"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбек адабиёти хорижлик олимлар эътирофида

Ўқилди: 176

ЎзА мухбирлари “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга келган айрим хорижлик адиблар ва олимлардан интервью олди.

Игорь ШПАК, “АДЕФ” нашриёт уйи раҳбари (Украина):

– Мазкур нуфузли конференцияда «Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” асарининг украин тилига таржимаси ва ушбу асарнинг халқаро миқёсдаги ўрни» мавзусидаги маърузам билан иштирок этяпман. Алишер Навоий асарлари илоҳий ишқ тараннум этилгани билан ҳаётимда чуқур из қолдирган. Дарҳақиқат, муҳаббат ва дўстлик Яратганнинг инсониятга берилган энг гўзал неъматидир. Алишер Навоий кўрсатган йўл замон ва макон танламайди. Шу боис унинг асарларини бутун дунёга, хусусан, украин халқига мукаммал ҳолда етказиш ҳаракатидаман.

Азизуддин ҲУСАЙН, Жамия миллий исломия марказий университети профессори (Ҳиндистон):

– Ҳиндистон давлат архивида ишлаган кезларимда Мирзо Бобурнинг ижод намуналари билан танишиб, уларнинг аксарияти фақат архивларда қолиб кетмаслиги учун нашр эттириш ишларига бош-қош бўлдим. Дунёга маълум, Мирзо Бобур нафақат буюк сиёсат арбоби, балки етук шоир сифатида мумтоз адабиётда из қолдирган. Бугунги кунда Ҳиндистондаги “Рампур” кутубхонасида “Бобур девони” қўлёзмаси сақланмоқда. Ушбу китобнинг ноёблиги шундаки, ундаги рубойилардан бири айнан Мирзо Бобурнинг ўз ҳуснихатида битилган.

Ўзбекистон улуғ алломалар қадамжоларига бой юрт. Конференция олдидан Зангиота, Ҳазрати Имом зиёратгоҳлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан танишишга муяссар бўлдик. Мирзо Бобур девонининг бир нусхасини мазкур кутубхонага совға қилдик. Ўйлайманки, бу бобуршунос олимлар ва ўзбек адабиёти ихлосмандларига муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ҳусайн Муҳаммадзода СИДИҒ, Теҳрон университети профессори:

– Ушбу конференцияга Мир Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли ҳамда шоҳ асарларининг турк ва форс тилидаги таржималарининг тадқиқотлари юзасидан олиб борган изланишларимни тарғиб этиш мақсадида келдим. Эрон халқи Навоий асарларини севиб мутолаа қилади. Шу боис икки йил аввал Алишер Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайн” ҳамда “Меъзон-ул авзон” асарларини форс тилида чоп эттиришга муваффақ бўлдим.

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган халқаро конференция ўзбек адабий меросини дунё халқларига янада кенг ёйиш ва нуфузини оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади
Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи