"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабиёт атомдан кучли

Ўқилди: 166

Чунки у маънавиятнинг поклиги, маърифатнинг эзгулиги, инсон қалбининг чироғи ҳамиша порлаб туриши, ҳаётга муҳаббат туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.

Бугун вақт шиддати, ўзгаришлар кўламию янгиланишларнинг суръати, моҳияти шу қадар шитоб ва салобат касб этганки, одамзод қалби, онг ҳамда тафаккури ҳар лаҳза, ҳар соатда – кунма-кун, ойма-ой ўзгариб боряпти. Ота-боболаримиз орзу қилган, инсон зотига эътибору эъзоз юксалган, Ватан тақдирига, тараққиётига дахлдорлик жўшқин паллага кирган буюк давр бошланди. Уйингиздаги хушхабар кўчага чиқсангиз – эскирган, кечаги ночор-харобазор қишлоқ ё анҳор қирғоқлари ўрнида кокиллари эндигина ювилган кўркам келинчакдек янги бир манзаранинг гувоҳи бўлиб турибсиз.

Улуғларимиз замон – бекорчиларнинг энг ёмон душмани, деб айтган экан. Одам болалари тўғри хулосалар чиқариб яшамоғи учун умр айёмининг ўтиши панду насиҳатга ҳам қиёс этилган. Замоннинг эгаси Парвардигордир, дейилади муҳаддис ва аллома Ҳаким Термизий келтирган ҳадисларда. Халқ ва Давлатнинг мустаҳкам, муҳташам биноларини бунёд этмоқ эса ҳар даврнинг ўз Раҳнамосига буюрилади. Ҳазрат Навоий лутф қилганларидек:

Ғараз ул эрдиким, бу қасри олий,

Ки ҳаргиз бўлмағай, ё Раб, заволи.

Биноедурки шаҳ бунёд қилмиш,

Замона қасридек обод қилмиш.

Улуғ бобокалонимиз ҳаётлик пайти тартиб берган, 1486 йилда битилган “Бадойиъ ул-бидоя” девонининг “Дебоча”сидан олинган бу сатрларни бугунги кунга муқояса қилсак, оралиқдаги салкам 550 йиллик масофа ғойиб бўлиб, ижод аҳлини нафис анжуман аро кўрамиз.

Тарих: XXI аср. 2017 йилнинг 3 август санаси. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашуви, ундаги кенг қамровли дастурий маърузасига ҳам роппа-роса бир йил тўлди.

Ўшанда оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари “самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган йиғилиш” дея беозоргина хабар тарқатганига қарамай, аслида ижод қавмига аталган “нафис мажлис” давлат раҳбарининг қатъий қиёфаси ва сиёсатига мос тарзда анчайин жиддий ва кескин кечган эди.

– Биз ҳаммамиз бир-биримизни яхши биламиз,деганди Президент тарихий ва ҳаяжонли лаҳзаларда анжуман аҳлига мурожаат қиларкан,машҳур бир қўшиқда айтилганидек, “ўртада бегона йўқ”. Шу сабабли ҳам бугунги учрашувимизни, агар сизлар рози бўлсаларингиз, мана шундай самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтказсак, маданиятимиз ва санъатимизнинг ривожланиш жараёнларини холисона баҳолаб, бу борада ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида атрофлича фикрлашиб, бамаслаҳат бир қарорга келсак, айни муддао бўларди.

Табиийки, давлат раҳбарининг асосий саволлари, умид ва ишончлари санъат аҳлига, адабиёт аҳлига қаратилгани билан ҳам ғоят муҳим ва қадрли эди. Зим-зиё асрларда маънавият оламини мунаввар этган буюк сиймолардан тортиб, мустабид тузумлар исканжасида  таъқиб-тазйиқлардан чўчимай, ҳамиша ҳақ сўзни айтган, ўлмас асарлар яратган миллатпарвар, маърифатпарвар адибларимизгача Президент маърузаси давомида ўрнида келтирилган ҳаётий, шу билан бирга, ҳаққоний иқтибослару далиллар барчамизни бирданига сергаклантиргани, кўнглимизни ағдар-тўнтар қилгани бор гап.

“… Адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор – бу аввало халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ.”

