"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Улуғ қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг таваллуд куни кенг нишонланди

Ўқилди: 70

Пойтахтимизда 10 август – улуғ қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев таваллуд топган кун кенг нишонланди. 

Шоир ҳайкали қад ростлаган сўлим гўшага Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Фанлар академияси, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, миллий маданият марказлари, дипломатик корпус вакиллари, Шарқий Қозоғистон вилоятидан келган делегация аъзолари, ёзувчи ва шоирлар, ёшлар тўпланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими ўринбосари Асем Нусупова, Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат ва бошқалар икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабати, барча соҳалардаги ҳамкорлик адабий алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлади. Икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда адабий алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Қозоғистондан Ўзбекистон йили, деб эълон қилиниши, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 13 мартда “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани икки қардош халқнинг бир-бирига ҳурмат-эътиборининг мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Тадбирда Абай шеърларидан намуналар ўқилди.

Йиғилганлар шоир ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” ҳамда “Ўзбек-қозоқ адабий алоқалари” китобларининг тақдимоти ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо очди ва олиб борди.

Тақдимотда Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади.

Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш икки халқ ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатликни, адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Юқорида келтирилган қарор ижроси доирасида Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек-қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрланиб, чоп этилди.

Мазкур китобларнинг тақдимот маросимида ёшлар томонидан Абай ижодидан намуналар ўқилди, қозоғистонлик санъаткорларнинг куй-қўшиқлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Янгиликлар

Қўшимча:

Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб… Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб…
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради
Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди