"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст

Ўқилди: 245

Президент ташрифидан сўнг

Кейинги икки йил адабиётимиз алоҳида ардоқланган, маънавиятимиз, маърифатимиз юксак қадрланган азиз кунлари билан хотирамизда ўчмас изларини қолдирди. Ана шундай кунлар асло тўхтагани йўқ, завқу шавққа тошиб давом этмоқда.

Яқинда Марғилон шаҳрига сафаримиз вақтида саодатманд кунлар шукуҳидан адабиётимизнинг ўзига хос муаззам чамани гуллаб-яшнаётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Марғилон шаҳрида ижодкорлар боғини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда бу ерда кенг миқёсда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бугун бу манзилга қадам қўйсангиз, улкан бунёдкорлик ифодаларидан кўзингиз қувнайди. Истироҳат боғи майдони салкам икки бараварга кенгайтирилиб, мевали ва манзарали дарахтлар тартиб билан саф тортган, гулзору майсазорларга дид билан зеб берилган.

Соҳир хаёл оғушида юрар экансиз, инсонни тафаккур қилишга чоғлайдиган обида қаршисидан: бу – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқимизнинг ардоқли шоири Эркин Воҳидов ҳайкали. Бир қўлида китоб, бир қўли кўксида. Юзидан нур ёғилиб турган устоз шоир сиймосидан бир зум кўз узолмай қоласиз…

Президентимиз мазкур боғ ҳақида, хусусан, шундай деган эди:

– Ушбу боғ ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айланиши керак. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлиб, маънавий оламини янада бойитсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, Қаҳрамон шоиримизнинг шеъру ғазаллари инсон қалбига нур индиради, зиёга буркайди. Бу нур эса келажакда ёшларнинг умр йўлларини ёритиб тургувчи бир маёқ бўлади, албатта.

Боғда замонавий аттракционлар ҳам ўрнатилган. Барчаси болажонлар ихтиёрида. Табиийки, болалар бобо-момолари, ота-оналари, устозлари билан бирга келишади. Боғ уларга фақат ҳордиқ чиқариш маскани бўлибгина қолмай, маънавият манзили вазифасини ҳам ўтайди. Чунки унинг ҳудудида Эркин Воҳидов номидаги музей, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими биноси, ижодкорлар хиёбони, ёш ижодкорлар мактаб-интернати, турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 2 минг кишилик амфитеатр, Нуронийлар маскани қад ростлаган.

Боғни нафақат истироҳат, балки маърифат боғи, дея аташ ўринли кўринади. Ёшлар сайрибоғ асносида, албатта, Эркин Воҳидов номидаги музейга ҳам киришади. Улуғ шоирнинг ҳаёт йўли қанчалар мураккаб, зиддиятларга тўла бўлганлигини музей бўйлаб қилинадиган саёҳат жараёнида ҳис этиш мумкин. Шоир китоблари, қўлёзмалари, суратлари, фойдаланган буюмлари… ҳамма-ҳаммаси диққатни ўзига тортади. Улардан устознинг бўйи келиб тургандек туйилади. Давлатимиз раҳбари эзгу ғоянинг қандай рўёбга чиқарилганини кўриш мақсадида Фарғона вилоятига навбатдаги ташрифи чоғида мемориал музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. Мазкур маскан ҳақиқий маънавият ўчоғи бўлиши кераклигини, бу ерга ўқувчи ва ёш ижодкорларни кўпроқ олиб келиш зарурлигини таъкидлади. Вилоятда бир йилда икки марта Эркин Воҳидов ўқув кунларини ташкил этишни таклиф қилди.

Таниқли шоир номидаги ижтимоий фанлар йўналишидаги истеъдодли ёшлар мактаб-интернатининг марварид шодаларидек оппоқ биноси ёшларнинг оқ кўнгилларига кўтаринки ҳиссиётларни улашмоғига асло шубҳа йўқ. Зеро, юртимизда ташкил этилган ижод мактаблари келажакни ўйлаб эзгуликка қаратилган теран маърифий ташаббус маҳсулидир. Мазкур мактабларда таҳсил олган ёшлар миллатнинг, Ватаннинг корига ярайдиган, камолот касб этган кишилар бўлиб вояга етишларига ишончимиз комил.  2017 йили Президентимиз Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида иқтидорли болаларимизни қўллаб-қувватлашимиз, уларга барча зарур шароитларни яратиб беришимиз кераклигига алоҳида эътиборни қаратиб, келгусида фарзандларимиз орасидан янги Абдулла Ориповлар, Эркин Воҳидовлар етишиб чиқади. Мен бунга ишонаман, деган эди катта умидлар билан. Дарҳақиқат, катта ниятлар ила ташкил этилган ижод мактабларини илдизлари маънавият булоқларига туташган дарахтларга қиёсласак мутлақо ташбеҳ эмас. Насиб этса, куртаклар гулга айланади. Унинг таровати кўнгилларни обод этади.

Маданият ва истироҳат боғини кезар эканмиз, кўнглимиздан кечгани шу бўлди. Бу қутлуғ жойнинг яна бир номи Ватан. Ватанни эса доимо пок тутиш лозим. Устозимиз бу борада қуйидаги сатрларни битган эди.

Юртдошим, боғингга бир ниҳол қада,
Бу ниҳол номини яхшилик ата.
Ниҳолинг ёнига бир гул экиб қўй,
У гулнинг исмини гўзаллик деб қўй.
Гулу ниҳолингга бахш этиб ҳаёт,
Сув бер ва бу сувга меҳр деб қўй от.
Сендан фарзандингга боғ қолсин, эй дўст,
Боғинг Ватан деган ном олсин, эй дўст. 

Президентимизнинг 2016 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори авваламбор, шоир ижоди ҳамда хотирасига юксак ҳурмат, миллий адабиётимизга кўрсатиладиган эҳтиромнинг муқаддимаси сифатида тарих зарварақларига муҳрланди. Устозимизнинг ўзбек адабиётига қўшган ҳиссасини сўз билан таърифлаб адоғига етказиш осон иш эмас. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ўзликни англаш, миллий ғурур-ифтихор туйғулари юксак пардаларда тараннум этган асарлари ҳар биримизни тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди. Устознинг бундан 57 йил муқаддам нашр этилган китобининг номи “Тонг нафаси”. Шунга муносиб тарзда ўшанда ҳақиқатдан ҳам адабиётимиз бўстонида мусаффо, шудрингдай тоза, шабнамдай тотли овозлар янграй бошлади. Адабиётшуносларимиз Эркин Воҳидовни бадииятнинг тонг элчисидай қарши олдилар. Кўп ўтмай шеърлари диллардан дилларга кўчди. Маҳзун халқимизнинг улкан орзуларини қалдирғочдай умидлар осмонида парвоз қилдирди. Айниқса, «Ўзбегим» шеъри миллатимиз армонларининг , эртанги кундан, истиқлолдан кутган буюк истакларнинг акс-садоси бўлди. Мустақиллик қуёши порлагач бир-биридан гўзал шеърий асарлар дунёга келди. Истиқлол Эркин Воҳидовни бошига кўтарди, у эса пойига бош қўйиб, фарзандлик бурчини шараф билан адо этди.

Бугун Марғилонда тонгнафас ёшларни бағрига олган мактабда ана шундай мусаффо овозлар жарангламоқдаки, адабиётимизнинг янги тонглари ниҳоятда ажойиб, майин ва умидбахш бўлишидан дарак беради.

Ғайрат МАЖИД

«Халқ сўзи» газетасининг 2018 йил 14 июль сонидан олинди

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Муносабат

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча