"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жаҳоннинг таниқли ижодкорлари Ўзбекистонга келади

Ўқилди: 549

Шу йил 7-8 август кунлари пойтахтимизда “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Анжуманга дунёнинг 25 давлатидан шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар ташриф буюради.

Жумладан, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Озарбойжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадбейлар фахрий меҳмон сифатида юртимизга келиши кутилмоқда.

Биз қуйида мазкур нуфузли тадбирнинг хорижлик бошқа қатнашчилари ҳақида қисқача маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Акматалиев Абдилажан – Қирғизистон фанлар академияси президиуми аъзоси, академик, ХХ аср адабиёти бўйича йирик мутахассис.

Рахиммамет Куренов – Туркманистон Фанлар академияси қўлёзмалар миллий институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди. У айни пайтда “Бобурнома”ни туркман тилига таржима қилмоқда.

Фируз Мустафо – Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раис ўринбосари, филология фанлари доктори, Э.Воҳидов, А.Орипов шеърларига оид тадқиқотлар муаллифи, Ғ.Ғулом, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Ойбек, Э.Воҳидов, А.Орипов шеърларини ўзбек тилидан озарбайжон тилига таржима қилган.

Армине Мартиросян – В.Брюсов номли Ереван университети лингвистика ва коммуникация назарияси кафедраси доценти, филология фанлари номзоди.

Виктория Чембарцева (Молдова) – шоира ва таржимон. Ёш ўзбек шоирларининг шеърларини таржима қилган. Рус тилига қилган таржималари “Звезда Востока” журналида чоп этилган.

Сергей Гетман (Литва) – таржимон, ношир. “ARS MAGNA” нашриёти директори. Бир қанча адабий антологиялар нашр қилган.

Ганад Чарказян – Беларусь Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва таржимон.

Муҳаммад Ҳалим Ёрқин (Швеция) – Ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек маданияти тадқиқотига оид 18 та китоб муаллифи, қатор ўзбек ҳажвий ҳикоялари таржимони. Бобур халқаро хайрия жамғармаси ёрлиғи ва “Муштум” журнали танлови ғолиби (2007й.). Маъруза мавзуси: “Санглоҳ”нинг танқидий янги нашри ва санглоҳшунослик”. Санглоҳ – Навоий асарларига XVII асрда яратилган луғат.

Абдуллоҳ Рўйин (Афғонистон) – Мозори Шариф шаҳридаги Ўзбек маданий маркази бошлиғи, Навоийнинг “Чор девон” (“Хазойинул-маоний”) асарини янгидан нашр қилдирган, Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарини янгидан нашрга тайёрлаган.

Муҳаммадзода Ҳусайн Сидиғ (Эрон) – Теҳрон педагогика университети профессори. Навоийнинг “Муҳокаматул-луғатайн”, “Мезонул-авзон” асарлари ҳақида рисола ёзган, Навоийнинг хатларини, ҳикматли сўзларини тўплаб, форс тилига таржима қилиб чоп этган, Навоий асарлари луғатини яратган.

Обайд Мухаммад абдал Ҳалим абд Ал Жавад (Миср) – Қоҳира университети профессори.

Ўзбек-араб тили луғатини яратган. ЎзДЖТУ талабалари учун ўзбек тилидаги фразеологик бирикмаларни (мақол ва маталлар) араб тилига тўғри таржима қилиш масаласи бўйича бир нечта ўқув қўлланмалари ёзган. Ўзбек мақолларини араб тилига таржима қилиб, чоп этган.

Фатма Ачик (Туркия) – Ғози университети профессор, ўзбек адабиётидан дарс беради. Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон, Тоғай Мурод каби ёзувчиларнинг асарларини туркчага таржима қилиб, чоп эттирган.

Имдад Авшар (Туркия) – “Кардеш калемлер” журнали шеърият кенгаши бошлиғи. У мазкур журналда йигирмадан ортиқ ўзбек шоирлари асарларини туркчага таржима қилиб, тарғиб қилган.

Вели Саваш Йелок (Туркия) – Ғози университети профессори, замонавий ўзбек ёзувчиларидан Аҳмад Аъзам, Шойим Бўтаев, Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Зулфия Қуролбой қизи, Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларини турк тилига таржима қилган.

Александр Ливергант (Россия) – «Иностранная литература» журнали бош муҳаррири, Россия давлат гуманитар университети (Москва) профессори, “Мастера литературного перевода” гильдияси бошқаруви раиси.

Юрий Козлов (Россия) – “Роман-газета” журнали бош муҳаррири

Ермакова Анастасия (Россия) – “Литературная газета” бош муҳаррири ўринбосари

Алексей Шавлов (Россия) – “Редакция «Литературной газеты” АНО бош директори, “Песнь Хумо” лойиҳаси муаллифи. Бу лойиҳа ўзбек адабиётига бағишланади.

Игорь Шпак (Украина) – «Адеф-Украина» НУ директори, 2017 йилда бу нашриёт Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини украин тилига таржима қилиб чоп этди.

Кристофер Форт (АҚШ) – олим ва таржимон. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглиз тилига таржима қилган.

Темур Кўсўглу (АҚШ) – Мичиган давлат университети профессори. Евроосиё ва русийзабон фанларни ўқитиш маркази директор ўринбосари.

Дилсора Комил Дилсора Фозилова (Канада) – Британия Колумбияси Университети (University of British Columbia) докторанти. “Топмадим сайёди дил”, “Қоядаги қиз” шеърий тўпламлари муаллифи. Илмий мақолалари Канада, АҚШ ва халқаро мавқедаги журналларда чоп этилган.

Хелмут Далов (Германия) – Фан доктори, “Бобурнома”нинг янги немисча таржимасини Германияда чоп эттирган.

Карл Райхл (Германия) – Бонн университети профессори (ҳозир нафақада). Ўзбек, қорақалпоқ, туркман халқ эртакларини, “Алпомиш”, “Равшан” достонларини немис тилига таржима қилиб, Германияда чоп эттирган. Ўзбек тилини яхши билади.

Барно Арипова (Германия) – Гумбольдт (Берлин) университетида ўзбек ва тожик тили ва адабиётидан дарс беради. Луғатлар тузган, “Ўтган кунлар” романини аслиятдан немис тилига таржима қилган, шу роман ҳақида қатор мақолалар эълон қилган.

Элен Мела (Франция) – Сорбонна университети профессори. Таржима назариясига оид қатор тадқиқотлар муаллифи.

Хендрик Боёшотен (Нидерландия) – Жиованни университети туркология факультети профессори, олим ва таржимон. Рабғузийнинг “Қисас ул-анбиё” асарини немис тилига таржима қилган.

Радмила Мечанин (Сербия) – Таржимон. МДҲ давлатлари ва Шарқий Европа замонавий насридан таржималар қилган.

Шаҳид Таслем (Ҳиндистон) – Жамия Миллий Исломия Марказий университети, Халқаро тадқиқот Академияси ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор. Бу олий ўқув юрти Ҳиндистонда ўзбек тили ва адабиёти ўқитиладиган ягона университет ҳисобланади. Шаҳид Таслем Ҳиндистон олий таълим тизимидаги ўзбек тили бўйича биринчи ўқитувчи ҳисобланади. Ш.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида 2017 йилда сўзлаган нутқини инглиз тилидан ўзбекчага таржима қилиб, талабаларга ўқитган.

Азизуддин Ҳусайн (Ҳиндистон) – Жамия Миллий Исломия Марказий университети тарих факультети профессори. Ҳиндистон давлат архивида ишлаган. Бобур даври бўйича мутахассис.

Хисао Коматсу (Япония) – Токио университети “Хориж тадқиқотлари” бўлими профессори. Ўзбек жадид адабиёти, хусусан, Фитрат бўйича йирик тадқиқотлар олиб борган.

Ингёнг О (Жанубий Корея) – Евроосиё ва турк фанлари интитути директори, Донгдук Аёллар университети профессори.

Манба: http://21asr.uz

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром