"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абу Али ибн Сино ҳақида янги роман

Ўқилди: 223

Наср кенгашида янги роман муҳокамаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида, жумладан, шундай деган эди: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам, албатта, бўлади”.

Бугунги кунда мамлакатимиз ижодкорлари ўз асарларида замонамиз қаҳрамонларининг қиёфасини яратиш билан бирга, юртимизда туғилиб вояга етган буюк тарихий шахслар ҳаёти ва ижодига ҳам мурожаат этмоқдалар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси 2018-2019 йиллар давомида яратиладиган ана шундай асарлар учун танлов ҳам эълон қилди.

Президентимизнинг ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида тилга олиб ўтилган алломалардан бири жаҳонга машҳур тиб олими ва файласуф Абу Али ибн Синодир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср ижодий кенгашида ёзувчи Абдужалол Раҳимнинг “Абу Али ибн Сино” романи биринчи китобининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда адабиётшунослар Маҳкам Маҳмуд, Қозоқбой Йўлдош, Раъно Исомиддинова, ёзувчилар Тўлқин Ҳайит, Исажон Султон, Рисолат Ҳайдарова иштирок этди.

Абдужалол Раҳим бир неча йиллардан буён ўзининг ҳикоя, қиссалари билан республика газета ва журналларида фаол иштирок этиб келади. Унинг “Ломакон”, “Мугат фолбин”, “Йўлда кетаётган одам”, “Тоғ гўзали” китоблари ўқувчилар қўлига етиб борган.

– Абдужалол Раҳим Ибн Сино ҳаёти, фаолияти, ижоди билан яқиндан танишганлиги сезилиб турибди, – деди Наср кенгаши раиси, таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош. – Бу ҳақда муаллифнинг ўзи ҳам “улуғ табибнинг ҳаётини ўрганиб, тийнати, кўнгил кечинмаларини ҳис қила бошладим”, деб ёзади асарнинг сўнгсўзида. Мана шу туйғу таъсирида бўлса керак, умуман олганда асар, қаҳрамонига нисбатан самимий эҳтиром, муҳаббат билан ёзилган.

– Абдужалол Раҳим сабр-тоқат билан узоқ ва машаққатли меҳнат қилиб, гўзал бир асар ёзишни орзу қилган кўринади, – дея таъкидлади Маҳкам Маҳмуд. – Назаримда Абдужалолнинг бу қутлуғ орзуси ушалган.

Абу Али ибн Сино романининг биринчи китоби улуғ табиб, файласуфнинг Бухородаги ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.

Муҳокамада роман ўқишли, тили равон эканлиги, ҳам улуғ аллома шахсиятининг шаклланиш йилларидан, ўша давр тарихий воқеаларидан ҳикоя қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Асар муҳокамасида адабиётшунос олим, педагогика фанлари доктори Қозоқбой Йўлдош, таниқли ёзувчи Исажон Султон, шунингдек, тадқиқотчи Раъно Исомиддинова ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдириш асносида ёзувчи ушбу асарида кўзлаган мақсадига эришганини таъкидлаб ўтдилар. Шу билан баробар муаллиф эътибор бериши лозим бўлган ўринлар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Асар Наср кенгаши томонидан чоп қилишга тавсия этилди.

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адабий-бадиий нашрлар, Адиб ва жамият, Ўзбек насри

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча