денгизи билан боғлик экологик офат ҳақида, жумладан, денгиз тубидан ҳар йили 700-800 миллион тонна туз бўронлари ҳавога кўтарилиши ҳақида гапириб берган эдим. Бундай аянчли манзарани ўзи билан кўриб, ишонинглар, жаноб бош котибнинг кўзидан ёш чиқиб кетди. “Мен дунёдаги ҳалокат содир бўлган кўп жойларни ўз кўзим билан бориб кўрганман, – деди у, ўшанда.  – Лекин бундай оғир экологик ҳолатни умримда биринчи марта кўриб турибман.  Шундай кескин вазиятга қарамасдан, бу ерда яшаб меҳнат қилаётган  одамларга, уларнинг сабр-бардошига қойил қолдим, деб айтганини мен, шахсан ўзим  эшитганман”.

Президентимизнинг китобларида ёзилган гапларнинг айни ҳақиқат эканлигини  самолёт  Нукус шаҳри аэропортига қўнишга тайёргарлик кўраётгандаёқ сездик.  Онда-сонда ёмғирдан сўнг қолган кўлмакка ўхшаб кўринаётган кичик қўл ва бошқа сув ҳавзаларини айтмаганда, атроф  чексиз ва бепоён чўлу даштликдан иборат эди…

Бизни Қорақалпоғистон Республика Ёшлар иттифоқининг масъул ходимлари Азизбек ва Қувончбеклар кутиб олишаркан, эртага саҳарлаб  биримизни Қўнғирот туманида яна биримизни эса  Амударё туманидаги тадбирларда иштирок этиш учун олиш кетишларини маълум қилишди..

Эрталаб барвақт Дилшод Ражаб  Амударё туманига, мен эса  Нукус педагогика институти ректори вазифасини бажарувчи Мирзамурод Жумамуродов, мазкур институтнинг маънавий-маърифий ва ёшлар билан ишлаш бўйича бўлим бошлиғи Шарапитдин Арзиевлар ҳамда Республика Ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси “Ёш репортерлар” клуби аъзоси  Гулбану Пердабаевалар ҳамроҳлигида Қўнғирот тумани сари йўл олдик.  Қўнғирот тумани ҳокимлиги ёнида бизни туман ҳокими ўринбосари Бахтиёр Камолов ва Қўнғирот тумани  Ёшлар иттифоқи бўлим бошлиғи Абат Мамутовлар кутиб олишди. Биз улар билан биргаликда туманнинг спорт саноат коллежида ёшлар учун ташкиллаштирилган “Меҳнат ярмаркаси”да иштирок этдик.

“Меҳнат ярмаркаси”да Қўнғирот сода заводи, Устюрт  газ-кимё комплекси каби ўнлаб иш берувчилар ёшларга 130 дан ортиқ бўш иш ўринларини реклама қилишди. Қатор қўйилган стол-стулларда ўтирган иш берувчиларнинг  атрофини  ўраб олган қиз-йигитлар ўзларини қизиқтирган бўш ўринларини сўраб олишар, айримлари эса ишга кириш учун шартнома тузишга киришиб кетишган.

– Бу каби “Меҳнат ярмарка”лари ёш кадрларимизни ўз мутахассисликлари  бўйича бўш иш ўринлари ҳақида  маълумотга эга бўлишларида ва ўзларига маъқул бўлган соҳада ишга киришларида ғоят муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ёшлар иттифоқи туман бўлими бошлиғи Абат Мамутов.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Қўнғирот тумани тиббиёт бирлашмаси  шифохонасига бориб, у ерда  даволанаётган,  кам таъминланган оилаларнинг  ўн нафар фарзандларига Республика Ёшлар Иттифоқи номидан байрам совға совғалари топширишда иштирок этдик. Улардан “ Қани болажонлар, ким шеър ўқиб беради?!” –деб сўргандик.  Илҳом номли бир болакай давлатимиз мадҳиясини шеър қилиб ўқий бошлади ва бошқалари ҳам  аста-секин қўлларини кўксиларига қўйиб унга жўр бўлишди. Уларнинг кўзларида бахт ва шодлик  учқунлари порларди.

– Энди кечки соат 18-00гача бўшмиз. Хоҳласангизлар, бунгача Қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ажиниёз мақбарасини зиёрат қилиб келишимиз мумкин. Лекин у жой Қўнғиротдан анча узоқда, Мўйноқнинг йўлида жойлашган – дейишди мезбонлар.

