"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халқаро конференция юксак савияда ўтади

Ўқилди: 615

2018 йилнинг 7-8 август кунлари Тошкентда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда миллий адабиётимиз ривожи, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборининг янада юксалишини таъминлаш, дунё халқлари билан адабий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур анжуманга муносиб ҳозирлик кўрилди. Юртимизда илк бора ўтказилаётган бундай халқаро конференциянинг юқори савияда ташкил этилишида, ҳукумат ва барча масъул ташкилотларнинг мустаҳкам ҳамкорлиги жуда муҳим аҳамият касб этади.

Халқаро конференцияда йигирмадан зиёд давлатдан қирқ нафарга яқин мутахассислар, адиблар, олимлар, таржимонлар қатнашиши кутилмоқда. Конференцияда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намуналарининг хорижда ўрганилиши ҳамда тарғиб этилиши, бадиий таржима муаммолари, моҳир таржимонлар тайёрлашда миллий ва жаҳон тажрибасини уйғунлаштириш, халқаро адабий алоқаларни кучайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади. Ёшлар атоқли олимлар, машҳур адибу шоирлар, салоҳиятли таржимонлар илмий-ижодий лабораторияси билан яқиндан танишиш, маҳорат сирларидан баҳра олиш имкониятига эга бўлишади.

Тадбир доирасида ўзбек адабиёти намуналарини чет элларда нашр қилиш масаласида ҳам бир қанча музокаралар ўтказилади. Озарбайжон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаши кутилмоқда. Ўзбекистонда чоп этиладиган адабий нашрлар билан бир қанча хорижий адабий нашрлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намуналарини таржима ҳамда тадқиқ қилиш, халқаро миқёсда тарғиб этиш билан боғлиқ олиб борилаётган дунёвий илмий-ижодий изланишлардан мунтазам хабардор бўлиш, уларни мувофиқлаштириш имкониятини яратади.

Халқаро анжуман олдидан «Буюк Алишер Навоий» (Alisher Navoiy the great) номли китоб нашр этилди. МТРК фондида мумтоз адабиётимиз вакилларининг ғазалларидан санъаткорлар ўқиган намуналар, қолаверса, ХХ асрнинг юраги уйғоқ ижодкорларининг ўзи ўқиган шеър ва ҳикояларнинг аудио варианти диск шаклида меҳмонларга туҳфа этилади.

Турли давлатлар ҳамда мамлакатимизда илмий фаолият олиб бораётган олимлардан маърузалар, мақолалар қабул қилинди. Материалларни кўриб чиқиш учун олти кишидан иборат таҳрир ҳайъати тузилди. Улар барча ишларни пухта ўрганиб, саралаб, таҳрирдан ўтказишди. Халқаро конференция материаллари жамланган тўплам нашрга тайёрланмоқда.

Хорижий меҳмонлар учун маданий дастур ҳозирланган бўлиб, унда пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, тарихий қадамжоларни зиёрат қилиш назарда тутилган.

Конференция дастури якунидан меҳмонларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ўрин олган. Саёҳат харитасига кўра, қатнашчилар Амир Темур, Ҳазрати Хизр мақбарасини зиёрат қилгач, Биринчи Президент Ислом Каримов қабрига гул қўйиш маросимида иштирок этади. Шундан сўнг Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли ҳамда Имом Мотуридий мақбарасини кўриш режалаштирилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

 

 

 

Сайт бўлими: Адабий танқид, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