"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабий ўйлар: Адабиёт маркет ҳам, маркетинг ҳам эмас

Ўқилди: 306

Шушдаги ўша оқшомни жуда яхши эслайман, биз айвонда ўтирардик, мен тўқиб-бичган “ижод”­имни отам, онам ва сингилларимга ўқиб беряпман… Ўқиб бўлганимдан кейин… Отамнинг кўзларидаги ифода бутун умр хотирамга муҳрланиб қолган: бу ҳайрат, қувонч ва афсус аралаш бир ифода эди. Унинг сўзлари ҳам ёдимда: “Мана, сен ҳам ёзувчи бўлдинг…”. Отам айнан шундай деди, ҳолбуки, менинг ёзган нарсамга қараб, бундай хулосага келиб бўлмас эди. Биласизми, у афсуслангандай хўрсиниб шундай     деганди. Албатта, отам бундай тақдир эгасининг ҳаёти енгил бўлмаслигини биларди.

* * *

Ёзувчи даромадни кўзлаб, шуҳрат ёки пул учун эмас, машаққат чекиб топган фикрлари, бошидан кечирганлари, ўзининг руҳий ҳолати ва маънавий оламини ким биландир бўлишиш истагини туйгани учун ёзади. У ёзмаса туролмагани учун ёзади. Қолган нарсалар унинг учун муҳим эмас, балки улар асосий ишининг ортидан эргашиб келадиган нарсалардир.

* * *

Менинг насрдаги, кинодаги деярли барча асарларимни аввалига ўткир тиғ билан кутиб олишган, лекин йиллар ўтиб, улар адабиётда муносиб ўрнини эгаллади.

* * *

Ҳар бир ёзувчи, агар ҳақиқий ёки сохта ютуқлари билан кўзи қамашиб қолмаган бўлса, ўзига етарли даражада танқидий қараши лозим. Йўқса, у ўз-ўзига маҳлиё бўлишдек хавфли касалликка учрайди.

* * *

Биз виртуал замонга кириб келдик, бу ерда китобхонликка қандайдир овлоқ жойлар ажратилган. Шу боис ҳақиқий адабиётни севган, мутолаага қизиқишини сақлаб қолган кишилар янада қадр топа борадилар.

* * *

Баъзилар ўзини кўрсатиш учун маданий қадриятларга қўл кўтарадилар, улуғ кишиларга ёпишадилар. Бу самарасиз нигилизм, мен буни бир сўз билан “Герастрат комплекси” деб атаган бўлардим.

* * *

Ватанпарварлик мен учун тантанали равишда эълон қилинадиган сўзлар эмас, у эзгу ишларни, ўз вазифасини сидқидилдан адо этишдир. Мен учун беморларни муваффақият билан операция қиладиган, лекин ватанпарварлик ҳақида гапирмайдиган малакали жарроҳ ҳеч нимани эпламайдиган, лекин ватанпарварлик ҳақида оғиз кўпиртирадиган нодондан кўра кўпроқ ватанпарвардир.

* * *

Муаммоси бўлмаган ёзувчининг ўзи йўқ. Лекин ижод одамни баъзи бир муаммолардан қутқаради. Ҳар ҳолда менда шундай: агар шу ҳақда ёзмасам, муаммо мени ғажийди, ботинимда яшаб, мени ич-ичимдан хароб қилади. Муаммо ҳақида ёза бошласам, ўзимни шу азобдан халос бўлгандай сезаман.

* * *

Ёзувчилик маънавий эҳтиёждан, одамларга ўз сўзини етказиш истагидан, ўз халқига, ўзи яшаётган жамиятга хизмат қилиш хоҳишидан, дилидагини айтиш заруриятидан келиб чиқади. Агар сенда бунинг учун истеъдод бўлса, оғир меҳнат қилишга тайёр бўлсанг, унда шу ишни танлайвер.

* * *

Баъзан беор танқидчи ўртамиёна муаллифни шу қадар юксакка кўтариб, унга шунақанги мадҳу сано ўқийдики, беихтиёр: “Тилимизда Фузулий, Вагиф, Мирза Фатали, Собир, Мирза Жалилга муносиб эҳтиромимизни муносиб тарзда баён этадиган сўзлар тугаб қолмадими?”, дегинг келади. Афсуски, бу ҳозирги кунимизнинг аччиқ ҳақиқатидир.

* * *

Истеъдодли одам бошқа бир истеъдод эгасига ҳеч қачон ҳасад қилмайди. Ўзгаларнинг муваффақиятига ҳасад қилиш омадсизларга хос нарса.

* * *

Ёзувчи, аввало, ўзгача нигоҳ эгасидир. Ёзувчида ақлли бошдан ташқари яна англашга арзигулик кўп хусусиятлар борки, буларга ўрганиб бўлмайди. Бу – ҳам ҳаётий тажриба, ҳам заковат, шу билан бирга, ҳиссий тузилмалар. Чунки биргина заковат билан фақат мушоҳадага асосланган мавҳум санъат яратиш мумкин. Агар бунда қалб, юракдан чиққан қандайдир жўшқинлик, шиддатлар бўлмаса…

* * *

Адабиёт маркет эмас, маркетинг ҳам эмас, у бозор қонунларидан келиб чиқиб бошқариб бўладиган соҳа ҳам эмас. Эҳтимол, ортимиздан келаётган авлод ижодий тузилмаларни бозор қонунларига асосланиб бошқарар. Бўлиши мумкин. Лекин бу бизга тўғри келмайди.

* * *

Балки бу баландпарвозлик бўлиб туюлар, лекин мен ҳамиша ўзимни зиммасига улуғ вазифа юкланган одам деб ҳис қилардим, шу менга куч берарди. Мана шу вазифа мени ҳар вақт тетик тутиб туради. Мен ўлимдан қўрқмайман, биламанки, ўйлаб қўйган барча ишларимни бажармагунча кетмайман.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Халқаро конференция, Янгиликлар

Қўшимча:

Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти Неъмат Арслоннинг “Савти сарвиноз” китоби тақдимоти
Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим Миллий армиям – ифтихорим, ғурурим
Мард ўғлонлар номи барҳаёт! Мард ўғлонлар номи барҳаёт!
Адиб даҳосига эҳтиром Адиб даҳосига эҳтиром