Айтиш керакки, анжуман маҳали давлат раҳбарининг рўпарасида, юзма-юз ўтирган ҳолда, биз, ижод аҳли – мажлис қатнашчилари, очиғи, бу ҳаққоний сўзлардан жуда ҳам ноқулай  ҳолатга тушган эдик. Бизга қаратилаётган эътибор, ғамхўрлик, қўллаб-қувватлов, ҳурмат, самимий муносабат “гангитиб” қўйди. Шундай пайтлар бошимиздан ўтдики, дардимиз ичимизга тиқилди, ўзимизни бир қадар кераксиздек ҳис этиб қолдик. Гарчанд доимо мақталсак-да, амалига келганда… Энди эса, давлатимиз халқ хизматига кирди, қалбларимизга қулоқ тутди, одамлар идораларга эмас, идоралар одамлар ҳузурига келди. Бахтни ташбеҳ сифатида тушунмай, амал тарзида англай бошладик. “Одамлар бугун бахтли яшаши керак”. Эрта-индин хаёли ширин, лекин барибир у хаёл.

Давлатимиз раҳбари бир гал, элдошларимиз билан учрашувни якунлар экан, “бу маъруза эмас, менинг азобим, изтиробларим” деган иборани ишлатган эди. Ижодкор зиёлилар ҳузурида қилинган тарихий маъруза ҳам айнан шу тахлит рўёбга келган. Унда миллат дарди, Ватан, халқ қайғуси, ёш авлод тақдири билан туну кун уриб турган бедор, беҳаловат қалбнинг ўй ва изтироблари мужассамини топган.

Адабиёт атомдан кучли… Давлат раҳбари  мазкур ўлмас иборани ҳам, унинг муаллифини ҳам такрор ва такрор тилга олганининг чуқур сабаби, теран моҳияти бор.

Етмиш йил тегишли биноси, муқим манзилу маконига эга бўлмаган, кўча лаҳжасида айтганда, “беватан” бўлган Ёзувчилар уюшмасига Ватанимизнинг кўркам боғи бағрида кўзни қамаштиргувчи бино қуриб битказилди. Адиблар хиёбони барпо этилди. Қалам аҳли учун янги уй-жойлар қурилмоқда, она диёримизнинг жаннатмакон гўшаларида илҳом руҳияти – ижодхоналар барпо этилаётир. Олий адабиёт курслари баланд мақомда қайта тикланди. Ёш ижодкорлар, кекса адибларга кўрсатилаётган амалий эътибор, марҳум адибларнинг номи-хотираларига эҳтиром, оилалари ҳолидан хабар олиш, уюшманинг вилоят бўлимлари моддий-техник базасини янада яхшилашдан тортиб, давлат миқёсида рағбатлантиришгача – ҳамма моддий-маиший шарт-шароитлар бекаму кўст яратиб бериляпти. Мамлакатимизнинг барча минтақасида азиз устозларимиз номи билан ижод мактаблари очилгани – чинакамига қиёси йўқ маънавий-маърифий ҳодиса экани ҳам бор гап.

Давлатимиз раҳбари, қандай йиғилиш ё анжуман бўлмасин – соҳаси ё йўналишидан қатъи назар, ўзбек адабиёти ва адибларини бирор бир баҳонаи сабаб билан тилга олиб ўтади. Албатта, бир йўқлов баҳонасида адабиёт ва адибларимизга нисбатан ҳурмат-эҳтиромини ҳар гал ҳаммамизга эслатиб қўяди. Гўёки “Уйғониш замонларинг келди, қачон уйғонасизлар?!” дея сўраётгандек туюлади бизга.

Тан олиш керакки, уйғонмоғимиз қийин кечяпти. Айни пайтда мақсаду муддаоларимизни аниқлаштириб олдик, бироқ “замонамиз қаҳрамони”ни шеъру достонларда, қиссаю романларда акс эттиришда ҳаракатимиз суст. Лекин айни пайтда, буюк аждодларимиз хусусида шоиру адибларимиз бир неча асарларни якунига етказаётгани кишини қувонтиради. Шу билан бирга ёш истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлаш, ўзаро амалий муносабатлар жараёни фаоллашгани ҳам айни ҳақиқат. Халқ билан бирга, ёнида, ташвишу қувончларга шерик бўлиш мақсадида ижодкорларимизга барча имкониятни яратишга интиляпмиз. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, умуман, мамлакатимизнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий тараққиётига қаратилган ислоҳотларда қалам кўтариб катта завқу шавқ билан иштирок этяпмиз.

Ўтган йилнинг 23 декабрь куни Миллий боғ ҳудудидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси билан танишув чоғида давлатимиз раҳбари ёзувчи-шоирлар билан суҳбатлашаркан, бир йилгина олдин тирик юрган устозларимиз номини соғинч ва армон билан ёдга олган эди. “Менинг ҳам юрагимда армоним бор”, деганди Президент. Сўнг ёш ижодкорларга қийин ва қалтис замонларда халқ дардини куйлай олган матонатли устозлар ҳаёти, бадиият мактабидан ҳамиша ибрат олмоқ лозимлигини қайта-қайта уқтирган эди.

Ўшанда устозимиз Абдулла Ориповнинг қуйидаги надоматли сатрлари юрагимиздан ўртаниб оққандай бўлди:

… Бир вақтлар илҳомнинг ўтли тиғида

Фалакни кўзларди менинг ҳам созим,

Лекин икки дарё оралиғида

Қолиб кетди менинг ўшал овозим.

Энди овозимиз синиб кетмайди. У насиб бўлса тўрт қитъа маъволарида мағрур жаранглаяжак. Қалб ҳароратидан яратилган адабиётимиз давлатимиз ҳимоясида. Табиатда булбул нақадар ҳимояга муҳтож бўлса, жамиятда қалам аҳли шу қадар эътиборга, ғамхўрликка муҳтож. Қарангки, бир тангани топиш жуда мушкул, ҳисоб-китобли дунёда, Президентимиз раҳнамолигида миллиард-миллиард маблағ қалам аҳли, ижод аҳлининг бугуни, эртаси ва келажагининг мунавварлиги учун сарфланмоқда. Чунки “Азал-азалдан халқ ижод аҳлига жуда катта ҳурмат ва ишонч билан қараши сизларга яхши маълум. Русча ибора билан айтганда, уларга, “власители дум” яъни “жамият тафаккурининг эгалари” деган юксак баҳо бериб келиниши, албатта, бежис эмас…”

Бу таъкид Президентимиз юрагида нақадар улкан моҳият касб этганига Марғилонда устоз Эркин Воҳидов ҳайкалининг очилиш маросимида амин бўлдик:

– Мана, Жиззахда Ҳамид Олимжон, Зулфия опа номидаги ижод мактабига бориб келдинглар, ҳисоботларингни ҳам ўқидим, – дедилар кўзларимиз тик қараб. – Қани айтинглар-чи, бу мактабларнинг оддий мактаблардан қандай фарқи бор?..

Ижодкорлар жавобини эшитгач, биз ҳали туб-тубига етиб бормаган жўяли таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташладилар:

– Кескин фарқ қилиши керак! Балки икки юз ўқувчининг ҳаммасидан ҳам Эркин Воҳидов ё Зулфия чиқмас. Ҳеч бўлмаса икки нафари катта шоир бўлади-ку! Буюк олимлар, адабиётчилар, олималар ҳам керак-ку миллатимизга! Мана, беш мингта китоб топширдик деяпсиз. Китобнинг бўлиши яхши, албатта. Бугунги ёшларга “Ўзбегим”, ё “Инсон ўзинг” сингари шеърларнинг ёзилиш тарихини ким айтиб, тушунтириб беради?..

Бир ойдан сўнг Зоминда ёш ижодкорларнинг республика семинар-кенгаши бошланиб кетди. Мамлакатимизнинг барча шаҳару қишлоқларидан келган ёш ижодкорларнинг севинчларига қараб ҳавасингиз минг маротаба ортади. Биз ёш ижодкорларга Президентимизнинг сўзларини, йўл-йўриқларини етказдик. Булар бир-икки йил олдинги ёшлар эмас, мутлақо янги давру замонларнинг янгича фикрлайдиган баркамол фарзандлари. Орзу ҳаваслари, ният-интилишлари шунчаки хавойи эмас. Дадил, ўктам, пурвиқор.

Мамлакатнинг адабий-ижодий, маънавий-маърифий об-ҳавоси билан иқлими бир йил давомида мутлақо ўзгарди, софланиб, тозарди. Ҳазрат Жомийнинг меҳр билан тайёрланган муҳташам китобларини яқин қардошимизга, муҳтарам қўшнимизга ҳурматимиз рамзи сифатида тақдим этдик. Жону жигаримиз, буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича, оламшумул адиб Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Президентининг махсус қарорлари, мангулик шоири, бобомиз Навоийнинг маънавий шогирди, абадиятга дахлдор Махтумқули ҳазратларига давлатимиз миқёсида кўрсатилган юксак эъзоз-эҳтиромлар ўтмиши, келажаги, тақдири муштарак жондош ва қондош халқларнинг ота-боболаримиздан қолган бебаҳо маърифат – дўстлик, яқинлик, ҳамкорлик самимият ва ҳурмат асосида ҳамжиҳатликда яшашга, биргаликда тараққий этишга ундамоқдаки, ўз навбатида, шу эзгуликлардан таралган нур замондошларимизга, ёш авлодга минтақамизнинг фаровон келажаги йўлида битмас-туганмас маънавий куч-қувват, ғайрат-шижоат бахш этмоқда. Адабиёт атомдан кучли…

Беназир адиб Абдулла Қаҳҳор бундан роппа-роза 53 йил муқаддам “Адабиёт атомдан кучли” иқтибоси акс этган аввал “Ёшлар билан суҳбат”дан ҳозир ҳам аҳамиятини йўқотмаган бир парчани мушоҳадаларимиз ниҳоясидан аввал келтириб ўтмоқни жоиз топдик.

“Ҳозирги адабий ёшларимиз шубҳасиз, ўзига ҳам, адабиётга ҳам ғубор қўндирмайдиган ҳақиқий замона ёшларидир. Биз бир-биримизга катта меҳр қўйишимиз, бир-биримизни ҳар томонлама бойитишимиз, бир-биримизни бало-қазодан, ёмон кўздан сақлашимиз зарур, эртаги буюк адабиёт биносининг ҳақиқий меъморлари бўлишимиз керак. Шундоқ бўламиз, бунга бутун адабий жамоатчилик, бутун халқ катта ишонч билан кўз тутаётибди…”

Саратоннинг жиндак мулойим тортган кунларида диёримиз жаҳоншумул адабий анжуман “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларини кутиб олиш тараддудини кўрмоқда. Жаҳоннинг 25 та давлатидан келадиган шоиру олимлар, мутаржим ва адабиётшунослар билан дийдорлашувларнинг гашти, масъулияти ўзгача – файзли ва умидбахш. Бинобарин сўлим хиёбонимиз, уюшмамизнинг кўркам биноси адабий суҳбатлару дўстлар дийдоридан янада чароғон бўлишига асло шубҳа йўқ.

Она юртим, сен бир йилда

топган нашъу намолар

Минг йилда ҳам бўлмаган, дер

юздан ошган момолар.

Аслида-ку сел дуч кечса,

сен симирган халқдирсан,

Тоғ келса гар мардонавор

сен емирган халқдирсан.

Эй ёронлар, халқни кўринг,

кўринг орзу-ҳавасин,

Биз ёзмасак ким ёзгайдир

бу кунларнинг “Хамса”син?!.

Термизийлар айвонидан

боқсам агар оламга –

Ҳам отамга ўхшайдирсан,

ҳам ўхшайсан онамга.

Ўз халқини рози қилмоқ

матонатли мард иши,

Халқ иши – давлат ишидир,

Давлат иши – халқ иши.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

Мақола “Халқ сўзи” газетасининг 2018 йил 2 август кунги сонидан олинди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Мақолалар, Муносабат, Янгиликлар

Қўшимча:

Тил барҳаёт экан, яшайди миллат! Тил барҳаёт экан, яшайди миллат!
Она тилим – жону дилим Она тилим – жону дилим
Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида» Фарғонадан хабарлар: «Тил миллат кўзгуси», «Ижодкорлар пахта далаларида»
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча