"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳурматли Анор муаллим Тошкентда!

Ўқилди: 392

Аввал хабар берганимиздек, 7-8 август кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияга нуфузли меҳмонлар келишда давом этмоқда. Улардан бири Озарбайжон халқ ёзувчиси, Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси раиси Анор муаллимдир.

Анор – таниқли озарбайжон шоири Расул Ризо ва шоира Нигор Рафибейлининг ўғли бўлиб, ота-онасининг ажойиб кутубхонаси, оилада ҳукм сурган адабий муҳит ичида улғайган.

Отаси ўғлининг ўз йўли бўлишини истагани учун Анорга юридик, тиббий ёки муҳандислик йўналишида таълим олишни маслаҳат беради, ёзувчилик эса мана шу обрўли касблардан бирини эгаллагандан кейин шуғулланса бўладиган бир машғулот бўлиб қолгани маъқул, дея таъкидлаган. Лекин Анор ўз йўлини Озарбайжон давлат университетининг филология факультетида ўқишдан бошлашга қарор қилди.

Кейин эса Моксвадаги Олий сценарий ва Олий режиссёрлик курсларида таълим олади (1964). Москвада ўқиш даврида Алесь Адамович, Иван Драч, Иосиф Бродский каби ижодкорлар билан танишди.

Анорнинг адабиётдаги йўли 1960 йилда, турли ҳикоялар, эссе ва публицистикалар эълон қилишдан, Александр Блок, Сергей Есенин, Владимир Маяковский шеърларини озарбайжон тилига таржима қилишдан бошланган, биринчи қиссаси “Мулоқот” эса 1976 йилда эълон қилинган.

Анор сценарийлари бўйича Озарбайжонда ўн иккита фильм суратга олинган. У Федерико Феллини фильмларини томоша қилишни яхши кўради, Марсель Пруст асарларини мутолаа қилишдан чарчамайди, уни XX асрнинг энг катта ёзувчиси, деб билади. Ёшлик даврида Эрнест Хемингуэй ижоди билан қизиққан, Фёдор Достоевский, Лев Толстой, Антон Чехов, Михаил Зошченко, Василий Шукшин асарларини берилиб ўқиган…

Интервьюларидан бирида Анор Зошченко ва озарбайжон сатирик ёзувчиси Жалил Мамедқулизода унинг ижодига катта таъсир кўрсатганини айтиб ўтган. Ёзувчининг фикрича, “ҳаётдаги энг аччиқ, энг қийин дамларни кулги билан енгиб ўтиш мумкин”.

Анорнинг энг севимли адабий жанри қиссадир. Унинг “Дантенинг юбилейи”, “Мен, Сен, У ва телефон”, “Отелдаги хона” қиссалари, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” номли романи, айниқса, машҳур. Ўзбек китобхонлари унинг “Мен, Сен, У ва телефон” қиссасини, “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романини яхши билишади. Анор, шунингдек, “Қўрқут бобомнинг китоби” номли ўғуз қаҳрамонлик эпосини насрий қисса шаклида чоп қилдирган.

Озарбайжон адабиёти ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Анор 2011 йилда Ҳайдар Алиев номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Яқинда эса Озарбайжон Республикаси президентининг Фахрий дипломи билан тақдирланди.

Озарбайжонда зиёли кишиларнинг исмига ҳурмат юзасидан муаллим деган унвонни қўшиб айтишади. Унга мурожаат қилиш зарур бўлганда эса “ҳурматли муаллим” дейишади.

Анор муаллимга Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раис ўринбосари,  филология фанлари доктори Фируз Мустафо ҳаморҳлик қилмоқда. Фируз Мустафо Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларига оид тадқиқотлар муаллифи, Ғафур Ғулом, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Ойбек, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов шеърларини ўзбек тилидан озарбайжон тилига таржима қилган. Конференцияда Фируз Мустафо “Мустақиллик даври ўзбек-озарбайжон адабий алоқаларининг муҳим жиҳатлари” маърузаси билан иштирок этади.

Ҳурматли Анор муаллим ва бошқа хорижлик адибу олимларнинг ташрифи конференциянинг нақадар юксак нуфузга эга эканидан далолатдир.

Конференция доирасида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетиде Анор муаллим иштирокида Низомий Ганжавий адабий меросига бағишланган тадбир ташкил этилади.

Шунингдек, конференцияда Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар