"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бедорликнинг йўл харитаси ёхуд Обод қишлоқ манзумаси

Ўқилди: 222

Янги давру замон қасри

ўз-ўзидан бино бўлмас,

Ўз-ўзидан ҳеч бир дилбанд

Беруний ё Сино бўлмас.

Бўлган каби оламларнинг

тенги йўқ Дурадгори,

Ҳар даврнинг шак-шубҳасиз

бўлгай ўз Бунёдкори.

Дунёдир бу – турфа олам,

пасту баланд турмушдир,

Кимлар Расадхона, кимлар

ҳасадхона қурмишдир.

Эл ҳар сўзни англаб айтар,

элнинг сўзи дур-гуҳар:

Яхши одам юрт тузару

ёмон одам юрт бузар.

Билким, ҳарир либосларда

мисли тантиқ келинчак,

Осмонлардан парашютда

тушиб келмас келажак.

Боболаринг ҳар ҳикматни

ўз бағрин тилиб айтган,

Юртингизни обод қилиб

яшанг деб билиб айтган.

Ёмғир билан ер кўкарар,

тинчлик билан эл кўкарар,

Эл оғирин эр кўтарар,

эр йигитни эл кўтарар.

Юрт қуёши ‒ юрт бошида,

юртнинг тоғу тошиндадир,

Эл бошига тушган ҳар иш

Элбошининг бошиндадир.

Тонг саҳардан кўрган йўлинг

чою ошингда пайдо,

Аҳволингдан огоҳдайин ‒

шу зум қошингда пайдо.

Дарё каби доим бедор,

даврондайин шиддаткор,

Эл корига мададкору

эл ҳолидан хабардор.

Бир онахон айтди у кун:

‒ Болам, кўпдир-да иши,

Тиним билмас экан асло,

ухламаскан бу киши…

 

* * *

 

Дунёдир бу – турфа одам,

пасту баланд турмушдир,

Кимлар Расадхона, кимлар

ҳасадхона қурмишдир.

Демак айтгил: “Обод қишлоқ”

на дастурдир бу дастур?

Янги онг ва тафаккурдир,

янги онг ва тафаккур.

Токи ҳар бир хонадонда

файз-барака, қут бўлсин,

Ҳар оила тинч яшасин,

рўзғори ҳам бут бўлсин.

Уйлари ҳам, тўйлари ҳам

бўлсин доим чароғон,

Энг аввало кўнгиллар тўқ,

меҳр бўлсин фаровон.

Катталари кичиклардан

олмасин то хавотир,

Кичиклар ҳам катталарин

иззат қилсин, юз-хотир.

Токи ёлғон гапирмасин

ҳеч одамга ҳеч одам,

Энг аввало ўз роҳатинг,

оромингдан кеч, одам!

Бу дунёда сендан қолар

порлоқ, ёруғ изларинг –

Кўз ўнгингда яшнагай то

гул-гул ўғил-қизларинг.

Инсонлигинг токи топгай

бунда қадру эътибор ‒

Бу мамлакат мустаҳкамдир,

бу мамлакат ‒ устувор.

 

* * *

 

Бир Ватанким, поёни йўқ,

кўз илғамас адоғи,

Юрт биносин қурган зотлар,

жонлар Сизга садоға!

Кўрдим бунда беҳад кўркам

замоннинг биносини,

Англадингми дўстим, сен ҳам

“Манас”нинг маъносини?..

Обод қишлоқ дастурини

тафаккур қил, тафаккур,

Бедор бўлгил, бедор бўлгил,

бедор бўлгил бир умр!

Умринг ўтар Ўриклисой

сувларидай шарқираб,

Изларингдан нурлар қолсин,

йўллар қолсин ярқираб.

Боққил, тошқин дарё мисол

уйғонмиш бир халқ букун,

Халқинг учун сен ҳам уйғон,

тошқин солгин, қалқ букун.

Мен ҳам замон суръатидан

гоҳ еру гоҳ фалакман,

Ваъда берган достонимни

битказолмай ҳалакман.

Гарчи ғирром тузумлардан

оҳу вой чекиб келдим,

Қанча ўру қирлар, қанча

балчиқ-лой кечиб келдим ‒

Англадимки, бу оламда

юрт танҳо, Ватан танҳо,

Хаёлимни банд этган шу

боғ танҳо, чаман танҳо1.

Эсгандайин бўлди ногоҳ

жаннатларнинг шамоли,

Очилди-ку кўз ўнгимда

бир гўзал юрт жамоли.

 

* * *

 

Остонадан бошлангайдир

асли таълим-тарбият,

Ахлоқ-одоб дарслари ҳам

маърифат, маънавият.

Қирқ беш кунда пайдо бўлмиш

кўз олдингда зап шаҳар,

Бу мўъжиза қайдан келди,

ўйладингми, ҳамшаҳар?

Тошкитоблар битган қадим

тош маҳаллар айтсинлар,

Ҳазрат Бобур гапирсинлар,

Тожмаҳаллар айтсинлар.

Дунёдир бу ‒ турфа одам,

пасту баланд турмушдир,

Кимлар Расадхона, кимлар

ҳасадхона қурмишдир.

Сўз биносин қурган зотлар,

жонлар Сизга садоға,

Устоз Абдулла Ориф ҳам

Чингиз Айтматов оға!

Сиз энг қийин замонларнинг

заққумларин ютгансиз,

Элингизга шон келтириб,

эл учун жон тутгансиз.

Гўё ҳаргиз ўлмагансиз ‒

худди иссиқ нафасдай,

Суратлардан қарайдирсиз

Алпомишдай, Манасдай.

Ўхшайдирсиз мангу сўнмас

маънавий қуёшларга,

Буюк ибрат мактабисиз

Сиз бугунги ёшларга.

…Уч минг, тўрт минг хонадондан

таралгай меҳр иси,

Беш юз чевар қиз-жувоннинг

ёришганда чеҳраси.

Не-не зулмат асрларни

қаламим-ла ағдардим,

Мен шеъримга нур-зиёни

шу уйлардан ахтардим.

Битсайдим гар Термиздан то

Қандим, Шуманай қадар,

Завқу шавқим, ҳа    йратларим

бўлгайди юз минг дафтар.

 

* * *

 

Дунёдир бу – турфа олам,

пасту баланд турмушдир,

Кимлар Расадхона, кимлар

ҳасадхона қурмишдир.

Бир Ватанким, поёни йўқ,

кўринмайдир адоғи,

Юрт биносин қурган зотлар,

жонлар Сизга садоға!

Обод қишлоқ, бир кўчангда

қанча кўрку тароват,

Қанча орзу-ҳавас кўрдим,

қанча файзу фароғат.

Бир гўшангда дуо айлар

мушфиқ онажонларим,

Қанот ёзсин, улғайсин деб

мурғак полапонларим.

Оиланг тинч, Ватанинг тинч,

демак, ухла болам, тинч,

Ширин, сокин тушларингдай

бўлсин рўйи олам тинч.

Шавкатли эл фарзандисан ‒

дуогўйинг шу элдир.

Ўз элингга шаън келтиргил,

шараф келтир, шон келтир.

Бир кўнгилни шод айламоқ

мушкул эрур бағоят,

Бутун элни обод қилмоқ

мардликдир ҳам матонат.

Бу хислатлар пойқадами

қутлуғларнинг ишидир,

Ўз халқини рози қилмоқ

улуғларнинг ишидир.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири

 

1 Устоз А.Орипов сатрлари.

 

«Қишлоқ ҳаёти» газетасининг 2018 йил 24 июль сонидан олинди

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Муносабат, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча