"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Беларусь қалби ўзбек сўзи учун очиқдир

Ўқилди: 220

Александр Карлюкевич,

Беларусь Республикаси Ахборот вазири

— 7-8 августда Тошкентда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Шубҳасиз, ижодкорларнинг бу нуфузли ва эътиборли анжуманида Ўзбекистонга яқин ва узоқ бўлган мамлакатлардаги ўзбек адабиётини Ўзўрганиш масалалари ҳақида сўз боради. Шу ўринда Ўзбекистон ва Белорусни боғловчи адабий дўстликнинг баъзи бир лавҳаларини қайд этишни истар эдим.

Тарих ўтмишда солинган изларни ҳеч қачон унутмайди, у ҳеч қачон вақтни сокингина қўриқлаб ўтирмайди. Тарих ҳамиша очиқ ва ойдин, ўтган даврлар ҳақида ҳикоя қилиш учунгина эмас, балки қандай ўй ва фикрлар ҳамда тасаввурлар билан эртанги кунни қуришни ўргатиш учун ҳам доимо ўзидан хотиралар қолдиради. Ортга, ўн йилликлар нарига назар солиб, Ўзбекистон ва Белорусни боғлаган кўплаб ришталар бўлганлигини кўриб, одам беихтиёр ҳайратга тушади. Бизнинг миллий адабиётларимизни боғлаб турадиган, уларни бирлаштирадиган кўп жиҳатлар бор.

Бир нечта лавҳаларда ўзбек-беларусь адабий алоқалари қиёфасини чизиб беришга ҳаракат қиламан.

1930-йиллардаёқ ўзбек китобхонига Беларусь халқ ўланчиси Янка Купаланинг номи маълум эди. 1932 йилда Ўзбекистонда меҳмон бўлган ёзувчилар Петро Глебка, Илларион Барашка, Микола Хведорович белорус адабий халқ ўланчиси Янка Купала ижоди ҳақида сўзлаб беришди. 1942 йилда Тошкент матбуотида унинг асрларидан қилинган дастлабки таржималар босилди. “Қизил Ўзбекистон” газетаси Янка Купаланинг “Беларусь партизанларига” номли машҳур шеърини чоп этди. 1942 йил 7 июлда, Янка Купала вафот этгандан кейин Беларусь Фанлар академияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бевосита иштирокида Беларусь халқ ўланчисининг ижодига бағишланган илмий анжуман ташкил қилди. 1943 йил 27 июнда Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетида Янка Купала шарафига бўлган илмий конференцияда белорус ва ўзбек адабиётшуноси, шоир ва таржимон Степан Лиходиевский маъруза қилди. Қайд этиш керакки, С. Лиходиевский кўп йиллар Тошкентда яшаб, ўзбек адабиётини рус ва белорус тилларига таржима қилиш борасида катта ишлар қилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса Тошкент Якуб Колас учун қадрдош шаҳарга айланди. Уруш йилларида Ўзбекистон пойтахтида унинг китоблари босилди, шоирга ёрдам қўлини аввало ўзбек ёзувчилари чўзишди.

Яна бироз ортга назар ташлаб, 1932 йилда белорус ёзувчиларининг Тошкентга сафари белорус адабиётида Ўзбекистон ва ўзбек адабиёти тақдимоти муқаддимасига ижобий улуш бўлиб қўшилганини таъкидлагим келади. П. Глебко, И. Барашко, М. Хведорович Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Қўқон шаҳарларига ҳам сафар қилишган. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш пайтидаги муҳим бир давр эди. Микола Хведорович “Ўзбекистонга” номли шеърида ўзбек деҳқонлари, пахтакорларининг меҳнатига тасаннолар а       йтган.

1930-йилларда Москве, Ленинград, Смоленск шаҳарларида, Украинада белорус адабиёти кечалари ўтказилганда, шулар қатори Ўзбекистонда ҳам ижодий тадбир ташкил этилган, бунда қатнашган белорус шоири Андрей Александрович кейинчалик шундай деб ёзганди: “…Биз ўз асарларимиз қаторида қардош халқлар шеъриятидан қилган таржималаримизни ўқидик… Бу учрашувлар ўзаро ижодий муносабатлар ўрнатилишига кўмак берди, қардошлик туйғулари ва халқлар дўстлигини ривожлантирди”.

Тез орада ўзбек шоири Уйғун Минскка меҳмон бўлиб келди. 1936 йилда у совет ёзувчилар уюшмаси бошқаруви пленумининг шеъриятга бағишланган кенгайтирилган йиғилишида қатнашди. Айнан ўшанда Уйғун Якуб Колас билан танишган эди. Орадан йиллар ўтиб, Уйғун: “Мен ўттиз йиллар аввал танишган эдим. Ўшанда мен Минскда ёзувчи ва шоирларнинг катта йиғинида қатнашгани келгандим. Лекин Якуб Коласнинг ижодини бундан ҳам аввалроқ билардим. Мен қатор жаҳон шоирлари ижоди қатори Якуб Колас ижодидан ҳам кўп нарсаларни ўрганганман”.

Якуб Коласнинг Тошкентдаги ҳаёти алоҳида мавзу. Агар шоирнинг Тошкентдаги ҳаёти ҳақида йўл кўрсаткич яратилса, ундан кўплаб газета, журнал ва нашриётларнинг номлари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шоир яшаган уй, уруш пайтида дўстлашган ўзбек шоир ва ёзувчиларининг исм-шарифлари ёзилган жуда кўп саҳифалар ўрин олади. Якуб Колас Тошкент, Ўзбекистонга кўплаб шеърлар бағишлагани бежиз эмас.

Беларусь ёзувчилари, таржимонлари ҳам ўзбек адабиётини фаол равишда ўзлаштириб, Шарқ ўлкасининг бой тарихи ва бугунги кунини акс эттируувчи асарларни белорус ўқувчисига етказишга ҳаракат қилдилар. 1946 йилда «Чырвоная змена» газетаси Ойбекнинг «Навоий» романи ҳақида мақола босди. 1948 йил 15 майда Беларуснинг бир йўла иккита етакчи газетаси “Звяздза” ва “Советская Белоруссия”да Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалар босилди. Бу мақолалар истеъдодли ўзбек ёзувчиси Ойбек эди.

1966 йилда таниқли белорус ёзувчиси Алексей Кулаковский “Ўзбек ҳикоялари” номли тўплам тузди. Шу йилиёқ ўзбек шоирлари шеърларидан тузилган “Солнце в арыках” номли тўплам белорус тилида чоп этилди. Бу иккала китобнинг сўзбоши муаллифи – Лазиз Қаюмов эди. 1966 йилда Минскда ўзбек эртаклари тўплами ҳам белорус тилига таржима қилиниб нашр этилди. Ўзбек халқ эртаклари 1959 йилда ҳам белорус тилига таржима қилиниб, босилган эди. 1967 йилда Минскда Зулфиянинг “Лирика” номли шеърий тўплами Эди Огнецвет кириш сўзи билан нашр қилинди. Айтиш керакки, Эди Огнецвет Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентда яшаган. Унинг бир қанча шеърий тўпламлари 1942-1946 йиллар оралиғида Тошкентда босилган.

Зулфия белорус адабиёти тарғиботи учун кўп ижобий ишларни амалга оширган. У Янка Купала, Эди Огнецвет, Максим Танк шеърларини ўзбек тилига ўгирди, Янка Купла ижоди ҳақида қатор мақолалар ёзди. 1981 йилда “Гулистон” журналида Янка Купаланинг машҳур “Ким келяпти?” шеъри ўзбек тилида чоп этилди. Бу таржима Минскда ҳам уч марта, жумладан, 2017 йилда Янка Купала шеърларининг 1001 тилга қилинган таржимаси жамланган китобда босилиб чиқди. Ўзбек таржимонларининг бу каби ибратли ишлари талайгина. Масалан, Владимир Корбан масаллари, Кастуся Киреенко, Владимир Короткевич, Ригор Бородулин, Павел Ковалёв шеърлари ўзбек тилида жаранглаган.

1985 йилда Зулфиянинг белорус тилида нашр этилган шеърий тўплами “Менинг юрагим шундай” деб аталади. Белврусларнинг ҳам худди ўзбеклар каби диллари, юраклари дўстлар учун очиқдир. Бугун ўртадаги чегараларга қарамай, ўзбек-белорус адабий алоқаларини янада ривожлантиришга барча имкониятлар мавжуд.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади
Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи Фарғонада интиқлик билан кутилган маҳорат сабоғи