"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Хендрик Боёшотен: «Қиссаси Рабғузий» асарини инглиз тилига таржима этиш устида иш олиб борганман»

Ўқилди: 117

Президентимизнинг “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари“ мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига табриги анжуман қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Тадбирнинг навбатдаги кунида конференция қатнашчилари кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрди.

Хендрик БОЁШОТЕН, нидерландиялик олим:

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини катта қизиқиш билан тингладик. Унда бугунги адабий жараёнларга холис, теран, чуқур, кенг ва таҳлилий баҳо берилиши билан биргаликда ўзбек адабиётини жаҳонга кенгроқ таништиришга оид амалий ечимлар ҳам келтирилгани барчанинг диққатини ўзига жалб этди. Табрикда айниқса, “Биз сизларнинг ҳар бирингизни ўзбек адабиёти ва маданиятининг моҳир билимдони ва жонкуяр тарғиботчиси, Ўзбекистоннинг чинакам дўсти, маънавият соҳасидаги ишончли ҳамкоримиз деб биламиз ва сизларнинг олижаноб фаолиятингизни юксак баҳолаймиз”, деган юксак эътироф ҳар бир иштирокчини қалбини тўлқинлантиргани, янги-янги ижодий марраларга чорлагани шубҳасиз.

“Қиссаси Рабғузий“ асарини инглиз тилига таржима этиш устида иш олиб борганман. Ўзбекистонга 1983 йилда келган эдим. Шунча йиллар ўтиб яна бу табаррук диёрга келишга муваффақ бўлдим. Ўтган вақт мобайнидаги ўзгаришлар ҳақида сўзласам, бир кун ҳам етмайди. Ўзбекистон дадил тараққиёт йўлига кирган. Эҳтимол юртингизда рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар шу заминда истиқомат этаётган одамларга унчалик ҳам сезилмас, лекин ташқаридан келган меҳмон ёки сайёҳга дарҳол билинади.

Армине МАРТИРОСЯН, арманистонлик таржимон:

– Анжуман иштирокчиларига йўлланган табрик ғоят самимий, чин дилдан, адабиёт, таржима санъатини нозик ва теран англаган тарзда йўлланган. Дарҳақиқат, Ўзбекистон ғоят бой адабий, илмий-маърифий меросга эга. Буларнинг барини жаҳонга тақдим этишда эса таржимон маҳорати, мутаржимлик мактабининг ўрни беқиёс.

Конференция доирасидаги тадбирларда Ўзбекистонда ижод аҳли учун яратилаётган кенг имконият ва шароитлар, ёзувчи ва шоирларнинг меҳнатини қўллаб-қувватлаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг адабиётга бўлган меҳр ва эҳтиромини янада кучайтириш, истеъдодлар сафини кенгайтириш борасидаги ишлар давлат раҳбарининг доимий эътиборида эканининг гувоҳи бўлдик.

Бу конференцияда “Ўзбек мумтоз адабиётида рубоийнинг роли“ мавзуидаги маъруза билан қатнашдим. Катта ва бебаҳо хазинага эга бу меросга қизиқувчи олимлар, адабиётшунослар, мутаржимлар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, юртингизнинг адабий жараёни билан кенгроқ танишиш имконига эга бўлганимдан ғоят мамнунман.

Инг Ёнг О, Жанубий кореялик олим:

– Президент Шавкат Мирзиёев табригида адабиётнинг бугунги мураккаб глобаллашув даврдаги масъулиятли, ҳам эзгу ва инсонпарвар вазифаси хусусида атрофлича тўхталиб ўтилгани эътиборга молик.

Ўзбек адабиётини жаҳонга кенгроқ танитишда таржима муҳим ўрин эгаллайди. Шу маънода табрикда келтирилганидек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошида чет эллик адабиётшунос мутахассислар иштирокида Ўзбек адабиётининг хорижий дўстлари кенгашини тузиш таклифи диққатга сазовордир.

Ўзбек адабиётининг фольклор йўналиши бўйича илмий изланиш олиб бораман. Ушбу халқаро конференция ўзбек миллий адабиётига қизиқувчи олимлар, таржимонларнинг келгусидаги илмий изланишлари учун яхшигина манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Назокат Усмонова ёзиб олди, ЎзА
Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Иван  Буниннинг “Тийрамоҳ” номли китоби тақдимоти Иван Буниннинг “Тийрамоҳ” номли китоби тақдимоти
Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч… Барно Солиева: Кўзларимдан тўкилса соғинч…
Кутаётир онам, ВАТАНИМ! Кутаётир онам, ВАТАНИМ!
Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча ўтказилади