Мен уларга Оролнинг ҳеч бўлмаса, Мўйноқ туманидаги ҳудудини,  хусусан “Кемалар қабристони” деб ном  олган жойни бориб кўрсак, мақсадга мувофиқ  бўларди, шунда Орол фожиасини ўз кўзимиз билан кўриб, қалбан ҳис этардик,  деган таклиф киритгандим, бу уларга маъқул бўлди ва вилоят ҳокими Бахтиёр Камоловнинг розилиги билан Абат Мамутовнинг автомашинасида  Мўйноқ тумани томон йўл олдик.

“Юрган дарё, ўтирган бўйро” деганларидек, Ажиниёз ота мақбарасига етмасимиздан олдин,  йўл бўйида “Жантемир эшон мозори”га   дуч келдик ва зиёрат қилиш учун тўхтадик. Ҳамроҳимиз Жантемир эшоннинг асли касби чўпон бўлиб чўлу даштларда қўй-эчки боқиб, одамларнинг оғирини енгил қилиб юрган бир авлиёсифат инсон бўлганлигини таъкидлади.

– Айтишларича, йигирманчи асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида бу ердан  Қўнғирот — Мўйноқ йўлини ўтказишаётганда, йўлсозлар ғаройиб бир ҳодисага дуч келишган. Негадир уларнинг йўлнинг йўналишини  белгилаб берувчи асбоблари, йўналишни бир тепаликдан айланиб ўтиб кўрсатаверган. Мутахассислар қайта-қайта ўлчашса-да, шу ҳол такрорланверган. Ниҳоят улар атрофда қўй боқиб юрган чўпонлардан сўраб-суриштириб, бу ерда қадимий қабристон,  Жантемир эшон мозори борлигини айтишган ва йўлсозлар йўлни мозорнинг ўнг томонидан  буриб ўтказиб юборишга мажбур бўлишган. Шу-шу Жантемир эшонни “йўлни бурган авлиё”  ҳам деб ҳам аташади.

Биз ёшлар етакчисининг ўз халқининг тарихини яхши билиши ва ўз аждодлари ҳақида фахр-ифтихор сўзлашини кўриб қувондик.

Машина икки томони саксовулу ёлғунлардан иборат чўлу даштлар оралаб елиб боради. Чўлнинг ўрталарида кўриниши тол ва майда барглди теракка ўхшаш дархтлар  ҳавонинг қайноқ тафтини ҳам писанд қилмай, сукутга чўмганча қаторлашиб туришади.  “Булар толми, теракми?!” –деймиз қизиқсиниб.

– Булар туронғул. Бир пайтлар сувли кўллар бўлиб, энди эса яйдоқ чўлга айланган бунақа жойларда фақатгина шу дарахт ўсиши мумкин. Уларни ҳеч ким экмаган, ўзидан ўзи  ўсиб, ўзи кўпаяди. Жуда бардошли дарахт, — деди ҳамроҳимиз кулимсираб.

“Ҳа, бу туронғул дарахити ҳам сабр-бардошни  қорақалпоқ халқидан ўрганган бўлса, ажабмас” – деган ўй келади хаёлимга.

Жантемир эшон мозоридан Мўйноқ томонга 45-50 километрча юриб Ажиниёз ота мақбарасига дуч келдик.  Мақбара йўлнинг чап томонига эллик метрча ичкарида жойлашган экан. Ўша томонга юрдик. Мана, қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ажиниёз мақбараси яйдоқ чўл ўртасида қўр тўкиб турибди.  Ўтмишнинг узоқ йиллари даврида қаровсиз қолган мақбара истиқлол йилларида таъмирланиб, устига салобатли мақбара қурдирилибди. Мақбара  пештоқининг ўнг томонида “ Ажинияз Қосыбай улы  зийўар 1874-1878” деган ёзув, сўл томонида улуғ қорақалпоқ оқинининг “Бул дуниянинг кўрки адам баласы” деган ҳикматли сўзлари  туширилган мармартош осиб қўйилибди.  Мақбарани зиёрат қилар эканмиз, Беихтиёр Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсуповнинг “Айтгил, Ажиниёз қўшиқларидан” деган ўтли сатрлари ёдимизга тушди.

Шоир Ажиниёз Мўйноқда туғилган экан, у болалигидан ўз ватани ва халқини жону дилдан севиб яшаган, унинг даруда ташвишларини куйлаган. Ўтган асрларда халқ  “Бўзатов” дан  ёппасига кўчганида “Бўзатов” қуийдаги шеърини битган:

Кетар бўлдик энди бизлар бош олиб,

Хўш омон бўл, биздан қолдинг, Бўзатов.

Эл ҳам ер биландир, ер ҳам эл билан,

Ерсиз элнинг куни  дарбадар билан,

Умр ўтар юракдаги шеър билан,

Хўш омон бўл, биздан қолдинг, Бўзатов!..

Зиёратгоҳдан чиқиб Мўйноқ тумани сари йўл оларканмиз беш ўн чақиримдан сўнг ўнг томонимизда “Бўзатов” деган ёзув чиқди ва ўнг томонда атрофлари юлғуну саксовул шохлари билан ўралган лойсувоқ томли қишлоқ кўринди. Уч-тўртта болакай йўлни кесиб ўтган, анҳорни эслатувчи қирғоқлари бетон қилинмаган каналнинг сокингина оқаётган лойқа сувида чўмилишарди. Сув болаларнинг белигача ҳам келмас, лекин шўх болакайлар шунинг борига ҳам хурсанд, бир-бирига сув сачратиб ўйнашарди. Дарвоқеа, Қинғиротдан Мўйноқ туманига йўлимиз давомида икки-учта шундай кичик каналларга дуч келиб, кам бўлса-да, сув бор экан-ку, деган бир таскин кўнглимизга умид бағишларди..

Президентимиз Шавкат Мирамонович Мирзиев томонидан  Мўйноқ аҳлининг мурожаатига мувофиқ, қисқа муддатда туманга юз километрлик  қувур тортилиб  ичимлик суви олиб борилгани эса қувончли тарихий воқеа бўлиб, туман аҳли қалбида келажакка бўлган ишончларини ошириб юборганлигини эса нафақат Ўзбекистон аҳли, балки оммавий ахборот  воситлари орқали бутун жаҳон аҳли ўз кўзлари билан кўриб, ўз қулоқлари билан эшитишди.

“Мўйноқ” туманига кириб борар эканмиз, йўлнинг ўнг томонида чоғроққина кўл ва унда сузиб ҳамда осмонда учиб юрган ўрдаксимон қушларни кўриб, кўнглимиз янада равшанлашди. Демак, озгина бўлса-да, шўр бўлса-да сув бор. Ҳеч бўлмаганда балиқ овлаб кун кўриш мумкин.

Айтгандек, жорий йилнинг февраль ойида Мўйноқ туманида “рол денгизи  балиқларидан 90 турдаги таомлар” гастрономик фестивали ўтказилиб, унда туман пазандалари иккинчи, хоразмлик пазандалар эса биринчи ўринга сазовор бўлишибди . Шундоқ йўлнинг бўйида мазкур танлов шиори акс этган баннер осиб қўйилган. Баннернинг тепа қисмида мовий денгиздаги кемада турган бир балиқчи каттакон лаққа балиқни шеригига кўз-кўз қилаётан ҳолати, пастида эса балиқдан тайёрланган турли-туман таомлар акс эттирилган эди.  Гарчи ўтказилган бу тадбир оддий гастрономик фестивал бўлса-да, унинг Орол балиғидан тайёрланган балиққа боғлиқлиги, дунё аҳлини бизга шундай ризқ-рўз билан сийлаб турган Орол фожиасини эслатиб қўйишга қаратилгандек, туюлди менинг назаримда.

Мўйноқда бизни Республика Ёшлар иттифоқининг туман бўлими  бошлиғи Саламат Иноятов кутиб олди ва бизни Учсойдаги  “Кемалар қабристони” деб аталган жой сари бошлади. Аҳволни кўриб, этим жунжикиб кетди. Бўғзимга аламнок  мисралар тиқилди:

Орол, айт сени қаритган бизлармасму,

Бағрингдан мавжни аритган бизлармасму,

Жондай азиз сувларингни чўлга буриб,

Ўпкангни чўпдай қуритган бизлармасму?

Орол қуримаган даврларда бу жойлар, “Бандаргоҳ” яъни кемалар қўним топадиган жой деб аталган экан.  Қанийди, бир мўъжиза юз берса-ю, Яратган Парвардигор “Ол, қулим” деб  яна Оролни сувга тўлдириб, денгиз минг аср   аввалги ҳолатига қайтса-ю, бу жойлар “Кемалар қабристони “ деб эмас, балки яна  қадрдон “Кемалар бандаргоҳи” номи билан аталса.   Ёки дунё аҳлининг қулоғига  Оролбўйида  яшаётган ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ ва туркман халқларининг оҳу ноласи етиб бориб, Ер куррасида яшовчи инсонларнинг ёрдам қўллари Оролнинг, Оролбўйи халқларининг  дардига дармон бўлиш учун чўзилса. Қанийди..

Аммо минг афсуски, бу жуда-жуда  қийин масала. Қорақалпоғистонилик таниқли ёзувчи  Ўрозбой Абдураҳмоновнинг “Орол қандай қуриди” номли куюнчаклик билан ёзилган асари асосида “Адабиёт” газетасининг 2018 йил 14 июнь сонида босилган “Орол фожиаси: кеча, бугун, эртага” номли мақолада бу фожиа сабаблари кенг очиб берилган.

“Оролни ким қуритганини, қандай қуритганини  ҳамма билади, -деб ёзади таниқли ёзувчи, – Аниқ айтганда Ўрта Осиё республикаларидаги нотўғри аграр сиёсат қуритди. Мисол учун узоққа боришнинг ҳожати йўқ: Туркмнистондаги ўзлаштирилган ортиқча гектарлар, Қашқадарё,Бухоро, Сурхондарё, Хоразм ва Қорақалпоғистон АССР даги ёлғон маълумотлар, қўшиб ёзишлар, махўрликка интилишлар билан лаганбардорлик, сохта хушомадгўйликлар оқибатидан жазоларини тортаётир. Уларнинг барчасининг бўйнига яна бир жиноятни қўйиш мумкин эди. Бироқ, ҳозиргача ҳеч бир суд жараёнида ортиқча гектар экиб, ёлғон маълумот берганларга “Сен қанчадан-қанча ҳалол сувни исроф қилиб, Оролнинг қуришига мана шунча зиён келтирдинг”,- деган айб қўйилган эмас”.

Эвоҳким,  бир вақтлар сувлари мавжланиб кўзларни қувнатиб турган Орол денгизи ўрнида, соҳилдан 60-70 метрлар чамаси пастликда фақатгина туз аралаш қумлоқдан иборат бепоён дашт ястаниб ётибди. Ўндан ортиқ кемалар эса, қуригаан денгиз сатҳидаги  қумлокқа чўкиб, занглаб ётибди. Бир вақтлар бу ер чексиз денгиз бўлгани ва бу кемалар каби юзлаб кемалар унда тўлқинларга тўш уриб сузиб юрганини тасаввур қиларкансиз,  қалбингиз зирқираб, ногаҳон кўзингиздан қайғу алам ёшлари тирқираб чиқади. Аммо минг афсуски, Оролни кўз ёшлар биллан тўлдириб бўлмайди.

Бандаргоҳ яқинидаги маёқ остига бир маҳаллий тадбиркор йигит   хорижий сайёҳлар учун “Ўтов” шаклидаги меҳмонхона очиб, уларни миллий таомлари билан сийлаб келаётган экан. Иссиқдан силласи қуриган саёҳлар бийдай чўлнинг ўртасидаги бу соя-салқин гўшада мириқиб дам олиб қайтишаркан. Ёш тадбиркорнинг шундай қийин шароитда ҳам “ишнинг кўзини билиб” мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошришга қўшаётган ҳиссасидан бошимиз осмонга етди.

Мўйноқ транспорт касб-ҳунар коллежидаги ёшлар билан учрашувимизда ҳам, аксарият ёшларнинг қалбида  Орол фожиасига, қорақалпоқ халқининг тақдирига ачиниш туйғуларини ҳис этдик. “Оролнинг бундан кейинги тақдири нима бўлади?” деган саволга эса  яна ўша  машғур қароқолпоқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновнинг мақоласида келтирилган фикрлар доирасида жавоб қайтара олдик. холос.

Яқинда мамлакатимизда “Орол фоижаси” га бағишлаб ўтказилган форум ҳақида тўхталар экан, у шундай дейди: “Форум-ку яхши, битта мақсад сари интилишларни жамлаштириб, қандайдир ечим топишга ёрдам беради. Лекин, масаланинг  чуқурроқ умуминсоний илдизига қарайлик.  Бутун сайёрамизда озиқ-овқат масаласи кўндаланг эканига эътибор берайлик. Оролни нима қилсак ҳам энди у қуримайди ва бор сувлар билан  тўлмайди.  Умид ҳамон Сибирь сувларида. Сибирдаги икки дарёнинг 7 фоиз  суви Ўрта Осиё ҳудудида тирикчилик учун, иқлим мўътадиллигини сақлашга етиб ортади. Бу ерлардан уншган  деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини нафақат Ўзбекистонда, балки, Россия, Қозоғистон,Хитой ва бошқа давлатлар билан  бирга баҳам кўриш мумкин. Бу – катта сиёсат. У Форумлар билан ҳал бўладиган масала эмас. Балки, ШОСнинг кейинги саммитларида у ўз ечимини топар. Умид қиламизки, ҳудудга Сибирь сувлари келса ракеталар ҳам учаверади, Оролнинг чанг тўзони ҳам босилади, энг муҳими Орол бўйидаги минглаб хонадонлар қозони қайнади…” Кошки эди шундай бўлса.

Ёшлар билан учрашувдан сўнг Саламат бизни Оролбўйи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан таништириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали бўлган Мўйноқ экология музейига бошлади.

Туман маданият бўлими бошлиғи Гулбаҳор Тўқсонбоеванинг айтишича, бу музей 1984 йилда  врач — Ўринбой Эсеркепов томонидан, дастлаб “Учсой” овул фуқаролар кенгаши ҳудудида тузилган бўлиб, кейинчалик, 1996 йилда  туман маданият бўлимига кўчириб келтирилган экан.  Музейда Орол денгизи  ва оролбўйи халқларининг  тарихи, яшаш тарзига оид кўплаб экспонатлар, жумладан денгизда балиқ овлаган балиқчининг  бетон ҳайкали,  балиқчи кемаларининг макетлари, ўша даврлар  Оролбўйи халқлари, хусусан, овчи ва балиқчилар ҳаёти акс этган тасвирий санъат асарлари жой олган. Шунингдек,  Орол денгизида ва соҳилида яшаган  – бўри, тулки,, қундуз, андатра ва бошқа ҳайвонлар,  пахмоқ сақоқуш, ўрдак-ғоз, балиқчи қушлар, лайлак ва бошқа қушларнинг қотирилган  намуналари мавжуд.  Музейни тамоша қилар экансиз, бундай эллик — юз йиллар аввал Орол денгизи соҳиллари қандай оромбахш ва жаннатмакон бўлганлигини тасаввур қилишингиз қийин эмас.

Қаранг, оддий бир қорақалпоқ фуқаросининг фидойилиги сабабли шундай бир ажойиб музей ташкил этилиб, ёш авлод кўнглида ўз ота-боболарининг қандай яшаганликлари ҳақида тасаввур уйғотиш ва улардан фахрланиш имкони берилибди. Ўз юртини жондан севган бу тиббиёт ходимининг ватанпарварлиги ва  фидойилигига қойил қолмай илож йўқ.

Бу музей Қорақалпоғистонга Давлатимиз раҳбарининг ҳам эътиборига  тушиб, уни таъмирлаш тўғрисида қарор чиқарилиб, 2017 йилда тўла таъмирлан чиқарилибди. Мухтасар қилиб айтганда, Орол денгизи  қуришидан олдин  бу ердаги аҳвол қандай бўлган, деган саволга  Мўйноқ экологик музейидан бемалол жавоб топишингиз мумкин.

– Бугунги кунда Оролбўйи ўсимликлар дунёсининг  300 хилдан ортиқ ўсимлиги,  35 турдаги қушлар, 23 хил жониворлар ва 11 турдаги балиқлар йўқолиб бораётгани сабабли Қизил китобга киритилган, — дейди Г.Тўқсонбоева.  — Музейимизда  улар тўғрисида ҳам талайгина маълумотлар бор.

Эртаси куни тонги соат еттиларда Қорақалпоғистон Республикаси “Маҳалла” жамғармаси раисининг биринчи ўринбосари Тожибой Раманов билан Элликқалъа тумани сари йўл олдик.

Йўл-йўлакай шу туман ҳудудида жойлашган  Султон Увай бобо мақбарасини  зиёрат қилдик.  Ҳамроҳим ул зоти шарифнинг ҳаёти  ва фаолияти ҳақида  фахрланиб сўзлай кетди:

– Султон Увайс Қараний Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаламнинг замондоши бўлиб, бизнинг юртга ташриф буюрган авлиёлардан биринчи экан. Султон Увайс бобомиз Пайғамбаримизни шахсан кўрмаган бўлсалар-да, ул зотга муҳаббатлари чексиз бўлган. Бир улуғ зотни кўрмасдан, ундан руҳий  таълим олган  бузрукни Увайс (яъни хоксор, камтар кимса) дейилади. Бундай ном  илк бора Пайғамбаримиз  томонидан шу зотга берилган. Султон Увайс бобомиз Рассуллулоҳ тишларининг синганини эшитиб, ўз тишларини  синдиради. Бу Пайғамбаримизга бўлган чексиз меҳру муҳаббатнинг кучлилигидан далолат беради, – деди Тожибой ака. – Султон Увайснинг тўлиқ исми Суҳайл ибн Омир Қараний бўлган.  Тарихий манбаларда ул зотнинг боболарини Яман ўлкасининг Қаран шаҳридан эканлиги айтилади.

Султон Увайс дафн этилган жойга  Хоразмшоҳ амри билан  катта мақбара қурилган. Аммо Чингизхон  босқини туфайли 1221 йилда мақбара вайрон қилинган.  Мақбара-масжиднинг қолдиқлари XVIII – XIX асрларгача сақланиб қолган. 1805-1806 йилларда мазкур мақбара Хива хони Элтузархон томонидан қайта тикланган. Аммо, ўша пайтларда бўлган қаттиқ зилзила ва сув тошқинлари туфайли у қулаб тушган. Орадан 30 йил ўтгач Муҳаммад Раҳимхон  I нинг ўғли Оллоқулихон мақбарани қайта тиклаган. Мақбаранинг бош меъмори ва устаси Вали ота Хоразмий деган киши бўлган. Ҳозир у кишинин авлодлари Беруний туманида, Бийбозорда яшашади.

Султон Увайс бобо мақбараси жуда чиройли, маҳобатли  қилиб, баланд жойда бунёд этилган. Собиқ мустабид тузум даврида олтиндан ясалган қандил, олтин суви юритилган панжара ҳамда гумбаз устига қўйилган олтин қубба ҳам олиб кетилган.

Мустақиллигимиз шарофати билан Султон Увайс бобо зиёратгоҳида жуда катта ободонлаштириш ишлар олиб борилди. Зиёратчилар ўтирадиган бинолар, янги маҳобатли масжид барпо этилиб, ичимлик суви билан таъминлланди, электрлаштирилди. қилиниб ободонлаштирилди.

– Э, қойил-е, бунча маълумотларни  қаердан биласиз, тарихни яхши биларкансиз-а ?! –дейман ҳайратимни яширолмай.

– Бу ҳаммаси кўп китоб ўқишдан, – дейди ҳамроҳим завқланиб, – Султон Увайс бобомиз тўғрисида кўплаб рисоллар бор. Бу маълумотларни эса Ҳамидулла Аминов ва Жўрабек Юсуповлар ҳаммуаллифлигидаги “Увайс Қараний” китобидан ўқиб олганман. Бу улуғ зот ҳақида Фаридиддин Аттор, Абдулҳақ Деҳлавий, Имом Суютий ва ҳазрат Алишер Навоий асарларида батафсил маълумотлар бор.

– Шу китобдан битта топса бўладими? –сўрайман қизиқиб.

–  Ҳа, албатта, бу ёққа  юринг, -деди Тожибой ака ва зиёратгоҳга кириш жойидаги турли тумору тақинчоқлар сотилаётган расталар томон бошлади.  Расталардан биридан юқорида қайд этилган “Увайс Қараний” китобини сотиб олиб, тилло топгандек суюниб кетдим.  Зиёратдан кўнглимиз тўлиб Эллик қалъа томон йўл олдик.

Тумандаги Санъат саройининг ёзги дала шийпонида  “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтаётган экан. Бизни ҳам шу ерга таклиф қилишди. Учрашувда туман ҳокими Саидамат Авезов, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Тожибой Раманов, Қорақалпоқ Давлат университети проректори Марат Тагаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман Халқ қабулхонаси мудираси Анажон Раззақова, туман ҳокими ўринбосари Маъмуржон Ҳасанов, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулхумор Аитбаева, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Озода Рўзимова, туман “Маҳалла” жамғармаси раиси Фарҳод Ибодуллаев, тумандаги тегишли корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари рахбарлари ҳамда академик лицей, касб-ҳунар коллеж битирувчилари, ютуққа эришган бир гуруҳ ёшлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Учрашувда туман ҳокими Саидамат Авезов сўзга чиқиб,  Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонун, мазкур қонун самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги 5106-фармони, Ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора тадбирлар тўғрисидаги 3138-сонли қарори ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама соғлом, замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаган мутахассислар этиб тарбиялаш кераклигини айтиб ўтди.  30 июнь “Ёшлар куни” муносабати билан бутун Элликқалъалик ёшларга ўз самимий табригини изҳор этди. Шу жумладан, мамлакатимизда барча  соҳада эришилаётган ютуқлар, ёшлар жамиятнинг энг илғор қатлами сифатида ҳамиша қўллаб-қувватланиши, уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлаш ҳукумат эътиборидаги энг асосий вазифа эканини таъкидлади.

Учрашувда сўзга чиққан бошқа мутасаддилар ҳам мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, улар доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Шундан сўнг туман ҳокими  Маҳлиё Эгамбердиева, Хушнуд Қландаров, Бегзод Досчанов  каби ёшларнинг ўз орзу-умидларини рўёбга чиқариш борасидаги муаммоларига боғлиқ саволларини тинглаб, уларнинг аксариятини жойида ҳал этди. Айрим муаммоларнинг ечими бўйича мутасадди ташкилот раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берди.

Сўз навбати менга берилгач, барчани байрам билан табриклагач,  шундай экологик оғир шароитда яшаётган қорақалпоқ халқига таъзимими рамзи сифатида, кечгагина якунлаганим  “Орол денгизига” номли янги  шеъримни ўқиб бердим ва тенгдошларига ўрнак бўлаётган  Шаҳноза Шарипова, Гуласал Очилова  каби фаол ёшларга ўзимнинг янги китобларимни тақдим этдим.

Учрашув сўнгида туман фаол ёшлари Ёшлар иттифоқи туман Кенгашининг фаҳрий ёрлиқлари ҳамда китоблар тўпламлари билан  тақдирландилар.

Ёшлар билан учрашув  тугагач, туман ҳокими барчамизни шу ернинг ўзида ташкил этилган “Меҳнат ярмаркаси”га  таклиф этди.  Узун йўлакнинг икки томонида қўйилган стол-стуллларда турли корхона-ташкилотлар вакиллари атрофларини ўраб олган ёшларга ўзларида мавжуд бўш иш ўрни ҳақида маълумот бериб, шарт-шароитлар билаан таништиришарди. Бу ерда турли соҳалардаги жами 179та бўш иш ўринлари реклама қилинаётган экан. Айрим ёшлар ўз мутахассислиги бўйича иш топганидан суюниб,  меҳнат шартномаси тузиш тараддудига тушиб қолишди. Хуллас, бу ердаги тадбирдан  ҳам мурод ҳосил  бўлди.

Шу куни Элликқалъада ёшлар ўртасида спортнинг узоқ масофага югуриш марафони, футбол, самбо, баддий гимнастика ва тирда ўқ отиш мусобақалари ҳам ўтказилаётган экан. Бу эса ёш авлодни эпчил ва чаққон, ватанпарвар ўғил-қизлар бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.

Навбатдаги  тадбир бошланишига бирор соатча вақт борлиги сабабли университет проректори Марат Тагаев ва туман “Маҳалла” жамғармаси раиси Фарҳод   Ибодуллаевлар Тоживой ака иккимизни Элликқалъанинг кўп йилллар давомида соҳилларида “Ақчакўл илҳомлари” тадбирлари ўтказилган Ақчакўл томон бошлади.  Бу ерда биз бир вақтлар “Ақчакўл илҳомлари” да иштирок этган  устоз шоирлар  Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ва халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуфни хотирладик. Уларнинг қалбимизда муҳрланиб қолган шеърларида ўқиб, кичик мушоира қилдик.  Фарҳод ака йўл-йўлакай сотиб олган тарвузни сўйиб, тарвузхўрлик қилдик, ортиб қолган тарвуз мағзи ва уруғи билан балиқжонларни  сийладик.

– Орол ҳақида зўр шеър айтдингиз, жуда таъсирландим. Менинг бир илтимосим пойтахтга етказсангиз, аввал келган тарғиботчиларга ҳам айтганан – деб қолди сал ийманиб Мурат ака. – Борган бўлсангиз, Қўнғиротдан Мўйноққа кетишдаги йўлдан 10-12 километрча ичкарида Зангиота бобонинг устози, улуғ авлиё

– Ҳаким ота мақбараси бор, шу жойни ободонлаштириш масаласи ўйлаб кўрилса, яхши бўларди.

– Афсуски, шу жойга боришга улгурмадик, — дедим тўғрисини айтганча мен, — Аммо бу ҳақда  мақоламда албатта ёзаман ва ўйлайманки, бу эзгу ишни амалга оширишга бош-қош бўлувчи савоб талааб юртдошларимиз албатта топилади ҳамда биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Элликқалъадаги кейинги тадбир соат 12 — 00ларда “Дийдор”  тўйхонаси-да бошланди. Буни қарангки, бу тўйхона янги қурилганда устоз Абдулла Ориповдан унга ном қўйиб беришни сўрашганида, бу ер ўзбек-қорақалпоқ дўстлари дийдорлашадиган жой бўлақолсин деган мақсадда, шоир бобомиз бу ерга  “Дийдор” деб ном қўйиб берган экан. Бу ерда туманнинг 150 нафардан ортиқ кам таъминланган оилаларининг фарзандларига байрам дастурхони ёзилиб, уларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  Туман ҳокими ва мен чиқиб барчани байрам билан табрикладик. Шундан сўнг болажонларга туман окимлиги ва Ёшлар иттифоқининг эсдалик совғалари, китоблар ва мактаб жиҳозлари топширилди. Тадбир якунига эса санъаткорлар ўз куй-қўшиқлари билан файз киритиб юборишди. Болажонлар шўх куй-қўшиқлар оҳангида мазза қилиб рақсга тушишди. Уларнинг юз-кўзларидан бугунги кундан шоду хуррам эканликлари сезилиб турарди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Озода Рўзимованинг маълумотига кўра, худди шундай хайру саховат тадбирлари туманнинг бир қанча жойларида ташкил этилди. Жумладан, тумандаги “Гулистон”, “Дўстлик”, “Шарқ юлдузи” овул фуқаролар йиғинлари ва “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги  кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳамда ногиронларга байрам дастурхонлари ёзилиб, уларга ҳокимлик, Ёшлар иттифоқи, ички ишлар бўлимлари ва фуқаролар йиғинларининг совға-саломлари улашилибди.  Бу эса халқимизнинг нақадар болажон ва меҳрибонлиги ифодаси бўлиб, болажонлар қалбида эзгулик рамзи сифатида бир умрга муҳрланиб қолади.

Сафаримизнинг учинчи куни Нукус шаҳри марказида “Ёшлар куни” муносабати билан гала концерт ўтказилиши керак эди. Тунда пойтахтдан бир гуруҳ санъаткорлар етиб келишгач, шоирлар бу тадбирда қатнашмаса ҳам бўлади, деган фикрга келишган шекилли, 30 июнь куни тонгги рейс билан бизни жўнатиб юборишмоқчи бўлишди.  Аммо авиачипта олишмагач, биз тушгача бўш қолдик ва шаҳардаги  И.Савицский номидаги музейни зиёрат қилмоқчи бўлдик.

Қорақалпоғистонда ишлович бир қадрдон дўстимизнинг шарофати билан Қорақалпоғистон Республикаси  номидаги И.В.Савицский номидаги Давлат музейида бўлдик. Музейнинг Ойсултон номли ходимаси бизга музей яратилиши тарихи, унинг асосчисининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда музейдан жой олган экспонатлар билаан таништирди. Экспонатлари кўплиги жиҳатидан бу музей машғур Лувр музейидан кейин дунёда иккинчи ўринда турар экан.

Музей залларини айланар эканмиз, қорақалпоқ халқининг тарихи нақадар теран  эканлигини яна бир бор юракдан ҳис этдик. Миллати украин бўлган Иван Савицкийнинг қорақалпоқ халқи тарихи ва маданиятига шунчалик меҳр қўйгани ҳам, унинг ўлимидан кейин  Давлатимиз раҳбарияти томонидан “Буюк хизматлари учун ордени” билан мукофотланиши ҳам бежиз эмаслигини ҳис этдик.

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти И.Каримовнинг 2003 йил декабрида бу  музейда бўлиб, унинг нуфузли меҳмонлар учун ажратилган журналида   ёзган:  “Қорақалпоқ эли бундай бетакрор ва ажойиб музей билан  қанча фахрланса арзийди. Музей ходимларига –фидойиларга катта  омад ва зафарлар, бахт  ва саодат тилаб қоламан” – деган самимий дасхатлари билан танишиб, бу сўзлар нақадар ҳаққоний ва матонатли қорақалпоқ халқига муносиб эканлигини юракдан ҳис этдик.

Музейнинг қорақалпоқ халқи турмуш тарзи акс этган, И.Савицкий ва кўплаб бошқа рассомларнинг ижод маҳсуллари ҳамда Лувр музейи экспонатларининг нусхалари қўйилган заллари бизда катта қизиқиш уйғотди. Орол денгизи тарихи ва унинг фоижасига оид экспонатлар эса қалбларимизни ларзага солди.

Эрта тонгда катта ҳаво лайнерида пойтахтга қайтар эканмиз, дунё аҳлининг, хусусан  қўшни Республикаларнинг Оролбўйи халқларининг тақдирини енгиллаштириш борасидаги “Аср лойиҳаси” каби нажоткор лойиҳаларни амалга оширишда нафақат хайриҳоҳ, балки  камарбаста бўлишларига умид қилиб қолдик. Орол тўғрисидаги шеъримни эса шундай эзгу ниятлар билан якунладим:

Яна чанқоқ қучоғингда мавж кўрайин,

Севинчлардан кўзимдан ёш сизиб кетсин.

Юрагимни балиқ қилиб қўйворайин,

Сувларингда шўху хандон сузиб кетсин.

 

Сен — Заминнинг уриб турган юрагисан,

Ҳеч тинмагил, куч-ғудратга тўл, Оролжон!

Бир мен эмас, башарият тилагисан,

Сен ўлмагил, мангу омон бўл, Оролжон!

Аввалгидай яна мавжга тўл, Оролжон!

 

Зикрилла Неъматов,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

                                        

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”