"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Қуёш Шарқдан чиқади!

Ўқилди: 264

Шу йилнинг 7-8 август кунлари Тошкентда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур анжуман адабиётимизнинг дунё саҳнасига чиқишида муҳим пиллапоя вазифасини ўтайди. Айни шу жиҳатни ҳисобга олган ҳолда ташкилотчилар халқаро конференцияга муносиб ҳозирлик кўраётир. Жумладан, тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ шакллантирилди. Шунингдек, конференция штаби фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Анжуманнинг хорижий қатнашчиларини аниқлаш учун 32 та давлатга сўровнома жўнатилди. Дунё ҳамжамиятини қизиқтирган мазкур тадбирда иштирок этишни истовчи икки юздан ортиқ олим ҳамда таржимондан ариза келиб тушганининг ўзи анжуман нуфузига ишора қилиб турибди.

Конференция талабларидан келиб чиққан ҳолда ишчи гуруҳ ушбу номзодларнинг ишларини яхшилаб ўрганиб чиқди ва хорижий мутахассислардан иборат қатнашчилар рўйхати тикланди. Саралашда номзодлар амалга оширган ишларнинг салмоғи, сифатига эътибор қаратилди. Ёзувчилар уюшмаси берган маълумотга кўра, халқаро конференцияга 25 та давлатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда. Ушбу хабарга илова тарзда айтиш мумкинки, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, унинг тожикистонлик ҳамкасби Низом Қосим, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадбей конференциянинг фахрий меҳмонлари сифатида таклиф этилган.

Халқаро анжуман олдидан «Буюк Алишер Навоий» (Alisher Navoiy the great) номли китоб нашр этилиши режалаштирилган. МТРК фондида мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларидан санъаткорлар ўқиган намуналар, қолаверса, ХХ асрнинг юраги уйғоқ ижодкорларининг ўзи ўқиган шеър ва ҳикояларнинг аудио варианти диск шаклида меҳмонларга туҳфа этилади. Тарғиботнинг бир қирраси бўлган мазкур усулдан кўзланган мақсад миллий адабиёт ва маданиятимиз ҳақида кенгроқ ахборот беришдир.

Конференция олдидан чет элларда ўзбек адабиёти тарғиботи билан машғул бўлган олиму мутаржимлар, ноширлар билан алоқа ўрнатилгани анжумандан кутилаётган амалий самара кўламини оширади.

— Турли давлатлар ҳамда мамлакатимизда илмий фаолият олиб бораётган олимлардан маърузалар, мақолалар қабул қилдик. Материалларни кўриб чиқиш учун олти кишидан иборат таҳрир ҳайъати тузилди. Улар барча ишларни пухта ўрганиб, саралаб, таҳрирдан ўтказишди. Халқаро конференция материаллари жамланган тўплам нашрга тайёрланмоқда, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими масъул котиби Адҳамбек Алимбеков. — Шунингдек, миллий адабиётимизни дунё миқёсида тарғиб қилиш билан боғлиқ конференция тавсиялари тайёрланмоқда. Хорижий меҳмонлар 4 августдан юртимизга кела бошлайди. Иштирокчилар учун маданий дас¬тур ҳозирланган бўлиб, унда пойтахтимиздаги турфа музейлар ҳамда тарихий қадамжоларни зиёрат қилиш назарда тутилган.

«Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция иштирокчиларининг транспорт, овқатланиш харажатлари «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланади. Айни кунларда анжуман иштирокчиларига ёрдам берувчи чет тилларни ўзлаштирган ёш ўғил-қизлардан таркиб топган кўнгиллилар гуруҳи пухта тайёргарлик ишлари билан банд.

Конференция дастури якунидан меҳмонларнинг Самарқанд саёҳати ўрин олган. Саёҳат харитасига кўра, қатнашчилар Амир Темур, Ҳазрати Хизр мақбарасини зиёрат қилгач, Биринчи Президент Ислом Каримов қабрига гул қўйиш маросимида иштирок этади. Шундан сўнг Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли ҳамда Имом Мотуридий мақбарасини кўриш режалаштирилган.

Юртимизда илк бора ўтказилаётган бундай халқаро конференциянинг юқори савияда ташкил этилишида, ҳукумат ва барча масъул ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги жуда муҳим аҳамият касб этади. Адабиёт миллатни тарбиялайди. Адабиёт миллий ғурурни ўстиради. Кўксида миллий ғурур жўш уриб турган инсонни ҳеч ким, ҳеч қандай мафкура енголмайди. Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини бир нурга менгзаб, ушбу муқоясага рамзий маънода хулоса ясаш мумкин: қуёш Шарқдан чиқади!

Дилмурод ДЎСТБЕКОВ

(манба: marifat.uz)

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Халқаро конференция

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром