"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Халқаро конференция бошланди

Ўқилди: 406

Адабиёт нафақат дилларни, балки элларни бир-бирига боғлашда муҳим кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Курраи заминнинг турли бурчакларида яшаётган, турфа тилларда сўзлашаётган халқлар бир-бирларининг қалб овозини адабиёт воситасида эшитган, орзу ва армонларини, ҳис-туйғуларини адабиёт воситасида ҳис этган ва бунга ҳамиша эҳтиёж сезганлар. Ана шу буюк хабардорлик эҳтиёжи, халқларни дўст қилишга, жамиятларнинг тараққий қилишига, ер юзида эзгуликнинг бардавом бўлишига хизмат қилиб келмоқда. Биргина Шарқ ва Ғарб ренессанслари даври инсониятнинг ақлий ва маънавий тараққиётида нақадар улкан рол ўйнаганини тарихдан биламиз. Башариятнинг бу тафаккур ва ижод парвозининг энг асосий сабаби – бир-бирларининг адабиёт ва санъат соҳасидаги дурдоналарини ўрганиш, улардаги умуминсоний ғояларни ўз тафаккурларида бойитгани, қайта ишлаганларидир. Шунинг учун ҳам даҳолар пайдо бўлган, буюк асарлар пайдо бўлган.

Ўзбек адабиёти кўп асрлик тарихга эга бой адабиётдир. У неча-неча замонлар оша шаклланиб, яшаб, юксалиб келмоқда. Ана шу меросни асраб-авайлаш, замонавий ўзбек адабиётининг забардаст вакиллари ва ёш ижодкорларнинг асарларини бутун жаҳонга тарғиб қилиш, келажак авлодга безавол етказиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида адабиётимизни халқаро миқёсда тарғиб этиш, бу борада дунёнинг турли минтақаларида туриб адабиётимиз тарихини ўрганаётган, адибларимиз асарларини таржима қилаётган барча таржимонларни ҳамкорликка чорлаш масалалари ҳам ўрин олганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарорда ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, миллий адабиётимизнинг сара намуналарини танлаб таржима қилиш, ёш таржимонларни тайёрлаш, таржима қилинган асарларни “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан чет элларда чоп этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган эди. Табиийки, бу ишларни амалга ошириш, таржималарнинг сифати ўзбек адабиётига меҳр қўйган хорижлик мутахассисларнинг, яъни таржима қилинаётган тил соҳибларининг ҳамкорлигисиз кутилган натижани бермайди.

2018 йилнинг 7-8 август кунлари пойтахтимизда «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзуидаги халқаро конференция ўтказилиши бу борадаги муҳим амалий қадам бўлади. Ушбу ижодий анжуман миллий адабиётимиз ривожи йўлида амалга оширилган ишларни сарҳисоб этиш, жаҳон адабиёти муҳитига кенгроқ назар ташлаш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти дурдоналари билан кенгроқ танишиш, уларни хорижий давлатларда мунтазам чоп этиб бориш, ижодкорларнинг ўзаро фикр алмашиши, домимий дўстона, ижодий алоқалар ўрнатиши йўлидаги қулай имкониятдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда қатор валирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида халқаро конференцияга муносиб ҳозирлик кўрилди.

Илк бор ўтказилаётган нуфузли анжуманда Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли ёзувчи Анор муаллим, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Бхадраж фахрий меҳмон сифатида иштирок этмоқда. Шунингдек, АҚШ, Арманистон, Афғонистон, Беларусь, Германия, Жанубий Корея, Канада, Қирғизистон, Литва, Миср, Молдова, Нидерландия, Озарбайжон, Россия, Сербия, Туркия, Туркманистон, Украина, Франция, Ҳиндистон, Швеция, Эрон, Япония каби дунёнинг ўттизга яқин давлатидан қирққа яқин ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар қатнашмоқда.

Дастурга мувофиқ, халқаро конференция 7 август куни бошланди. Анжуман қатнашчилари дастлаб Адиблар хиёбони ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси, уюшма ва “Ижод” фонди фаолияти, яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Шундан сўнг меҳмонлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига бориб, Ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гул қўйди, китоблар кўргазмаси билан танишдилар.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида халқаро конференциянинг очилиш маросими бўлди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очди ва конференция ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти намуналарининг хорижда ўрганилиши ҳамда тарғиб этилиши, бадиий таржима муаммолари, моҳир таржимонлар тайёрлашда миллий ва жаҳон тажрибасини уйғунлаштириш, ўзбек адабиёти қўлёзма манбаларининг хорижда ўрганилиши, халқаро адабий алоқаларни кучайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилиши билан жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг конференция қатнашчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Н.Т.Йўлдошев ўқиб эшиттирди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов фахрий меҳмонларимиз – Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат иштирокчиларни нуфузли анжуманнинг очилиши билан муборакбод этди.

Ўзбекистон адабиёти ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи ролик намойиш этилди.

Kонференция ўз ишини шўъбаларда давом эттирaди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

фотосуратлар муаллифи: Фарҳод Абдурасулов (ЎзА)

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар, Адабий ҳаёт, Адиб ва жамият, Халқаро конференция

Қўшимча:

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади
Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи